Андижон вилояти мусиқали драма театри

17.02.2021 06:33

1918 йилда ҳаваскорлик ҳаракати сифатида томошабинларнинг диққатини тортган бир гуруҳ истеъдод соҳиблари Тўхтасин Жалилов раҳбарлигида Эски шаҳар бозори майдонида катта театрлашган маросимни ташкил этадилар ва бу маросим вилоятимизда профессионал театр санъатининг пайдо бўлишида ўзига хос дебоча бўлиб қолган.Худди шундай театр фидойилари Фотих Бойбеков раҳбарлигида Андижоннинг Янги шаҳар деб номланган ҳудудида фаолият кўрсатиб, мухлислар қалбида театр санъатига меҳр-муҳаббат уйғота бошлаган. Натижада, 1919 йилнинг февраль ойида Андижон уезди қўмитасининг шаҳарда ҳар иккала труппани бирлаштирувчи профессионал театр ташкил этиш ва унга махсус бино бериш ҳақидаги қарори эълон қилинади.

Бу театрда ўзбек санъатининг кўплаб йирик арбоблари ишлаганлар. Атоқли ўзбек адиби Комил Яшин, Ўзбекистон халқ шоири Собир Абдулла, йирик кино арбоби, Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистон халқ артисти Асад Исматовлар ҳам ўз фаолиятларини шу театрда бошлаб, 10-15 йил давомида ижод этганлар.

Халқ артистлари Лутфихоним Саримсоқова, Ҳалимахоним Носирова, Музаффар Муҳаммедов, Машрабжон Юнусов, Шаҳодат Раҳимова, Сойиб Хўжаевлар Андижон театрида кўп йиллар давомида фаолият кўрсатганлар.

Труппа фаолиятида Мирзажон Олимов, Мирзажон Каримов, Сайфи Зиёев ва бутун ҳаёти театр билан боғлиқ бўлган санъаткорлар Абдуваҳоб Азимов, Қосимжон Охунов, Абдусамат Воҳидов халқ ичида “Андижон полькаси” деб номланган ажойиб рақс куйининг муаллифи Ориф гармонлар фаол қатнашиб келдилар.

1928 йилда труппага жуда катта куч келиб қўшилди. Муҳиддин Қори Ёқубов ўз шогирдлари – Тамарахоним, Гавхархоним Раҳимовалар билан Андижон театрига келди. Театрнинг довруғи бутун республикага ёйилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўша йилларда театр санъатини тарғиб этишда, драматик асарларни саҳналаштириш соҳасида республика Миллий академик театри сардорлик қилса, мусиқали драма ва мусиқали комедияларни саҳналаштириш бўйича Андижон театри биринчи ўринда турди. Сабаби: “Тоҳир ва Зуҳра”, “Фарход ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” мусиқали драмалари илк бора Андижон театри саҳнасида намойиш этилган.

Юқорида номлари зикр этилган санъаткорларнинг ижодидан бобожонларимиз ва бувижонларимиз баҳраманд бўлишган, албатта. Бугунги кундаги нуронийлар ва юртимиз фахрийлари эса ўттизинчи йилларда театрга кириб келган Ўзбекистон халқ артистлари Хадича Аминова, Аббос Бакиров, Умрихон Қосимова, Каримжон Хонкелдиев, Нўмонжон Муродов, Акбар Раҳимов, Комилжон Қосимов, Камолхон Султонов, Мирзажон Тиллаев, Айсар Иброҳимов, Елизавета Ильяева, Сотволди Шербоев, Назир Хўжаев, Жалил Раҳимов, Хайдар Сатторов, Турсинбой Хасанов, Абдулазиз Эшоновларнинг санъатидаги бири-биридан ажойиб ролларни яхши эслашади. Улар иштирокидаги Собир Абдулланинг “Боғбон қиз”, “Ойхон” асарлари, Комил Яшиннинг “Номус ва Муҳаббат”, “Ҳалима”, Николай Васиьлевич Гоголнинг “Ревизор” ва “Уйланиш” сатирик комедиялари, Фредерик Шиллернинг “Макр ва Муҳаббат” драмалари, шунингдек, “Аршин мол-олон”, “Маликаи Турондот”, “Икки бойга бир малай”, “Навбаҳор”, “Шохи сўзана”, “Юрак сирлари”, “Ҳуррият”, “Зарафшон қизи”, “Кимга тўй, кимга аза”, “Тобутдан товуш”, “Аяжонларим”, “Оила номуси”, “Момақалдироқ”, “Оқ нилуфар” каби турли мавзулардаги театр тарихини акс эттирувчи кўплаб асарлар театрнинг ўзига хос сарҳисобидан муносиб ўрин эгаллаган.

Томошабинлар Машрабжон Юнусовнинг талқинидаги Тоҳир, Айсар Иброҳимов жонлантирган Мажнун, Аббос Бакиров ижросидаги Хон Бобохон, Хадича Аминованинг Кимё, Жалил Раҳимовнинг Тошболта образларини ҳали-ҳали ажиб бир соғинч билан эътироф этишади.

Андижон театри йилдан-йилга ўса борди. Бу ўсишда унинг турли бўғинларига мансуб бўлган катта ижодкорлар гуруҳи алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон халқ артистлари Қамара Бурнашева, Малоҳатхон Исҳақова, Азизахон Аминова, Маърифатхон Убайдуллаева, Ўринбой Нуралиев, Хабибахон Охунова, Ғуломжон Ҳожиқулов, Нуриддин Ҳамрақулов, Обиджон Сайидбурхонов, Хошимжон Олимжонов, хизмат кўрсатган артистлар Назирахон Ҳакимова, Шарофатхон Ахмедова, Шарофатхон Тожибоева, Ризо Юсупов, Саидахрор Улуғов, Зулхуморхон Қодирова, Баҳодиржон Маматхонов, Мухтасархон Йўлдашева, иқтидорли санъаткорлар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоблари Муқимжон Хабибов, Гумер Исмагиловлар, иқтидорли артистлар Тожихон Аҳмаджонова, Ширинхон Мансурова, Холисхон Раҳимова, Тошхон Юнусова, Юлия Закиева, Анвар Зайнуддинов, Режабали Холмирзаев, Аъзамжон Холбоев, Қимматхон Турғунова, Мадаминжон Аҳмаджонов, Маткарим Болтабоев, Йўлдош ва Муталибжон Исаевлар, Абдуллажон Ғофуров, Мухторжон Нурматов, Мўминжон Комилов, Абдулҳамид Олимов, Зуҳриддин Аҳмадалиев, Олимжон Мусаев, Қаҳҳоржон Ҳолиқов, Муборакхон Саримсоқова, Фотимахон Ҳакимжонова, Шокир Ахмедов, Ҳайрихон Жўраева, Неъмат Марозиқов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Ширмонхон Ғозиева, Шахоб Зайнутдинов, моҳир ташкилотчилар Александр Михайлович Ильяев, Саид Раҳимовларнинг театр фаолияти юксалишидаги ҳиссалари ғоят каттадир. Уларнинг кўпчилиги бугунги кунда орамизда йўқ. Бироқ, улардан мазмунли ва нурли излар қолган. Биз уларни тез-тез ёдлаб турамиз.

Театр республика театрлари орасида ўзига хос режиссёрлик мактабини ҳам яратиб келган. Фотих Бойбеков, Мирзажон Алимов, Исоқ қори Каримов, Химоиддин Қориев, Али Ардобус, Абдуваҳоб Азимов, Муҳиддин Қори Ёқубов, Музаффар Муҳаммедов, Абдураҳим Раҳманов, Аббос Бакиров, Амин Турдиев, Гумер Исмагилов, Неъмат Шомуродов, Мирзакарим Бобоев, Рустам Ҳамидов, Рашид Раҳимов, Салоҳиддин Умаров, Собиржон Йўлдошев, Толиб Ҳамидов, Ҳабибулло Аппанов, Маннон Ҳамидов, Жавлон Тошхўжаев, Алижон Асқаров, Исоқжон Эргашев, Жавлон Жўраевлар ҳар бири ўзларига хос режисёрлик услубида ўнлаб артистларга устозлик қилганлар.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Виктор Иванович Лигай 1951 йилда оддий рассомликдан иш бошлаб, орадан кўп ўтмай бош рассомлик вазифасига тайинланган ва ярим асрдан кўпроқ юзлаб асарларга рассомлик қилган.

Мустақиллик йилларида ҳам театримиз жамоаси кўп маротаба нуфузли танловларда диплом ва номинацияларга лойиқ кўрилган.

“Андижон баҳори-99”- халқаро театр санъати фестивалида драматург Тўлан Низомнинг “Чўлпон” асари билан учинчи ўринга лойиқ деб топилган. 2013 йилда (theatre.uz) халқаро фестивалида Нурилло Аббосхоннинг “Танҳо юлдуз” асари билан иштирок этиб диплом билан тақдирланган.2008 йилда “Сени куйлаймиз, замондош” театр санъати фестивалида Фарида Бобожонованинг “Оқ халатли фаришталар” асаридаги Фаррош аёл роли учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлудахон Бойматова “Энг яхши эпизодик рол” номинацияси соҳибаси бўлган. 2019 йилда Нукус шаҳрида ўтказилган “Сени куйлаймиз, замондош” театр фестивалида театр актёри Иброхимжон Норматов драматург Баҳодир Мурод Алининг “Муножот” мусиқалаштирилган драмасидаги роли учун “Энг яхши эркак роли ижрочиси” номинацияси соҳиби бўлди.

Театр ўз фаолиятини бошлагандан буён шу кунга қадар 500 дан зиёд турли спектакллар саҳналаштирилган.

Бугунги кунда театримизда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ҳабибуллоҳ Юнусов, Мавлудахон Бойматова, Зарифахон Ҳайдаровалар билан бир қаторда кўплаб иқтидорли ёшлар халқимизга хизмат қилмоқдалар. Театримизнинг репертуаридаги Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Тўйлар муборак” комедияси, драматург Ш.Маҳкамовнинг “Ақлдан озиш ҳеч гап эмас” комедиялари, драматург Рихсивой Муҳаммаджоновнинг “Бурч” драмаси, Баҳодир Мурод Алининг “Муножот” мусиқалаштирилган драмаси, Узеир Геджибековнинг “Аршин мол-олон”, драматург Зиё Нажмийнинг “Нажот йўли-Навоийда”, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, Комилжон Нишоновнинг “Тонг отгунча қайтамиз” спектакллари мамлакатимиз театр ихлосмандларига манзур бўлмоқда.

Театр жамоаси ватанимиз равнақи йўлида ёш авлодни маънавий камолотга эриштиришда, эстетик дунёқарашини ўстиришда шарафли касбларига яна ҳам садоқат ва масъулият билан ёндашмоқдалар. Келажакда театр жамоаси ўзининг юқори савиядаги миллий ва замонавий спектакллари билан чет эл саҳналарида ўзбек мусиқали драма театри санъатининг ривожига улкан ҳисса қўшиш мақсадида ижод қилмоқдалар.