Жиззах вилояти мусиқали драма театри

17.02.2021 10:14

Жиззах вилояти мусиқали драма театрининг ижодий фаолияти 1921 йилдан бошланади. Дастлаб ҳаваскорлик драма тўгараги асосида сайёр театр гурухи ташкил қилинган. 1927 йилдан сиёсий-оқартув бўлими ихтиёрига олиниб, «Кўк кўйлак» агиттеатри номи берилди. А.Аҳмедов, Б.Ойматов, С.Қосимов, А.Абдураззоқов, О.Шерназаров, Т.Шарипов, Ю.Иўлдошев, П.Носиров, И.Каримов, С.Холдоров, М.Саъдуллаева, А.Йўлдошева, X.Усмонова, И.Ҳақбердиева кабилар театрнинг дастлабки ижодкорларидир. «Ҳалима» (режиссёр П.Носиров) театрда саҳналаштирилган илк спектаклдир. Кейинроқ «Аршин мололон» (У.Ҳожибеков), «Бухоро жаллодлари» (С.Айний), «Туxматчилар жазоси» (Ҳамза), «Лолахон» (К.Яшин) каби спектакллар қўйилди. 1932 йил «Кўк кўйлак» агит театри Самарқанд колхоз-совхоз театрига айлантирилди. С.Жўрабоев бадиий раҳбар этиб тайинланди. Театр репертуаридан «Пахта шумғиялари» (У.Исроилов), «Гулсара» (К.Яшин, М.Мухамедов пьесаси, Т.Жалилов мусиқаси), «Уйғониш» (Н.Сафаров), «Маликаи Турандот» (К.Гоцци) ва бошқа спектакллар ўрин олди.

Иккинчи жахон уруши йилларида театр давр руҳига мослаб «Даврон ота» (К.Яшин, С.Абдулла, Т.Содиқов, А.Козловский мусиқаси), «Фронт» (А.Корнейчук), «Қурбон Умаров» (С.Абдулла, А.Чустий, Т.Жалилов мусиқаси), «Ўлим босқинчиларга» (К. Яшин) сингари асарларни саҳнага қўйди.

Урушдан кейин театр репертуари мазмунан бойиди, театр саҳнасидан асосан қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш, тенгсизлик мавзуси, янги ерлар очишдаги қаҳрамонликлар, ватанпарварлик руҳидаги спектакллар ўрин олди. «Бой ила хизматчи», «Холисхон» (Ҳамза), «Нурхон» (К. Яшин), «Шоҳи сўзана» (А.Қаҳҳор), «Далада байрам» (Ш.Саъдулла) ва бошқалар шулар жумласидандир. 1957 йил колхоз-совхоз театрларининг бирлашиши муносабати билан Жиззах колхоз-совхоз театри группаси аъзолари Самарқанд ва Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрлари ихтиёрига ўтказилади. Актёрларнинг бир қисми Жиззахда қолиб, С.Холдоров ва X.Тошпўлатов раҳбарлигида Н.Азимов, М.Раҳматова, С.Жўраев, Р.Сатторовалар билан бирга драма тўгараги ташкил этишди. «Заҳарли ҳаёт», «Туҳматчилар жазоси» (Ҳамза), «Шоҳи сўзана» (А.Каҳҳор) каби спектаклларни саҳналаштирдилар. 1960 йилда «ҳалқ театри» унвонига сазовор бўлди. 1964 йил янги Сирдарё театри ташкил этилиши муносабати билан мазкур халқ театри ўзагида Сирдарё вилояти мусиқали драма театри ташкил қилинди. Юнус Ҳўжаев бош режиссёр, А.Шодмонқулов бош рассом этиб тайинланди. Жиззахда фаолият кўрсатаётган халқ театри артистлари ҳам театрга келиб қўшилди. «Жон қизлар» (К.Шанғитбоев, К.Бойсеитов; А.Муҳамедов мусиқаси) спектакли билан ўз фаолиятини бошлади. «Тошболта ошиқ» (Ҳ.Ғулом, М.Левиев мусиқаси), «Аяжонларим» (А. Қаҳҳoр), «Парвона» (Уйғун), «Ёшликда берган кўнгил» (3.Фатхуллин, Д.Зокиров мусиқаси), «Лайли ва Мажнун» (Хуршид, Т.Содиқoв, Р.Глиер мусиқаси), «Алпомиш» (С.Абдулла, Т.Жалилов, Г.Собитов мусиқаси), «Алишер Навоий» (Уйғун, И.Султон), «Алдар куса» (Ш.Ҳусаинов), «Макр ва муҳаббат» (Ф.Шиллер), «Зўраки табиб» (Ж.Мольер) ва бошқа пьесалар саҳналаштирилди. 1974 йил Жиззах вилояти ташкил этилиши муносабати билан Сирдарё театри Жиззах вилоят мусиқали драма театрига айлантирилиб, 1988 йилда Юнус Ражабий номи берилди. Ғ.Ҳамидуллаев, кейинчалик Ғ.Искандаров бош реж, С.Нажафов бош рассом, А.Абдурахимов бош дирижёр, Д.Каримов бош балетмейстер қилиб тайинланди. Шу вақтларда театр камолот сари юксалиб борди. Шунингдек, актёрлардан Ҳ.Амирқулов, Ғ.Ҳасанов, М.Раҳматова, А.Ғафуров ва бошқалар саҳна образларини яратишда етакчилик қилдилар. Театр репертуари «Олтин девор» (Э.Воҳидов), «Холисхон» (Ҳамза), «Аслзода келин» (М.Шамхалов), «Келинлар қўзғолони» (С.Аҳмад), «Қорақум фожиаси» (У.Бадиқов), «Хонума хоним» (А.Цагарели), «Монсерро» (Э.Роблес), «Гули сиёҳ» (С.Жамол) ва бошқа спектакллар билан бойиди.

Театрда турли йилларда А.Жўраев, Б.Назаров каби режиссёрлар, Г.Визель, В.Рифтин, М.Мусаев каби рассомлар, Ҳ.Азимова, Т.Содиқов, X.Бекжонов сингари актёрлар ижод қилганлар.

Театрнинг етакчи актёрлари: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар — Г.Оринова, О.Эштўхтарова, А.Лапасов, Ғ.Юлдошев; артистлар А.Норматов, Ж.Деҳқонова ва бошқалар. 1980 йилда театр жамоаси 700 ўринли янги бинога кўчиб ўтди.