Театр чизмаси топилмади

Наманган вилояти мусиқали драма театри

17.02.2021 11:03

Наманган вилояти мусиқали драма театри 1931 йил 15 июнда А.Султоновнинг “Интилиш” спектакли билан очилди. Илк спектаклнинг номидаёқ янгиликка интилувчи, янгилик излаш йўлида жипслашган кишиларнинг жасорати, қатъиятини акс эттирувчи, ҳаётий барқарорлик мужассамлашган эди.

Мазкур спектакль билан Ўзбекистон театр йилномасининг ёрқин саҳифаларидан бирига айланган Наманган вилояти мусиқали драма театрининг ижодий ва машаққатли ҳаёт йўли бошланди. Фикримизнинг далили сифатида Ғ.Зафарийнинг “Ҳалима”, У.Исмоиловнинг “Рустам”, Ф.Шиллернинг “Макр ва муҳаббат”, А.Бобожоновнинг “Азиз ва Санам”, А.Соловёвнинг “Насриддин Афанди”, ўзбек саҳнасида илк бор намойиш этилган М.Лермонтовнинг “Испанлар”, В.Шекспирнинг “Қирол Лир” каби юксак реалистик санъат намуналарига айланган асарларини кўрсатишимиз мумкин. Бугунги кунда - театрнинг табаррук 90 йилга яқин тарихи саҳифаларини варақлар экансиз, Ўзбекистон халқ артистлари Р.Ҳамроев, М.Азизова, С.Раҳмонов, М.Мансуров, Ҳ.Охунова, М.Убайдуллаев, К.Раҳимов, Ў.Нуралиев, Т.Мамедова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар М.Дадабоев, А.Тошбоев, О.Тожибоева, М.Исомиддинов, Р.Ҳамрақулов, М.Қорабоева, Т.Сайдуллаевлар санъатини – актёрлик ютуғини эслаб ўтиш кифоя.

1930 - йиллар саҳна санъати сирларини ўрганиш борасида ўзига хос мактаб даври бўлди. Режиссёрлар А.Турдиев ва Р.Ҳамроевларнинг Т.Жаъфарова, М.Азизова, А.Тошбоев, С.Раҳмонов, М.Дадабоев каби актёрлар билан К.Яшиннинг “Тор-мор” (1935), У.Исмоиловнинг “Рустам” (1935), А.Мажидийнинг “Отсиз”(1936), К.Яшиннинг “Номус ва муҳаббат”(1938), Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи”(1939) спектаклларидаги ҳамкорлиги яхши натижалар берди. Характер яратишда бирёқламалилик ва схематизмни енгган ҳолда актёрлар қаҳрамонлар ички дунёсига кириб бориш санъатини эгаллай бордилар ҳамда инсон характерини очиб бериш борасида маҳоратлари ортди.

1936 йилда ҳукумат қарорига асосан Наманган Давлат драма театрига буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий номи берилган.

Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки йилларидаёқ Наманган театри қошида оталиқ концерт бригадалари тузилади ва улар ўз фаолиятларини ҳарбий қисмлар, фронтга жўнаётган чақирилувчиларга фаол хизмат кўрсатишдан бошлайдилар. Шунингдек театр ўз саҳнасида қаҳрамонлик – ватанпарварлик руҳидаги спектаклларни қўйиш борасида ҳам талай ишларни амалга оширди. С.Абдулла ва Чустийнинг “Қурбон Умаров” (1941), Г.Мдиванинг “Фронт бўйлаб янграр буйруқ” (1942), И.Султоннинг “Бургутнинг парвози” (1944 йил) каби ўткир сиёсий мушоҳадали, инсон қудратини улуғловчи, Ватан озодлиги ва мустақиллиги учун курашга чорловчи спектакллар шулар жумласидандир.

1950-1960 - йиллар жамоанинг ўз репертуарини излаш борасидаги жадал суръати ҳамда актёрлар саҳна маҳоратининг ўсиши билан характерланувчи ижодий кўтаринкилик руҳи билан диққатга сазовор. Театрга Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист А.Хачатуров бош режиссёр қилиб тайинланади. Шу даврдан бошлаб театр ижодий фаолиятида романтик жўшқинлик, қаҳрамонлик, комедиявийлик каби драматик асар жанрига хос бўлган янги қирралар пайдо бўла бошлайди. Худди шу даврда театр саҳна санъати ва ўзбек драматургиясининг ўзаро алоқалари жараёни ёрқин намоён бўлди. А.Қаҳҳорнинг “Оғриқ тишлар”(1955), О.Ёқубовнинг “Чин муҳаббат”(1956), С.Қориевнинг “Доғлар”(1956), Уйғуннинг “Ҳуррият”(1959) каби спектакллари ижодий жамоанинг замонавий ҳаёт муаммоларини равшанроқ акс эттиришга интилаётганлиги, янги ифода воситалари ҳамда янгича саҳнавий талқин излаётганлигидан далолат берарди. Шунинг билан бирга театр тарихий ва замонавий мавзулардаги асарлар яратиш борасида ҳам қатор ишларни амалга оширди. А.Бобожоннинг “Азиз ва Санам”(1955), А.Турсуннинг “Унутилмас кунлар”(1957), К.Яшин ва А.Умарийнинг “Ҳамза”(1958) каби спектакллари ўзининг ўткир ижтимоий жаранги, ўзига хос режиссёрлик талқини, қаҳрамонлар образининг нозик психологик планда яратилганлиги билан ажралиб туради.

Буюк А.Ҳидоятов иштирокида Ҳамза номли академик театр саҳнасида томошабинларни ҳайратга солган “Отелло”нинг Наманган театрида қўйилиши (1954) ижодий жамоанинг зўр журъатидан далолат берган эди. Бу билан театр ўзининг бежилов илҳоми ва хоҳишини исбот эта олди ҳам.

1963 - йилда театр муcиқали драма ва комедия театрига айлантирилди.

Шу даврдан бошлаб мусиқали жанр асарлари театр репертуарида асосий ўринни эгаллайди. Режиссёр К.Йўлдошев саҳналаштирган С.Абдулланинг “Алпомиш”(1965), С.Жамолнинг “Гули сиёҳ”(1966), С.Абдулланинг “Тоҳир ва Зуҳра”(1966), Ғ.Зафарий ва Т.Тўланинг “Ҳалима”(1971), Ш.Хуршиднинг “Лайли ва Мажнун”(1973) каби асарлари шулар жумласидандир.

Шунингдек, театрнинг сўнгги йиллар репертуарида В.Шекспирнинг “Ҳамлет”, Б.Равенских ва М.Гончаровнинг “Ҳаяжонли қўшиқ”, М.Шатровнинг “Революция номи билан”, Л.Леоновнинг “Ҳамла”, А.Турсуннинг “Машраб”, А.Шаламаевнинг “Ибн Сино”, Ҳ.Саъдулланинг “Юсуф ва Зулайҳо”, О.Абдуллиннинг “Ўн учинчи раис”, А.Коломейцнинг “Қаҳри қаттиқ фаришта” каби спектакллар мавжуд эди. Шу даврларда саҳна юзини кўрган молдован драматурги И.Друценинг “Каса Маре” асари катта муваффақият қозонди ва ундаги бош роллар ижрочилари Т.Мамедова ҳамда Р.Ҳамроқуловнинг меҳнатлари ўзининг муносиб баҳосини олди.

Театр Мустақиллик йилларида янада гуллаб яшнади. Ижодий жамоа саҳналаштирган ўнлаб асарлар миллий театр санъатининг энг яхши анъаналарини сақлаган ҳолда саҳна юзини кўрди. Улар орасида “Олтин қафас ичра”, “Адолат куни”, “Ал-кабир”, “Ёр истаб”, “Меҳр қуёши”, “Муноқаша”, “Балои нафс”, “Усмон Носир қаерда?”, “Наманган алласи” , “Қирол Лирнинг сўнгги набиралари”), “Алпомишнинг ўқ ёйи” “Тобутдан товуш”, “Чимилдиқ” , “Иккинчи тумор”, “Аяжонларим” “Заҳарли томчи”, “Омонат дунё” , “Умр шомидаги бахт”, “Беш кунлик куёв”, “Сирли кеча”, “Кўпик давру-давронлар”, “Бу чоллар ажиб чоллар”, “Бедаволар”, “Тўйлар муборак” “Виждон амри”, “Алихонлик Гамлет”, “Қуриётган дарахт”, “Супер кайнона”, “Тақдир эшиги”, “Ҳаж сафари” “Аёл бўлиш осонми?”, “Армон”, “Ўлан, “Матмуса, “Боғбон қиз”, “Амир Темур ёхуд адолат қиличи”, “Суйгонингдан айрилма”, “Ўткан кунлар” спектакллари саҳналаштирилди.

Наманган вилояти мусиқали драма театри 2007 йил “Боғ” спектакли билан Туркманистонда ўтказилган “Ҳалқаро фольклор ва қўшиқ фестивали”да меҳмон сифатида иштирок этган. Сўнгги йилларда “Дебют” Республика ёш режиссёрлар кўрик-фестивалида “Боғ”, “Сирли курси”, Ўлан” каби спектакллари ҳамда “Сени куйлаймиз, замондош!” Республика театр санъати фестивалида “Баҳор шамоли”, “Разолат қурбонлари” спектакллари билан мувафаққиятли иштирок этиб фахрли ўринларни эгаллаган.

2019 - йилда Асрор Самадовнинг “Соҳибқирон Амир Темур ёҳуд адолат қиличи” асари асосида режиссёр Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Карим Юлдашев томонидан саҳналаштирилган спектакль Қирғизистон Республикасида бўлиб ўтган “ART ORDO”VII-халқаро театрлар фестивалида иштирок этди. Спектакль фестивалнинг ”Энг яхши сценография” ҳамда “Эл олқиши”га сазовор бўлди.

Наманган вилояти мусиқали драма театри жамоасида ҳозирги кунда 86 нафар ижодий ва техник ходимлар меҳнат қилмоқда. Улар орасида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвони ва “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони соҳибаси Карима Расулова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Алижон Тожибоев, Мехри Абдуллаева, Азиза Каримова ҳамда “Шухрат” медалига муносиб бўлган Дифуза Қодировалар бор. Шунигдек, кўп йиллардан бери ижод қилиб келаётган Мирмамут Мусабаев, Маъруфжон Ниязов, Баходир Жўраев, Авазбек Қодиров, Х.Маллабаев, Х.Нажмиддинов сингари етук ва иқтидорли санъаткорлар Шуҳрат Абдуллаев, Нуриддин Исмоилов, Хайрулло Солиев, Зайниддин Қирғизов, Қаҳрамон Абдуваҳобов, Асила Ахмедова, Иқбола Деҳқонова, Акмал Саримсақов, Равшаной Режаббаева каби ёш истеъдодлар ижод қилиб келмоқдалар.