Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри

17.02.2021 12:06

Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри 1935 йил 26 апрелда Сурхондарё округининг “Окрисполком оргкомиссияси”нинг №10-сонли протоколи асосида Сурхондарё вилоят мусиқали драма театри номи билан ташкил топган. Томошабин зали ўриндиқлари сони 700 тадан иборат. Ушбу театр саҳнасида илк бор Афандихон Исмоилов томонидан Ҳамзанинг “Ғолибият” асари саҳналаштирилган. Театр сахнасида шу даврда саҳналаштирилган К.Яшиннинг “Икки коммунист”, “Гулсара”, Ҳамзанинг “Майсаранинг иши”, Н.Сафаровнинг “Уйғониш”, У.Хожибековнинг “Аршин мололон”, Хуршиднинг “Фарход ва Ширин” спектакллари театр жамоасининг бадиий маҳоратини ошишига замин яратди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида юксак ватанпарварлик ғояларини тараннум этган С.Абдулла, Чустийнинг “Қурбон Умаров”, Корнейчукнинг “Фронт”, К.Симоновнинг “Рус масаласи”, Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи”, С.Абдулла, Т.Жалиловнинг “Тоҳир ва Зуҳра”, К.Яшиннинг “Нурхон”, “Ўлим босқинчиларга”, “Офтобхон” спектакллари вилоят маданий ҳаётида катта воқейилик ва маҳорат мактаби вазифасини ўтаган.

Бир қанча истеъдодли актёрларнинг жанг майдонига кетганлиги, уруш туфайли юзага келган иқтисодий танглик театрга ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Шу боис 1948 йилда театр труппаси Бухоро театрига қўшиб юборилган.

1957 йилда вилоят маданий ҳаётида муҳим тарихий воқеа юз бериб, театр қайта ташкил қилинади. Унга “Сурхондарё область ўзбек давлат мусиқали драма театри” мақоми берилади.

Шундан сўнг бу ижод масканида давр билан ҳамоҳанг бўлган, янги талқин ва ечимда саҳналаштирилган барча спектакллар томошабинлар томонидан илиқ кутиб олина бошлади. Аввало, театр жамоаси ўзбек миллий драматургиясига мурожаат қилиб, Т.Собировнинг “Уч баҳодир”, Х.Ғуломнинг “Фарғона ҳикояси”, Д.Файзийнинг “Зарафшон қизи”, Ҳ.Воҳитнинг “Биринчи муҳаббат”, А.Жамолнинг “Кўз илғамас соялар”, К.Яшин, Т.Жалиловнинг “Равшан ва Зулхумор”, С.Абдулла, Т.Жалиловнинг “Алпомиш”, “Тоҳир ва Зуҳра”, Хуршиднинг “Лайли ва Мажнун” спектаклларини саҳналаштирди. Бундан ташқари жамоа жаҳон классик асарларига ҳам ўз эътиборини қаратиб, Гольдонининг “Икки бойга бир малай”, С.Жамолнинг “Гули сиёҳ”, И.Стаднюкнинг “Хавфли учрашув”, Макаёнокнинг “Трибунал” асарларини саҳналаштиришди. Бу спектакллар ўзига хос талқини ва ижро услуби билан томошабинларда катта таъсурот қолдирди ва мутахассислар томонидан эса илиқ ва самимий фикрлар билан кутиб олинган.

Театр жамоасининг ижодий йўли ҳамиша мамлакатимиз жамоатчилигининг диққатини ўзига жалб этиб келди, 1964 йилда мамлакатимизнинг 40-йиллигини нишонланиши муносабати билан театр жамоаси Тошкент шаҳрига таклиф қилинди. Унда К.Яшиннинг “Нурхон” мусиқали драмаси намойиш этилди. Аёллар озодлиги ва эркинлигини ўзида акс эттирган ушбу спектакл мутахассислар томонидан ўзининг муносиб баҳосини олган.

Ўз даври учун қаҳрамонлик даражасига кўтарилган “Нурхон” образини маромига етказиб ижро этган Х.Бобохонова ва актёр З.Олимовлар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан тақдирланган.

1967 йилда театр жамоаси иккинчи бор пойтахтга таклиф қилинади, ушбу гастрол сафарида С.Жамолнинг “Гули сиёҳ”, Ў.Умарбековнинг “Ўликлар кечирмайди”, И.Стаднюкнинг “Хавфли учрашув”, Р.Бекниёз, Х.Исломовнинг “Икки ўт орасида”, Х.Азимовнинг “Тақдир”, “Ниқоб” спектакллари кенг жамоатчилик учун намойиш этилади. Бу спектаклларнинг барчаси мутахасислар томонидан ғоявий мазмуни ва ижро услубининг юксак даражага етган деган хулоса билан бахоланади. Ушбу ижодий сафарда эса жамоа аъзоларидан Т.Латипова ва М.Мажидовларга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони берилади.

Ижодий сафардан рухланган театр жамоаси ўз репертуарини Э.Воҳидовнинг “Олтин девор”, З.Фатхулиннинг “Хижрон алангаси”, Ё.Мирзонинг “Олмос олтин”, Т.Собировнинг “Қайдасан ҳаёт”, Т.Тўланинг “Қизбулоқ”, Хугаевнинг “София қўшиғи” каби бир қанча янги спектакллар билан бойитган.

1974 йил театр жамоаси учун унитилмас йил бўлади. Чунки театрга давлат томонидан замонавий асбоб-ускуналар билан жихозланган янги бино берилади. Забардаст ва истеъдодли санъаткорлар театрга раҳбар этиб тайинландилар: А.Каримов директор, М.Равшанов бош режиссёр, В.Михайличенко бош рассом сифатида ишга киришдилар. Шу йили жамоага Тошкент театр ва рассомчилик институтини тугатиб келган М.Абдуқундузов, З.Отабоева, Т.Эргашев, Қ.Бурхонов, Д.Солихова, Н.Саидова сингари серғайрат истеъдодли ёш кадрлар қўшилиб жамоа фаолияти янада мустаҳкамланади.

Театр ҳаётида жуда катта ижодий, бадиий ўзгаришлар рўй беради. Ёшлар ташаббуси билан Ўзбекистон театр санъатида илк бор ёшлар ижодий секцияси тузилади. Устоз санъаткорлар, раҳбарлар ва тиниб-тинчимас ёшларнинг ижодий изланишдаги муштараклиги театр репертуарини бир қанча бадиий баркамол ва оригинал саҳна асарлари билан бойитади. Бадиковнинг “Қорақум фожиаси”, С.Аҳмаднинг “Уфқ”, М.Каримовнинг “Ўн саккиз ёшлигим”, Ф.Шиллернинг “Макр ва муҳаббат”, Ё.Мирзонинг “Бургут” республика театрлари орасида биринчи бўлиб саҳналаштирилган В.Шукшиннинг “Серғайрат кишилар” спектакллари фикримиз исботидир. Айниқса театрда саҳналаштирилган Ҳамзанинг “Майсаранинг иши” спектакли ўз талқини, ижро услуби ва замонавийлиги билан мутахассис ва томошабинларни лол қолдирган. Спектакл Термиз варианти дея мутахассислар томонидан юксак баҳоланган. Шунингдек, Ч.Айтматовнинг “Оқ кема”, Митрофановнинг “Айбига иқрор”, Б.Равенских, М.Анчаровнинг “Ҳаяжонли қўшиқ” спектакллари ўзбек театри саҳнасида илк бор рус тилида саҳналаштирилади. М.Байжиевнинг “Куёв ва келин” спектакли эса театр жамоасининг ижодий имконияти катта эканини яна бир бор исботлайди.

Театр жамоаси ижодий изланишлар билан бир қаторда катта ташаббус билан чиқиб, вилоятда “Театр кунлари” ўтказилади ва бу анъанага айланади.

Жамоа билан қишлоқ аҳли ўртасида алоқа мустаҳкамланиб ҳамкорлик ўрнатилди. Натижада Жарқўрғон, Музрабод, Сариосиё, Денов, Узун туманларида “Ҳалқ театри” унвонига сазовор бўлган бадиий жамоалар ташкил топади.

Театр жамоасининг тинимсиз мехнатлари ва ижодий ютуғлари эвазига 1978 йилда унга ўзбек театри асосчиси Маннон Уйғур номи берилган.

1979 йилда театр учинчи марта Тошкент гастрол сафарига таклиф этилган. Гастролда намойиш этилган “Майсаранинг иши” Ҳамза, “Уфқ” С.Аҳмад, “Макр ва муҳаббат” Шиллер, “Оқ кема” Ч.Айтматов, “Серғайрат кишилар” В.Шукшин, рус тилида “Куёв ва келин” М.Байжиев, “Зўлдир” А.Иброҳимов спектакллари бетакрор талқин, ўзига хос ечим ва юксак ижро услуби билан пойтахт жамоатчилиги ва мутахассислар эътиборига тушади. Театр ижодий фаолияти ҳақида самимий ва илиқ фикрлар билдирилади.

Гастрол сафардаги томошабинлар олқиши ва мутахасисларнинг юксак бахоларидан руҳланиб қайтган жамоа Д.Валиевнинг “Сирли кун”, А.Н.Островскийнинг “Сепсиз қиз”, Ч.Айтматовнинг “Момо ер”, З.Фатхулиннинг “Ватан ишқи”, К.Амировнинг “Қуёш барчага нур сочсин”, А.Прохановнинг “Афғон репортажи”, К.Яшиннинг “Генерал Раҳимов”, “Гулсара”, А.Иброҳимовнинг “Бир ўликка бир тирик” каби қатор саҳна асарларини яратишади.

1985 йили театрнинг 50-йиллик юбилейи Республика миқёсида кенг нишонланади.

1989 йилда театр жамоаси тўртинчи бор пойтахтга гастрол сафарига боради. Унда З.Фатхуллиннинг “Ватан ишқи”, Вишневскийнинг “Ҳаётбахш ўлим”, А.Н.Островскийнинг “Сепсиз қиз”, М.Хайруллаевнинг “Олам сенники”, У.Азимнинг “Бир қадам йўл”, А.Иброҳимовнинг “Бир ўликка бир тирик”, Э.Воҳидовнинг “Истамбул фожиаси” спектакллари намойиш этилади ва театр мутахассислари ҳамда пойтахт томошабинлари томонидан илиқ кутиб олинади.

Театр қисқа вақт ичида ўзининг 7 нафар маҳаллий драматургларни кашф этиб, миллий руҳдаги асарларини муваффақият билан саҳналаштиради. И.Отақуловнинг “Қамашган кўзлар”, М.Бобоевнинг “Ўлим ҳалқаси”, Н.Хайитнинг “Юлдуз сўнди”, Н.Парданинг “Адиб Собир Термизий”, Х.Мақсадқуловнинг “Садоқатли арвоҳ”, Ш.Пардаевнинг “Осмонсиз уй”, Х.Хурсандовнинг “Кампир топайми, дадажон”, “Муҳаббатим қисматим менинг”, “Қайсар чолнинг қилиғи”, “Погон таққан одамлар”, “Судхўрнинг пари қизи” ва “Дард кўрмаган эрка болам” асарлари шулар жумласидандир.

Театрда миллий урф-одатларни тараннум этувчи ва улуғловчи асарлар саҳна юзини кўради. Ф.Мусажоновнинг “Олифта”, Х.Расулнинг “Узоқдан келган куёв”, Р.Муҳаммаджоновнинг “Ака-ука совчилар”, Ш.Бошбековнинг “Темир хотин”, Х.Муҳаммаднинг “Хотинлар ҳазили”, Ҳамзанинг “Жононга бордим бир кеча” асарлари бунга мисол бўлаолади. Бундан ташқари қадимий қадриятларимиз, фолькор-этнографик санъатимиз, анъана ва удумларимизни тиклаш, уларни бойитиш, сайқал бериш, томошабин эътиборига етказиш мақсадида М.Хайруллаевнинг “Олам сенники”, Н.Ниёзметовнинг “Қорбобо ва Ялмоғиз”, М.Қодировнинг “Сеҳрли узук”, У.Азимнинг “Бир қадам йўл”, Х.Хурсандовнинг “Қайсар чолнинг қилиғи”, “Кампир топайми, дадажон”, Э.Хушвақтовнинг “Қаллиқ ўйини”, “Чимилдиқ”, О.Салимовнинг “Сеҳрли қоп”, Ж.Маҳмуднинг “Осмондан танга ёққан кун”, “Дангасалар салтанати” спектакллари саҳналаштирилган.

Халқимиз тарихини, маданиятини, адабиётини ва санъатини саҳна асарлари воситасида кенг тарғиб қилиш, миллий давлатчилигимиз тарихини ёритиш, буюк аждодларимиз сиймосини яратиш мақсадида Уйғун, И.Султоннинг “Алишер Навоий”, Қ.Абдунабиевнинг “Амир Темур ва Йилдирим Боязид”, У.Азимнинг “Алпомишнинг қайтиши”, Н.Парданинг “Адиб Собир Термизий”, Т.Зулфиқоровнинг “Қафасдаги каклик” асарига Ш.Раҳматуллаев татаббуси асосида яратилган “Шоҳ ва шоир” спектакллари яратилган.

терроризм, диний ақидапарастлик, гиёҳвандлик каби иллатларга қарши курашиш, огоҳликка даъват этиш, ёшларни ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, ёд ғоялар таъсиридан асраш мақсадида М.Бобоевнинг “Қўнғироқлар жаранги”, Х.Расулнинг “Фаришта”, “Дард кўрмаган эрка болам”, Р.Орифжоновнинг “Уйқусиз тунлар”, М.Ҳазратқуловнинг “Интизор”, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси лойиҳаси асосида саҳналаштирилган “Хазон бўлган умрлар” каби спектакллар яратилган.

1994 йил саҳналаштирилган Н.Парданинг “Адиб Собир Термизий” спектакли ижодкорларидан бир гуруҳи вилоят касаба уюшмалари кенгаши таъсис этган “Собир Термизий” мукофотига сазовор бўлишган.

1995 йилда театрнинг 60 йиллиги республика миқёсида кенг нишонланади.

1996 йил Қ.Абдунабиевнинг “Амир Темур ва Йилдирим Боязид” спектакли учун режиссёр М.Равшанов ҳалқаро театр фестивалининг бош совринини қўлга киритган. Ҳ.Ориповнинг “Амир Темур” роли учун, Р.Маматалиев “Йилдирим Боязид” роли учун, Б.Рамазанов “Масхара” роли учун “Энг яхши рол” наминацияси берилиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланганлар.

1997 йил З.Боқиева Ж.Маҳмуднинг “Тошмат тажанг уйланармиш” ва И.Отақуловнинг “Қамашган кўзлар” спектаклларидаги Офтобхон ва Каттабекова роллари учун “Йилнинг энг яхши аёли роли учун” наминасисини қўлга киритган.

1999 йилда Х.Расулнинг “Фаришта” спектаклида “Она” образини яратган Г.Равшанова “Йилнинг энг яхши аёл роли-Саҳна маликаси” мукофоти билан тақдирланган.

2001 йил Х.Хурсандовнинг “Ўлдинг азиз бўлдинг” спектакли “Андижон баҳори-2001” фестивалида театр жамоаси “Ўлдинг азиз бўлдинг” спектакли билан иштирок этган. Саҳналаштирувчи режиссёр М.Равшанов “Режиссурада янги талқин” учун бош соврин Гран-При билан тақдирланган.

2002 йилда ўтказилган “Сарҳисоб” республика театрлар санъати фестивалида режиссёр М.Равшанов “Режиссёрнинг драматург билан ҳамкорлиги учун” номинацияси бўйича ғолиб деб топилган.

2004 йил Г.Равшанова “Ўзбекистон халқ артисти” унвонига сазовор бўлган.

2005 йил “Хазон бўлган умрлар” спектаклининг режиссёри Ф.Болтаев “Дебют-2005” фестивалининг қимматбаҳо совғаси билан мукофотланган.

2005 йилда “Бойсун Баҳори” Ҳалқаро фольклор-этнографик фестивалида Х.Хурсандовнинг “Кампир топайми, дадажон” спектакли ғолиб деб топилиб, диплом билан тақдирланган.

2007 йилнинг апрел ойида театр жамоаси Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида ўтказилган “Наврўз-2007” академик театрларнинг Халқаро театр фестивалида Х.Хурсандов асари “Қайсар чолнинг қилиғи” спектакли билан иштирок этган.

2008 йил 10-20 октябр кунлари театр ижодий жамоаси Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтган ХХ Халқаро эксприментал театрлар фестивалида Х.Хурсандов асари “Қайсар чолнинг қилиғи” спектакли билан иштирок этган.

2010 йилда Қозоғистон Республикасининг Алмата шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатларининг Халқаро театрлар фестивалда Х.Хурсандов асари “Қайсар чолнинг қилиғи” спектакли билан иштирок этиб 3-ўринни олган. Шунингдаек Г.Равшанова “Энг яхши аёл роли” ва Ю.Мирқурбонов “Энг яхши эркак роли” номинатциясига лойиқ топилган.

2011 йил май ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган “Сени куйлаймиз, замондош” I Республика кўрик-танловида Х.Хурсандовнинг “Шижоат” спектакли билан иштирок этган.

2011 йил октябр ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Халқаро “Театр.уз-2011” фестивалида Ш.Ризаевнинг “Она” спектакли фестивалнинг “Энг мукаммал спектакли” деб баҳоланган.

2013 йил май ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган “Сени куйлаймиз, замондош” II Республика кўрик-танловида Х.Хурсандовнинг “Алла” спектакли билан иштирок этган. Спектакл режиссёри М.Равшанов “Энг яхши режиссура” ва Г.Равшанова Момо роли учун “Энг яхши аёл роли” номинациясини қўлга киритишган.

2014 йил 14-20 декабр кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Дебют-2014” кўрик фестивалида Э.Норсафарнинг “Тоғ булбулининг сўнгги хониши” драмаси “Йилнинг энг яхши драма асари” номинациясига муносиб топилган.

2014 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган “Эътироф-2014” кўрик танловида Р.Муҳаммаджоновнинг “Ойдин” драмаси “Йилнинг энг яхши спектакли” номинацияси ғолиби бўлган.

2015 йил театрнинг 80 йиллик юбилейи Республика миқёсида кенг нишонланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 мартдаги “Баҳор нафаси” Халқаро санъат фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги 31-сонли ва Сурхондарё вилоят ҳокимининг 2017 йил 6 апрелдаги 05-01/105-сонли мажлис баёнларига асосан ўтказилган “Баҳор нафаси” Халқаро санъат фестивали доирасида Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри жамоаси 30 апрел 2 май кунлари Тошкент шаҳрига хизмат сафарида бўлган. Жамоа томонидан Т.Зулфиқоровнинг “Қафасдаги каклик” асарига Ш.Рахматуллаев татаббуси “Шоҳ ва шоир” спектакли Ўзбек Миллий академик драма театри биносида намойиш этилган. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги мутасаддилари, театршунос, санъатшунос олимлар, таниқли актёрлар томонидан спектакл моҳияти, актёрларнинг ижро маҳорати жуда юксак баҳоланган. Фестивал тафсилотлари оммавий ахборот воситаларида ёритилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 апрелдаги 73-сонли мажлис баёни ижроси ва шу асосдаги Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг 2017 йил 6 майдаги 05-01/139-сонли “Бойсун баҳори” фольклор фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг мажлис баёни ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йилнинг 12-14 май кунлари Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри жамоаси Бойсун туманига хизмат сафарида бўлиб, Х.Хурсандов, В.Умаровларнинг “Аёл ҳақида қасида” мусиқали фольклор томошасини намойиш этган.

2017 йилнинг 27 июнидан 2 июл кунига қадар мамлкатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида ўтказилган “Сени куйлаймиз, Замондош!” Ўзбекистон театрларининг IV-республика кўрик-фестивалида театр ижодкорлари иштирок этиб фахрли III-ўринни қўлга киритган. Фестивалда режиссёр Ф.Болтаев томонидан саҳналаштирилган Р.Орифжонов, А.Эргашевларнинг “Чегарачи” спектакли намойиш этилган.

2017 йилнинг қувончли воқеаларидан бири вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши натижасида театрга битта автобус, 1 та дамас автомашинаси берилган. Шунингдек вилоят раҳбари томонидан театрнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, кадрларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир миллиардан ортиқ маблағлар ҳомийлик асосида театр ҳисоб рақамига ўтказилиб берилган.

2017 йил Фахриддин Абдувоҳидов муаллифлигида “Сурхондарё вилоят мусиқали драма театри кеча ва бугун” номли китоб чоп этилган. Ушбу китоб чоп этилишида театрнинг директор ўринбосари Ш.Худойбердиев, Бош режиссёри М.Равшанов, Адабий бўлим мудири Ф.Тойировлар яқиндан ёрдам беришган. Ушбу монография ўзбек театри ва унинг тарихи билан қизиқувчи кенг ўқувчилар оммаси учун мўлжалланган бўлиб, ундан санъат ўқув юртлари талабалари ҳам қўлланма сифатида фойдаланишлари мумкин.

2018 йил 19-20 январ кунлари Муҳтарам юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев вилоятга ташрифи чоғида Сурхондарё “Сурхондарё Санъат Саройи” давлат муассасасига ташриф буюриб, театр ижодкорлари билан учрашган. Учрашув доирасидаги самимий мулоқот чоғида Президентимиз театр санъати ходимлари олдида турган вазифалар хусусида тўхталиб, мамлакатимиз жануб гавҳари бўлган Сурхон заминида умргузаронлик қилган буюк бобокалонларимиз Термизийлар ҳаёти ва ижодидан нафақат юртимиз балки дунё аҳлини воқиф этиш, уларнинг ҳаёти ва дунё илм фани ривожи йўлидаги буюк хизматларини акс эттирувчи саҳна асарларини яратиш, бугунги замон қаҳрамонлари образини гавдалантирадиган спектаклларни яратиш зарурлиги борасида ўз тавсияларини берганлар. Шу мақсадда ҳукумат раҳбари томонидан 2 миллиард сўм театрга ажратилиши айтилди ва бу маблағлар театрнинг ҳисоб рақамига ўтказилган. Юртбошимиз илгари сурган фикрларга ҳамоҳанг тарзда режиссёр Ф.Болтаев томонидан К.Ҳамраевнинг “Зиё қалъаси”, У.Азимнинг “Алпомишнинг қайтиши” спектакллари саҳналаштирилган.

2018 йил 17 март куни “Сурхондарё Санъат саройи” давлат муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган. Тадбирда театр жамоасининг театрлаштирилган концерт дастури ва маданият муассасаларининг чиқишлари намойиш этилган. Ушбу тантанали тадбир вилоят ва республика оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка намойиш этилган. Театр жамоаси “Сурхондарё Санъат саройи” давлат муассасасига кўчиб ўтган.

27-март Халқаро театр куни байрами муносабати билан 2018 йил 25 март куни “Сурхондарё Санъат Саройи” давлат муассасаси биносида В.Умаров, Х.Хурсандовларнинг “Аёл хақида қасида” спектакли намойиш этилган.

2018 йилнинг 31 март куни “Алпомишнинг қайтиши” спектаклини премераси бўлиб ўтган. Ушбу премерага Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, вилоят ҳокимлиги раҳбарлари, маданият бошқармаси, Термиз давлат университетининг жамоаси оила аъзолари билан ташриф буюрганлар. Спектакл намойишидан сўнг Термиз давлат унверситети ректори Абдуқодир Тошқулов театр ижодкорларини спектакл премераси билан табриклаб, вилоят аҳли учун яратилган бундай имконият, замонавий қулайликлар учун Президентимизга барча иштирокчилар номидан миннатдорчилик билдирганди. Тадбир барча оммавий ахборот воситалари, интернет сайитлари, газета нашрларида ёритилган. Шунингдек, 2018 йил Апрел ойининг иккинчи ўн кунлигида, театрда очиқ эшиклар куни ўтказилган.

2018 йил 16-19 апрел кунлари театр жамоаси Тошкент шаҳрига гастрол сафари уюштирган. Гастрол доирасида намойиш этилган “Алпомишнинг қайтиши” спектакли ҳақида театр журналида мақола эълон қилинган. Ушбу спектакл тўлиқ ёзиб олиниб “Маданият ва маърифат” канали орқали кенг оммага намойиш этилган.

2018 йил 23 апрел куни Сурхондарё вилоят телевидениесида “Алпомишнинг қайтиши” спектаклининг асосий қаҳрамонлари образини гавдалантирган Ф.Болтаев ва Н.Ахмедовалар билан бўлган суҳбат эфирга узатилган.

2018 йил 27-29 апрел кунлари Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри жамоаси Бойсун туманида ўтказилган “Бойсун баҳори” фольклор фестивалида В.Умаров ва Х.Хурсандовларнинг “Аёл хақида қасида” ва У.Азимнинг “Алпомишнинг қайтиши” спектакллари ва театрлаштирилган концерт дастури билан иштирок этган.

2018 йил 9 май “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда уруш ва меҳнат фахрийлари иштирокида тантанали тадбир ташкил этилади. Тадбирда театр жамоаси томонидан урушнинг оғир ва мудҳиш оқибатлари, тинчлик неъматининг қадри, беқиёс аҳамиятини акс эттирувчи театрлаштирилган томоша ва концерт дастури намойиш этилган.

2018 йил 11 май куни Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Муҳаммадали Абдуқундузов таклиф этилиб, театр ижодий ходимларига маҳорат дарси ташкил этилган.

2018 йил 26 июн куни режиссёр Ф.Болтаев томонидан К.Хамроевнинг “Зиё қалъаси” спектакли жамоатчилик кўригидан ўтказилган. 2018 йил 27 июнь куни “Зиё қалъаси” спектакли 27-июн “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимларига намойиш этилган. Иштирокчиларнинг олқиш ва эътирофларига сазовор бўлган ушбу спектакл премьераси оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилган.

2018 йил 28 июл куни Олтинсой туманида ўтказилган “Бахши-шоир, оқин ва жировларнинг” Республика фестивалида театр ижодий гуруҳи театрлаштирилган концерт дастури ва “Алпомишнинг қайтиши” спектаклидан парчалар намойиш этган. Мазкур фестивал таъсуротлари ва театр жамоасининг чиқишлари республика ва маҳалллий ОАВларида кенг ёритилган.

2018 йил 26 август куни театрнинг 83-ижодий мавсуми Т.Зулфиқоров асарига Ш.Рахматуллаев татаббуси “Шоҳ ва Шоир” спектакли билан очилган.

Анъанага мувофиқ 2018 йил Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллик шодиёналари арафасида мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ватандошларимиз давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланганлар. Улар орасида театрда узоқ йиллардан буён ҳам актёр, ҳам режиссёр сифатида ўз истеъдодини намоён этиб келган, ёш актёрларнинг жонкуяр устози Фарход Болтаевнинг ҳам борлиги театр жамоасининг чексиз қувончига сабаб бўлган. 2018 йил 28-август куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган тантанали маросимда юксак мукофотлар ўз эгаларига топширилган.

2018 йил 6-10 сентябр кунлари Президентимиз ташаббуслари билан илк маротаба Қашқадарё вилоятининг Шахрисабз шаҳрида ўтказилган “Халқаро мақом санъати” фестивали доирасидаги тадбирларда театр жамоаси “Аёл ҳақида қасида” спектакли ва театрнинг ҳаракатдаги репертуаридан ўрин олган спектаклларнинг асосий қаҳрамонлари Амир Темур, Алишер Навоий, Алпомиш ва Ойбарчин образларини гавдалантиришган. Мазкур тадбирдаги театр жамоасининг иштироки Республика телеканаллари ва Ишонч телеканали орқали кенг ёритилган.

2018 йил 27-29 сентябр кунлари “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан театр жамоаси ёш авлодни тарбиялаш, илм чанқоқ қалбларни зиё нурларидан баҳраманд этиб келаётган ўқитувчилар, фахрий устозлар учун “Алишер Навоий” спектаклини намойиш этишган. Мазкур спектаклда илк маротаба Ҳусайн Бойқаро образини Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали Абдуқундузов ижро этган.

2018 йил 21-25 ноябр кунлари театр жамоаси “Аёл ҳақида қасида” спектакли билан Қашқадарё вилоятига гастрол сафари уюштирган.

2018 йил 14 декабр куни Қ.Норқобилнинг “Заминдан олис кетма” спектакли Жамоатчилик Кенгаши кўригидан ўтказилган.

2018 йил 15 декабр куни давлат ва жамоат арбоби, “Дўстлик”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳиби Ч.Айтматовнинг 90 йиллиги муносабати билан адиб қаламига мансуб “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” қиссаси саҳналаштирилган “Шунқор” спектакли Жамоатчилик Кенгаши кўригидан ўтказилган. Спектакл примераси ҳақида Севимли телеканалининг “Замон” информацион дастури ва 16-17 декабр кунлари Ишонч телеканали орқали лавҳалар эфирга узатилган.

2019 йил январдан театр жамоаси “Ал-Ҳаким ат-Термизий”, “Жон қизлар” спектаклларини саҳналаштириш ишларини бошлаб юборилган.

2019 йил март ойида 8 март “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда театр бош балетмейстери Ш.Жўраева “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

2019 йилнинг 14-23 март кунлари Эрон Ислом Республикасининг Киш оролида ўтказилиши режалаштирилган Халқаро Наврўз фестивалига Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг тавсиясига кўра Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри ижодий жамоасини ҳам қатнашиши билдирилган. Шу муносабат билан театр жамоаси фестивалга иштирок этиш учун халқ оғизаки ижоди асосида миллий қадрият ва анъаналаримизни тараннум этувчи “Наврўзбек ва Баҳорой” мусиқали фольклор томошасини саҳналаштирди.

2019 йилнинг 5-10 апрел кунлари Термиз шаҳрида ўтказилган “Халқаро бахшичилик санъати” фестивалида театрлаштирилган томошалар, тарихий шахслар сиймолари билан иштирок этди.