Манзил аниқланмади

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар драма театри

17.02.2021 11:50

1921 йилнинг 15 январида шоир, режиссёр ва драматург Абдулҳамид Мажидий ташаббуси билан Зиё Саиднинг “Қонли кун” спектакли билан ўз ишини бошлаган. Каттақўрғон шаҳар драма театри шу кунга қадар турли номлар билан юритилиб келинди. 1928 йили унга “Ҳақиқат” номи берилди. 1940 йилда эса “Колхоз-совхоз театри” номи билан томошалар кўрсатган. 1958-1961 йиллар орасида Каттақўрғон шаҳар мусиқали театри деб аталди. 1962 йилда Каттақўрғон ўзбек давлат драма театри номи берилди. 2016 йилдан буён Каттақўрғон шаҳар драма театри номи билан юритилиб келинмоқда. Театр биноси 1976 йилда қуриб фойдаланишга топширилган, 2016 йилда Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ташрифлари муносабати билан капитал таъмирланган ва моддий-техник базаси мустаҳкамланган. Томоша зали ўриндиқлари сони 450 та.

Театр фаолиятини бошлаган йилларда театр репертуаридан К.Яшиннинг “Ўртоқлар”, У.Исмоиловнинг “Ҳодишоди”, Ҳ.Мухторовнинг “Маҳаббат гули”, Ҳамзанинг “Майсаранинг иши”, Б.Раҳмоновнинг “Дили бошқа-ю, тили бошқа”, Н.Гоголининг “Уйланиш” каби асарлари асосидаги спектакллар ўрин олган.

Театрнинг бугунги камолотида саҳна фидойиси, Ўзбекистон халқ артисти, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Ширин Мелиеванинг беқиёс хизматлари бор. Ш.Мелиева ўтган асрнинг 50-йилларида бу театрини тарқалиб кетишдан сақлаб қолган. Унинг раҳбарлигида Каттақўрғон театри минг-минглаб мухлислар ортирди, театр саҳнаси давр ва томошабин талабларига мос спектакллар билан бойиди, чинакам ижодий жараён ҳукмрон бўлди.

Республикамиз пойтахти ва барча вилоятларида Каттақўрғон театрининг гастроллари мувофақиятли уюштирилмоқда.

Айни кунда театр саҳнасида М.Беҳбудийнинг “Падаркуш”, Ш.Ризаевнинг “Она”, М.Зошенконинг “Қилмиш-қидирмиш”, А.Караевнинг “Шок”, Н.Қобилнинг “Тўда”, Э.Шукурованинг “Соҳиба”, Т.Маликнинг “Заҳарли томчилар”, Э.Хушвақтнинг “Андишали келинчак”, “Қаллиқ ўйини”, Г.Нахуцришвилининг “Миттивой”, Ёрқиннинг “Қора шохнинг шохи синди”, М.Уйғурнинг “Туркистон табиби”, Г.Муфтизоданинг “Унутилган бойлик”, Т.Юнуснинг “Нисо холанинг ҳисоби”, У.Азимнинг “Бир қадам йўл”, С.Ҳамроевнинг “Жасорат йўли”, С.Аҳмаднинг “Уфқ” асари асосида М.Умаров инсценировкаси “Зириллама томонларда”, М.Эргашнинг “Имом Ал-Бухорий”, А.Қодирий ҳажвиялари асосида М.Муҳаммадаминова инсценировкаси “Тошпўлат тажанг нима дейди?”, Ч.Айтматовнинг “Эрта қайтган турналар”, Х.К.Андерсоннинг “Ялонғоч қирол”, Фармон Тошев қаламига мансуб “Қалтис қадам” спектаклларини намойиш этилмоқда.

Ўтган давр мобайнида театр жамоаси кўплаб фестивалларда иштирок эди. Жумладан, 2013 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган “Theatre.UZ/2013” театр санъати фестивалида А.Караевнинг “Шок” асари билан иштирок этиб, махсус диплом билан тақдирланди. 2017 йил 27 июндан 1 июлга қадар Тошкент шаҳрида ўтказилган “Сени куйлаймиз, замондош!” IV-Республика театрларининг кўрик-фестивалида “Жасорат йўли” (Оқпадар) спектаклини намойиш этиб, “Огоҳликка даъват этувчи спектакль” номинацияси бўйича диплом билан тақдирланди. 2018 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган “Дебют-2018” республика кўрик-фестивалида театр жамоаси, театр режиссёри Ф.Абдурайимов томонидан саҳналаштирилган “Ялонғоч қирол” спектаклибилан муносиб иштирок этди.

Республикамизнинг кекса театрларидан саналмиш Каттақўрғон шаҳар драма театри жамоаси қайноқ ижод оғушида.

Мақсад – талабчан, диди баланд мухлисларнинг доимий эътиборида бўлиш, шу куннинг руҳига мос асарлар саҳналаштириб, томошабинларга завқ бағишлаш, энг муҳими-санъат даргоҳининг шуҳратини сўндирмасликдан иборат. Бугунги кунда театрда 75 нафар ходимлар фаолият юритиб келмоқда.