Хоразм вилояти мусиқали драма театри

18.02.2021 05:18

Театр тарихига назар ташласак, бу отахон театр 1922 йилнинг 22 апрель куни Хоразмнинг пойтахти Хива шаҳрида ташкил этилган. Ўз даврнинг таниқли 12та иқтидорли санъаткоридан ташкил топган Хоразм театри ижодий фаолиятини шу тариқа бошлаган. Жамоага илк режиссёр сифатида рахбарлик қилган Муҳаммад Шариф Полвонов театр фаолиятини кичик саҳна асарларини саҳналаштиришдан бошлади ва кейинчалик у тўлақонли драматик асарларни саҳналаштира бошлади. Тез орада ижодий жамоа халқ орасида ҳурмат топа бошлади. Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи”, “Хива инқилоби”, “Туҳматчилар жазоси”, “Заҳарли ҳаёт ёхуд ишқ қурбонлари”, “Фарғона фожеалари”, Маннон Уйғурнинг “Туркистон табиби”, Ғулом Зафарийнинг “Эрк болалари”, У.Хожибековнинг “Аршин Мол Олон”, “Эр ва хотин” каби пьесалари саҳнага олиб чиқилди. 1923 йилда Хивада биринчи марта Фотихий Бурношнинг “Зуҳра ва Тоҳир” асарини саҳнага қўйилиши Хоразм саҳна санъатининг катта ютуғи бўлди. Театрнинг илк устунлари саналган Муҳаммад Юсуф Харратов, Мадраҳим Ёқубов (Шерозий), Комилжон Отаниёзов, Қадам Қутлиев, Жуманиёз Калантаров, Шариф Оллаёров, Самандар Сарайманов, Умар Қурбоний, Рўзмат Юсупов, Саодат Мухторова, Ҳаётхон Абдуллажонова, Ғани Жалил каби фидойи санъаткорларни ҳурмат билан эсга оламиз. 1933 йилда Хоразмнинг маркази Урганчга кўчганлиги сабабли театр жамоаси ҳам Хоразмнинг янги пойтахти Урганчга кўчирилади ва театр “Хоразм округ давлат мусиқали драма театри” номини олади. Труппага Салим Ҳўжаев, Салоҳиддин Камолов, Карим Раҳимов, Ваҳобжон Фаёзов, Солиҳ Девонов, Раззоқ ота Омонов, Оҳунжон қизиқ Ҳузуржонов, Ўрозгул Ғойипова, Назира Юсупова, Ражаббиби Бойжонова, Раҳмон Оллаберганов, Маҳмуджон Сафоев, Онабиби Полвонова ва В.Ф.Каминскийлар келиб қўшилади. Шу даврда ёзувчи, драматург ва режиссёр Абдулҳамид Мажидий театрга бошчилик қилади. Режиссёрлар Зуҳур Қобулов, Сайфи Олимов, Армуғон Мухаммедов, дирижёр Шариф Рамазонов, балетмейстер Тамарахонимлар ҳам театр бош режиссёри Л.В.Леоновга яқиндан ёрдам бериб театр ривожига ўзларининг муносиб хиссаларини қўшдилар. Шунингдек, Р.Худоёров, Юсуфжон қизиқ, С.Мусаева, Р.Абдураҳмонова, Р.Шокиров, И.Қосимов, А.Турдиев, М.Отажонов, Б.Деванова, О.Сафоев, Х.Нодирова, Қ.Бобожонов каби кўплаган иқтидорли актёр ва созандалар, режиссёр ва рассомлар ҳамда қатор театр ташкилотчиларининг жамоага келиб қўшилиши театрнинг янада юксак поғоналарга кўтарилишига, унинг мусиқали драма театрига айланишига сабаб бўлади. Ана шундай катта куч ва имкониятга эга бўлган театр жамоасининг йилдан-йилга репертуари бойиб, саҳнада янгидан-янги саҳна асарлари намойиш қилина бошлайди. Жумладан, К.Яшиннинг “Ёндирамиз”, “Номус ва муҳаббат”, “Гулсара”, “Тор-мор” Н.Сафаровнинг “Уйғониш”, Хуршиднинг А.Навоий поэмаси асосида яратилган “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин” мусиқали драмалари, Ҳ.Ҳ.Ниёзийнинг “Майсаранинг иши”, “Холисхон”, Уйғуннинг “Ҳаёт қўшиғи”, “Навбаҳор”, “Олтинкўл”, А.Қаҳҳорнинг “Янги ер”, “Оғриқ тишлар”, Б.Раҳмоновнинг “Юрак сирлари”, “Сурмахон”, О. Ёқубовнинг “Чин муҳаббат”, Иззат Султоннинг “Алишер Навоий”, Ойбекнинг “Қутлуғ қон”, С.Абдулланинг “Муқимий”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Алпомиш”, Ҳ.Олимжоннинг “Семурғ”, Ю.Юсуповнинг “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, Ҳ.Ғуломнинг “Тошболта ошиқ”, М.Каримнинг “Ой тутилган тунда”, “М.Ашрафийнинг “Дилором”, Шуҳратнинг “Беш кунлик куёв” комедияси, татар ёзувчиси Озод Абдуллаевнинг “Ўн учинчи раис” каби асарлари театр репертуаридан муносиб ўрин олди ва томошабинлар қалбида муҳрланиб қолди. Театрда чет эл ва рус классик драматургиясининг энг яхши таржима асарлари ҳам муваффақият билан саҳналаштирила бошлади. Булар К.Горцининг “Маликаи Турондот”, Н.В.Гоголнинг “Ревизор”, А.С.Пушкиннинг “Хасис рицарь”, А.Н.Островскийнинг “Сепсиз қиз”, “Айбсиз айбдорлар”, Мольернинг “Скапеннинг найранглари”, Ф.Шиллернинг “Макр ва муҳаббат”, Н.Думбадзенинг “Хуш келибсиз”, Шекспирнинг “Гамлет”, Э.Роблеснинг “Ўлимдан кучли” асарларидир. 1959 йил театрга “Огахий номидаги Хоразм Давлат мусиқали драма ва комедия театри” номи берилади. Бу даврда театрнинг ижодий жамоаси малакали кадрлар, иқтидорли ижодкорлар ҳисобига ўсиб борди. Устоз санъаткорлардан: Хошим Исломов, Хабиб Оппонов, Ибодулла Ниёзметов, Отахон Оллаберганов, Рўзмат Худоёров, Бекжон Отажонов, Қадам Раҳимов, Санъат Девонов, Мадрим Бобожонов, Отамурод Бекчонов, Султонпошша Раҳимова, Шуҳрат Девонов, Салоҳиддин Камолов, Аваз Жуманиёзов, Раҳматулла Матқурбонов, Одамбой Бобожонов, Ходивой Накиев, Матназар Ниёзметов, Бикажон Раҳимова, Зоя Ғаффорова, Оразқилич Тоғанов, Жумабой Нурлаев, Пўлат Матёқубов, Ширин Рамазонова ва бошқаларнинг театр санъатини ривожлантириш борасидаги хизматлари беқиёс бўлди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 2 ноябрь “Вилоят театрларнинг юбилейларини ўтказилиши тўғрисида”ги 277-сонли Қарорига асосан Хоразм вилоят мусиқали драма театрининг 70 йиллик юбилейи 1992 йил 2 декабр куни тантанали равишда нишонланди. Айниқса, мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейинги давр мобайнида театр репертуаридан жой олган турли мавзулардаги, истиқлолимизни тараннум қилувчи, замон руҳига мос воқеалар акс эттирилган миллий урф-одатларимиз, ватанпарварлик, меҳр-муҳаббат, инсоний туйғуларни тараннум қилувчи тарбиявий аҳамиятга эга бўлган асарларнинг саҳналаштирилиши театр фаолиятининг янада юксалишига сабаб бўлди. Жумладан, А.Навоийнинг “Лайли ва Мажнун”, Х.Расулнинг “Тили асалим”, “Дилбар юраклар”, Ю.Юнусовнинг “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” мусиқали драмалари, К.Авазнинг “Жобби жужакнинг хийласи”, “Марварид таққан аёл”, “Авесто меҳр фарзанди”, “Гулиравза”, “Шоҳ бўлди ишқ ичинда” “Сўнган умидлар”, “Феруз”, ”Дилбанди Хива” ”Ташкилдаги хангома”, А.Несиннинг “Жонгинам жонимни ол”, Э.Самандаровнинг “Жалолиддин Мангуберди”, “Араб Муҳаммадхон”, Ж.Пуарени “Алдагани хотин яхши”, Ғ.Ғуломнинг “Хасан Кайфий”, Ж.Маҳмуднинг “Тамға” “Эшмат тажанг уйланармиш”, М.Хайруллаевнинг “Нур қилич”, Б.Нушичнинг “Чироғимни ким ёқади”, Э.Воҳиднинг “Иккинчи тумор”, Э.Хушвақтовнинг “Чимилдиқ”, Н.Салаевнинг “Юракдаги жароҳат”, “Тўмарис”, “Химмат”, М.Асадулланинг “Менинг нафсим балодур”, К.Матризаевнинг “Бугуннинг шум боласи”, “Олтин топган қуллар”, Н.В.Гогольнинг “Ревизор”, С.Сирожиддиновнинг “Уйингизга совчи кетди”, “Осмондан тушган бахт” И.Ниёзметовнинг “Ёлмоғизбика”, Гулчеҳрабонунинг “Қайнона кўрмаган келин” шунингдек, болалар учун саҳналаштирилган турли мавзулардаги томошалар бунга мисол бўла олади. Бугунги кунда Хоразм театр санъатининг ривожига улкан хисса қўшаётган театр соҳасининг фаолларидан Султонназир Бобожонов, Гулора Раҳимова, Комил Тожибоев, Бахтиёр Омонбоев, Жўрабек Рўзметов, Қодирберган Искандаров, Арслон Авезов, Одамбой Абдуллаев, Хажихон Артиқов, Гулнора Қурбонова, Қутлимурод Яқубов, Азимбой Отажонов, Рустам Нурметов, Мейлибой Давлетов, Баходир Рўзметов, Дилора Нурманова, Баходир Бекмуродов, Жуманазар Шомуродов, Алишер Йўлдошев, Жуманазар Маткаримов, Собир Жуманиёзов, Раҳимберган Қўчқоров, Маматраҳим Неъматов, Зулфия Отаева, Собир Қодиров, Тозагул ва Манзура Ўрозбоевалар, Қуронбой Ибрагимов, Фарид Худойберганов, Нурулла Абдураимов, Мансур Қурязов ва кўплаган бошқа ижодкорларни ҳурмат билан тилга оламиз. Айниқса, Мустақиллик йилларида Ўзбек театр санъатини тарғиб этишда халқимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган ижодий баркамол театр ходимлари Ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланиб келмоқдалар. Жумладан, Ўзбекистон халқ артисти унвони билан санъаткорлардан Бикажон Раҳимова, Гулора Раҳимова, Ширин Рамазонова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвони билан актёрлардан Бекчон Отажонов, Хажихон Артиқов, Одамбой Бобожонов, Шухрат Девонов, Бахтиёр Омонбоев, Оразкилич Тоганов, Жумабай Нурлаев, Комилбай Тожибоевлар тақдирландилар. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият хидими” фахрий унвони билан театр директори Султонназир Бобожонов 2002 йилда, театр актрисаси Тозагул Ўрозбоева эса 2012 йилда тақдирландилар. Театр жамоаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг фармон ва қарорлари ҳамда Давлат дастурларининг бажарилиши борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Диққатга сазовор жойи шундаки, айниқса театрда таъмирлаш ишлари ўз ниҳоясига етказилгандан кейин унинг репертуарида янгидан-янги асарлар сони кўпая бошлаб томошабинларга таъсирчан, мазмундор, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган асарларни саҳналаштирилишига катта эътибор қаратила бошланди. Бугунги кунда театр ижодий жамоасининг тўлақонли ижод қилиши учун зарур бўлган барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Эътиборли томони шундаки, театр раҳбарияти томонидан айниқса ёшларга кенг йўл очиб берилган бўлиб уларнинг ижод қилишлари учун зарур бўлган барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Натижада, театр ёшлари томонидан ижодий жараён янада жонланиб саҳнада ёшлар миллий қаҳрамон қиёфасида гавдалана бошладилар. Ҳозирги кунда театр жамоасида бош режиссёр Жўрабек Рўзметов, режиссёрлар Одамбой Абдуллаев, Қутлимурод Яқубов, Азимбой Отожановлар турли мавзулардаги спектаклларни саҳналаштириб томошабинларга тақдим қилмоқдалар. Жумладан, ўтган 2009 йилда Б.Аппаевнинг асари “Келин ўғирлаш” комедияси режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Х.Артиқов томонидан саҳналаштирилиб томошабинларга тақдим қилинди. Театрнинг етакчи актёри А.Юлдашев сценарийси асосида саҳналаштирилган “Афандилар” ҳажвий томошаси жамоатчилик кўригидан муваффақиятли ўтиб омма олқишига сазовор бўлди. М.Беҳбудий асари “Падаркуш ёхуд ўқимаган боланинг холи” пьесаси театрнинг бош режиссёри Ж.Рўзметов томонидан саҳналаштирилиб бу спектакль ҳам томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. 2010 йил “Баркамол авлод йили” муносабати билан театрда Шароф Бошбековнинг “Тикансиз типратиканлар” драмасини ёш режиссёр Усмон Қаландаров, Усмон Азимнинг “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали драмасини театрнинг бош режиссёри Жўрабек Рўзметов, Хосият Бобомуродованинг “Бола кўтарган аёл” мусиқали драмасини режиссёр Одамбой Абдуллаев, Охунжон Хакимнинг “Хайдар хўроз” комедиясини режиссёр Қутлимурод Яқубовлар саҳналаштириб ушбу спектакллар томошабинлар томонидан ниҳоятда илиқ кутиб олинди. Театр саҳнасида саҳналаштирилган Шароф Бошбековнинг “Тикансиз типратиканлар” спектакли билан жамоа ёшлари 2010 йилнинг 25-30 март кунлари “Баркамол авлод йили”га бағишлаб ўтказилган Республика ёш режиссёрларнинг “Дебют-2010” кўрик-танловида фаол қатнашдилар. Ушбу нуфузли кўрикда театрнинг бош режиссёри Ж.Рўзметов ва спектаклни саҳналаштирган ёш режиссёр У.Қаландаровлар танлов ташкилотчилари томонидан муносиб тақдирландилар. Мазкур кўрик-танловда ёш режиссёрлар билан бир каторда ёш актёрларнинг ҳам ижодий салоҳияти, маҳорати кенг намоён бўлди. 2011 йилда Жўра Маҳмуднинг “Осмондан танга ёққан кун” комедиясини ёш режиссёр Азимбой Отажонов саҳналаштирди. Жўра Ҳудойқуловнинг “Фолбин” комедиясини эса ёш, иқтидорли режиссёр Қутлимурод Яқубов саҳналаштирди. Шунингдек, Қўчқор Норқобилнинг “Олисдаги одамлар” драмасини ҳамда Е. Шварцнинг “Қор маликаси” асари асосида “Қор маликасини ўйнаймиз” янги йил спектаклини театрнинг бош режиссёри Жўрабек Рўзметов саҳналаштириб томошабинларга тақдим қилди. 2012 йилда Эркин Самандарнинг “Дилда борим” мусиқали комедиясини театр бош режиссёри Ж.Рўзметов саҳналаштирди. Жўрабек Рўзметовнинг “Хайр эртак” мусиқли драмасини ёш иқтидорли актёр Хамид Собиров, Рустам Алиевнинг “Тўхтабурун уйланди” асари асосида “Куёв бобо” комедиясини режиссёр Қутлимурод Яқубов, рус ёзувчиси А.С.Пушкиннинг “Балиқчи ва балиқ эртаги” асосида (Миртемир таржимаси, М.Қурязов инсценировкаси) “Олтин балиқ” эртак спектаклини режиссёр Одамбой Абдуллаевлар томонидан саҳналаштирилди ва томошабинларга тақдим этилди. 2013 йилда Қурбон Муҳаммодризонинг “Махтумқули” мусиқали драмасини театрнинг режиссёр Ж.Рўзметов, Эркин Усмоновнинг “Орзуимдаги келин” комедиясини етакчи актёр Алишер Йўлдошев, Комил Авазнинг “Паймона” драмасини режиссёр Хоживой Ортиқов, И.Ниёзметов ва О.Абдуллаевларнинг “Ялмоғизбика” болалар спектаклини режиссёр Одамбой Абдуллаев, 2014 йилнинг ярим йиллиги давомида Рихсивой Муҳаммаджоновнинг “Ойдин” драмаси режиссёр Азимбой Отажонов томонидан саҳналаштирилиб томошабинларга намойиш этилиб келинмоқда Ҳозирги кунда жамоада ўзаро дўстона муҳит, иш интизоми ҳамда катталарга ҳурмат каби инсоний хислатларга катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, театрда устоз-шогирд анъаналарига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб устоз санъаткорлардан О.Абдуллаев, Г.Раҳимова, Х.Ортиқов, К.Тожибоев, С.Жуманиёзов, Ж.Шомуротов, А.Йўлдошев, З.Отаева, Д.Нурманова, Қ.Искандаров, С.Қодировлар ёшларга саҳна сирларини астойдил ўргатиб келмоқдалар. Натижада, Нодира Бекчанова, Рустам Нурметов, Икром Эшназаров, Хикмат Матёқубов, Баҳодир Рўзметов, Манзура Ўрозбоева, Руслан Оллоберганов, Санъат Отажонов, Дилафрўз Каримова, Фарҳод Болтаев, Санобар Давлетова, Бобомурод Ўтабоев, Ботир Исмоилов, Хўжаниёз Отажонов, Лайло Машарипова, Сардор Бобожонов каби кўплаб ёш иқтидор эгалари етишиб чиқмоқда.