Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри

17.02.2021 06:14

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари Вазирлигининг 1990 йили 5 апрелдаги 115-сонли буйруғига ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 27 февралидаги 50/2 сонли қарорига асосан Қорақалпоқ давлат Қўғирчоқ театри ташкил топди ва театр фаолиятини кар ва соқовлар жамиятига тегишли иморатда ўз ижодий ишларини бошлади. Янги очилган театрга Кенгесбай Бердибаевни раҳбар этиб тайинлади. 1990-йили К.Каримовнинг «Ориқ мерган» спектакли Р.Торениязовнинг режиссёрлигида театр ўзининг биринчи пардасини очди. Ана шу йиллардан буён театр ижодий жамоаси томонидан театр саҳнасида 100 дан ортиқ спектакль ва қўғирчоқ шоу дастурлари тайёрлаб, республикамизнинг энг кичкина томошабинлари бўлган болажонларимизга маданий хизмат кўрсатиб келмоқда. Ўша йили болалар учун қизиқарли Қ.Матмуратовнинг “Оқ текеш билан кўк текеш” қўғирчоқ спектакли саҳналаштирилиб ва бу спектакль қўғирчоқ томошабинлари учун янгилик бўлди. Кенгесбай Бердибаев раҳбарлиги давомида ўзининг ташкилий ишларда фаоллиги ва меҳнатсеварлиги билан эьтибор қозониб, янги театр ривожи учун кўплаб ҳиссаларини қўшди. Театр жамоаси ҳеч нарсаси йўқ жойдан театр раҳбаридан бошлаб барча ходимлари қўғирчоқ театрининг келажаги учун тинмай меҳнат килдилар.

Ўша вақтларда қўғирчоқ театри соҳасида тажрибали режиссёрларнинг йўқлиги сабабли тажриба алмашиш мақсадида Қозоғистон Республикасидан машхур қўғирчоқ театри режиссёри Бекполат Парманов таклиф этилиб, у Д.Хусайновнинг “Керак бўлганинг керак” пьесасини саҳналаштирди. Спектаклнинг ғояси, қўғирчоқлари ва мусиқалари яхши ансамбль бўлиб яратилди. Театрда Б.Пармановнинг иккинчи сахналаштирган спектакли бу В.Орловнинг “Олтин жўжа” спектакли бўлиб, классик асарлардан бўлган бу спектакль томошабинлар олқишларига сазовор бўлди.

Театрда фаолият юритаётган актёрлар Мурат Бегимов, Айбек Есимбетовлар Ўзбекистон Давлат саънат ва маданият институтининг “Қўғирчоқ театри режиссёрлиги” бўлимида тахсил олиб келиб, 1997 йили театрда режиссёрлик ишларини бошлади. Ўша йили М.Бегимов О.Абдрахмановнинг “Гулдирсин” пьесасини сахналаштирди. Спектаклнинг муваффақиятли чиқишида рассом Даврон Раджапов, композитор Қурбанбай Заретдиновлар ўз ҳиссаларини қўшган бўлса, спектаклда ҳар бир образнинг жонли чиқиши туфайли ёш томошабинлар театрининг актёрлари М.Заматдинов, А.Қудайназаров ва Ж.Абдимовлар театрга дастлабки қўғирчоқ томошабинларини жалб қила олди. Яна кичик ёшдаги болалар учун М.Г.Поливанованинг “Айиқнинг хушчақчақ болалари” пьесаси муваффақиятли сахналаштирилди. Шу билан бирга, А.Есимбетов “Жодуланган шаҳар”, “Сеҳрли қамчи” пьесаларини сахналаштирди.

Театр ёш бўлишига қарамасдан, ташкил топганидан кейин илк маротаба 1991 йили Самарқанда шахрида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси қўғирчоқ театрлари фестивалида театр ижодий жамоаси К.Каримовнинг “Ориқ мерган ” спектакли билан иштирок этиб, шу фестивалда Қ.Қалилаев Ориқ мерген образи учун “Энг яхши актёр” номинациясини олишга эришди. Бундан кейин 1993 йили Андижон шаҳрида ўтказилган фестивалида Д.Хусайновнинг “Керак бўлганинг керак” 1997 йил театр жамоаси биринчи маротаба Қозоғистон Республикасининг Жана ўзан, Ақтау, Жетисай шаҳарларида ижодий сафарларни амалга ошириб қайтди. 1995 йили Тошкент шаҳрида ўтказилган қўғирчоқ театрлари фестивалида М.Бегимовнинг “Бедана ва Тулки” спектакли билан, 2000 йил Самарқанд шаҳрида ўтказилган VI Республика Қўғирчоқ театрларининг фестивалида М.Бегимовнинг “Шум эшак”, 2003 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган қўғирчоқ театрлари фестивалида М.Бегимовнинг “Бедана ва Тулки”, 2005 йил 19-24 декабрь кунлари Бухоро вилоятида ўтказилган Республика қўғирчоқ театрларининг VII дастурий кўрик-фестивалида П.Айтмуратовнинг “Отам айтган афсона”, 2009 йил 8-15 декабр кунлари Андижон шаҳрида ўтказилган Республика қўғирчоқ театрларининг VIII дастурий кўрик-фестивалида П.Айтмуратовнинг “Саҳродаги дўстлик” спектакллари билан фестивалларда иштирок этиб, муносиб ютуқларни қўлга киритди ва қорақалпоқ маданиятини қўғирчоқ образлари орқали юзага чиқарди.

Мурат Бегимов 2015 йил театрга бош режиссёр этиб тайинланганидан кейин қорақалпоқ қўғирчоқ театрининг саҳнасида буюк асарларнинг яратилиш даври бошланди десак муболаға бўлмайди. Унинг ижодига оид “Ботир қуён”, “Меҳнат туби роҳат”, “Қириқ қиз”, “Алдаркўса” ва бошқа спектакллари қўғирчоқ театрининг саҳна асарлари гулдастасига айланди. М.Бегимов режиссёрлигидаги 2016 йили Ўзбекистон Республикаси қўғирчоқ театрларининг X дастурий кўрик фестивалида (муаллиф П.Айтмуратов) “Шарияр” спектакли билан иштирок этди.

2017 йил қоракалпоқ давлат қуғирчоқ театрига Махмут Айтниязов директор этиб тайинланди ва янги раҳбар бошчилигида театр ижодкорлари театр сахнаси репертуарини бир-биридан қизиқарли ва бетакрор спектакллар билан тўлдирди. М. Айтниязов театр жамоасининг ижод қилиши учун кўпгина имкониятлар яратиб берди, ва шу саъй-ҳаракатлар натижасида 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси қўғирчоқ театрларининг XI дастурий кўрик фестивалида қорақалпоқ халқ достони асосида ёзилган “Кириқ қиз” спектакли билан қатнашиб, биринчи маротаба фестивалда учинчи ўринга муносиб деп топилди ва қимматбаҳо совға билан тақдирланди. Қорақалпоқ халқ достони асосида сахналаштирилган ушбу спектакль халқимизнинг энг катта достонларининг бири бўлган “Қириқ қиз” достонининг воқеаларини ўз ичига қамраб олган бу спектакль ёшларни Она Ватанга, ота-онага, дўстларига меҳрли бўлишни, уларни душманлардан қўриқлашга ўргатади.

Бундан ташқари театрда жахон классик асарларидан Ш.Перронинг (М.Бегимов инсценировкаси) “Қизил қалпоқча” спектакли рус тилида биринчи маротаба театр ёш режиссёри Гоззал Далиева томонидан саҳналаштирилиди. “Қизил қалпоқча” спектакли орқали асосан болалар онгида катталарга хурмат-эьтиборни, хайвонат оламига ишонч ва меҳрни, оқ ва қорани ажратишни ўргатади. Ушбу спектакль билан театр ижодий жамоаси 2018 йил 15-20 ноябрь кунлари оралиғида Тошкент шаҳрида ўтказилган Ёш режиссёрларнинг “Дебют-2018” V Республика кўрик фестивалида иштирок этиб, муносиб диплом билан тақдирланди.

Шуни алоҳида атаб ўтиш керак-ки, Қоракалпоқ давлат қўғирчоқ театри жамоасининг шу давргача қилган меҳнатлари ва эришган ютуқлари эътиборга олиниб, 2015-йили “Туркистон” кинотеатрининг эски биноси қайта реконструкция қилинди ва Қорақалпоқ қўғирчоқ театрининг кўркам иморатига айлантирилди. Ижод қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилган янги замонавий бино театр ижодкорларига катта туҳфа бўлди.

Чекка-чекка овулларда яшаётган театр мухлислари ҳам қўғирчоқ театр спектаклларидан баҳраманд бўлиши учун театр ижодий жамоаси томонидан маданий хизмат сафарлари ташкил қилинди ва 2017-йили давлатимиз томонидан ушбу маданий хизмат сафарларида енгиллик яратиш мақсадида театр жамоасига “Дамас” автомошинаси берилди.

Мустақиллигимизнинг 28-йиллиги муносабати билан театрнинг бош режиссёри М. Бегимов “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Бу нафақат кичкина болажонларнинг севимли эртакчи бобосига айланган М.Бегимовнинг, балки бутун қорақалпоқ давлат қуғирчоқ театри ижодий жамоасига берилган мукофотдир. 2018- йили театр ижодий ва жамоат ишларидаги ташаббускорлиги учун саҳна устаси Бегимов Аяпберген Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Фаҳрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Мустақиллигимизнинг 28-йиллиги муносабати билан театр бош режиссёри М.Бегимов “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Бу нафақат кичкина болажонларнинг севимли эртакчи бобосига айланган М.Бегимовнинг, балки театр ижодий жамоасига берилган мукофотди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш консепцияси ҳақида”ги қарори юзасидан 2019 йил 21-27 март кунлари оралиғида Республика миқёсидаги барча театрларда “Театр томошалари хафталиги” ўтказилди. Ушбу ҳафталик мобайнида Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театрида бир ҳафта давомида томошабинлар учун театрнинг тарихи ҳақидаги видео ролик, спектакль қўғирчоқлари ва саҳна декорацияларининг кўргазмалари, шунингдек томошабинларга бепул спектакллар намойиш этилди. Ҳафта давомида спектаклга келган ҳар бир томошабин мамнуният билан ижодий жамоага миннатдорчилик билдирди.

“Театр томошалари хафталиги” якуни бўйича Тошкент шаҳрида ушбу хафталик доирасида ўтказилган танловда театр “Энг яхши саҳна либослари” I ўрин диплом билан тақдирланди. Шу билан бирга театрда узоқ йиллар давомида меҳнат қилган театр ходими Қалбай Утениязов саънат соҳасида қўшган ҳиссалари учун “Фаҳрий ёрлик”га муносиб деб топилиши бу театр жамоасининг янада ижод қилиб қорақалпоқ театр маданиятини янада юксалтиришга туртки бўлди.

2020-йилнинг 5-8 сентябрь кунлари оралиғида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси театр арбоблари уюшмаси ҳамкорлигида Республикамиздаги 10 та қўғирчоқ театрларининг иштирокида “Республика қўғирчоқ театрларининг анъанавий XII кўрик-фестивали” илк бора онлайн тарзда бўлиб ўтди. Ва ушбу онлайн фестивальда қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри А. Бегимова муаллифлигидаги “Саҳро Бембийи” спектакли билан " 2-ўринга муносиб кўрилди.