Манзил аниқланмади

Андижон вилояти ёшлар театри

17.02.2021 07:44

1988 йилнинг 3 майидаги театр санъатини ривожлантириш, унинг янги қирраларини шакллантириш мақсадида, ўша даврдаги СССР Министрлар советининг қарорига биноан “Союзтеатр” бутун иттифоқ ижодий ишлаб чиқариш бирлашмасининг қарорига асосан “Союзтеатр” ИИБнинг Ўзбекистон бўлими “Андижон шаҳрида ўз-ўзини маблағ билан таъминловчи , хўжалик ҳисобида кун қўрувчи “Истиқбол” театр студияси ташкил этилсин, театрнинг бадий раҳбари этиб, режиссёр Маннон Ҳамидов тайинлансин, деган, 13 декабрдаги №39 сонли қарорини қабул қилди. 1988 йилнинг 14 декабрида Андижон шаҳрининг Машинасозлик заводи маданият саройида студиячилар драматург Шароф Бошбековнинг “Темир хотин” комедиясини Союзтеатр” И.Б. Ўзбекистон бўлими дирекциясининг бир гуруҳ мутахассисларига намойиш этдилар. Мутахассислар ушбу асарни жуда яхши қабул қилдилар. Шундан кейин бу комедияни қайси жойда намойиш этилмасин, Андижонлик театр шинавандалари уни жуда яхши қабул қилдилар. Вилоят бўйлаб ташкил этилган ҳар бир томоша жонли мулоқотга айланар, томошабин ва актёрлар орасида сирли бир яқинлик вужудга келар эди. Республика телевидениясининг режиссёри Толиб хожи Ҳамидов драматург Марат Асадуллаевнинг “Балойи нафс” комедиясини саҳналаштирди. Театр студиясининг аъзолари ушбу асар билан Тошкент шаҳрида ўтказилган бутун Иттифоқ театр студияларининг “Ниҳол” фестивалида иштирок этдилар. Театрнинг яратилишида, сўзсиз, собиқ театр раҳбари Маннон Ҳамидовнинг ҳиссаси бениҳоят даражада каттадир. Аммо, юқорида айтганимиздек, унга эргашиб чиққан ижодкорларсиз бу театрни театр қилиш мумкин эмас эди. Театрнинг бош ҳисобчиси (марҳум) М.Ғарипов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Қобилжон Мадаминов, Матлубахон Мадраҳимова (марҳума), таниқли актриса Турсуной Рўзиева, марҳум актёр Маҳмуджон Турғунов, марҳум режиссёр Эргаш Собиров, марҳум саҳна устаси Тоҳиржон Ортиқов, театрнинг ёритиш устаси Мадаминжон Худойбердиев, актриса Фотимахон Мамасодиқова, актёр Шокиржон Аҳмедов, актёр Неъматжон Ҳакимов, актёр Ғайрат Аҳмедов, актёр Сойибжон Мирзаев, актриса Барнохон Мирзакаримова, актёр Иброҳим Тошпўлатов, актёр Воҳиджон Турдиев, актриса Роҳатой Юлдашева, актриса Гулҳаё Ўринова, актёр Нозимжон Абдураҳмонов, адабий маслаҳатчи, шоир ва драматург Зиё Нажмий (Зиёйиддин Нажмиддинов), хонанда Мирзағолиб Мирзараҳимов, хонанда Муроджон Рўзиев, созандалар Ҳасанбой Абдулазизов, марҳум Содиқжон Ўлжабоев, Дилшод Қосимов, Ҳайрулло Мамажонов, Улуғбек Жамолитдинов, шофёр Йўлдош Исмоиловлар театрнинг шаклланишида улкан ҳисса кўшганлар.