Театр чизмаси топилмади

“Дийдор” ёшлар экспериментал театр студияси

18.02.2021 05:41

“Дийдор” ёшлар экспериментал театр студияси. 1989 йилда ташкил этилган. Театр студия ўз фаолиятини ўзбек миллий театр санъатини янада ривожлантириш, ватанимизнинг бой тарихи, аждодларимизнинг ўлмас меъросини, бугунги замонавий қаҳрамонлар сиймосини акс эттирувчи бадиий баркамол асарлар яратиш орқали халқимиз маънавиятини бойитиб бориш, ёш авлод қалби ва онгига эзгулик, ватанпарварлик туйғуларини сингдиришда театр санъатини ривожлантиришдан бошлаган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 20 февралдаги 43-сонли қарори асосида “Дийдор” театр студияси негизида давлат муассасаси ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 266-сон Қарори билан “Дийдор” ёшлар экспериментал театр студияси давлат муассасасини ташкил этиш тўғрисида таклиф маъқулланган ва шу кунга қадар фаолият юритиб келмоқда.

Театр студия”нинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:

- мамлакатимизда театр санъатини янада ривожлантириш, театрлаштирилган оммавий тадбирларнинг ғоявий-бадиий савияси ва таъсирчанлигини кучайтириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини ошириш, юқори малакали театр ижодкорларини амалий тайёрлаш;

-театр, театрлаштирилган оммавий тадбир режиссёрлари ва актёрларининг янги авлодини вояга етказиш, уларни кашф этиш ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш;

-ёшларнинг ижодий фаоллигини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, соҳадаги илғор услубларни миллий руҳ билан уйғунлаштирилган ҳолда театр санъатига тадбиқ этиш;

- турли маданий-маърифий тадбирлар, гастроллар, кўрик-танловлар, таниқли манъаткорлар билан учрашув ва анжуманлар, режиссёр ва актёрлар учун маҳорат дарслари ва театр санъатидан сабоқ берувчи ўқув машғулотлари ўтказиш, жаҳон маданият ва санъатининг ёрқин намуналари билан таништириш орқали уларни баркамол инсонлар бўлиб камол топишларига кўмаклашиш;

- Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институти, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаларининг тажриба-амалиёт дарсларини театр-студияда ташкил этиш;

- театр-студияга жалб этилган иқтидорли ёшларни қобилиятларини тўла рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратиш ва уларга турли машғулотлар ўтказиш учун мамлакатимиз ва хориждан тажрибали педагогларни таклиф этиш;

- театр-студияда устоз-шогирд анъаналарига таянган ҳолда истеъдодли ёшларга миллий ва жаҳон театр санъати назарияси бўйича таълим-тарбия бериш, изланишлар олиб бориш ва улар билан ўқув спектакллар саҳналаштириш.

Театр-студияда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, режиссёр Бахадир Юлдашев бадиий раҳбарлик қилади. Театр-студияда бадиий раҳбарлигида Узеир Гаджибековнинг “Аршин мололан”, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, У.Шекспернинг “Қийиқ қизнинг қуйилиши”, спектакллари намойиш этилди ва кенг томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Бундан ташқари, Бахадир Юлдашев “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалида бош режиссёр сифатида ҳамда Мустақиллик, Наврўз, 8 декабр конституция куни сингари кўплаб саналарга бағишланган тадбирларни саҳналаштириб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 31 октябрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш” тўғрисидаги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Зулфиянинг “Ёдим синиқлари” спектакли давлат буюртмаси асосида саҳналаштирилиб, 2015 йил Республикамиз бўйлаб халқимизга намойиш этилиб, томошабинлар ва кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олиниб ва юқори савиядаги томошабинбоп етук спектакль сифатида эътироф этилган.

Театр-студияда ёш актёрларга “Актёрлик санъати”, “Саҳна нутқи”, “Жахон театр тарихи”, “Рақс, пластика”, “Вокал”, “Дутор”, “Бутафория”, “Грим”, “Қиличбозлик санъати” йўналишлари бўйича мутахассис ўқитувчилар томонидан дарслар ўтилади. Ўқув дарсларини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актер ва актрисалар ҳамда малакали ўқитувчилар дарс олиб боришади.