Расулов Батирджан Касимович

Театр: Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театри

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби

Расулов Батирджан Касимович ушбу театр бош дирижёри сифатида 1980 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Б.Расулов 1971 йили Мухтор Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг “Миллий мусиқа асбоблари (ғижжак)” факультетини 1979 йили опера-симфоник дирижёрлик факультетини тамомлаган. Б.Расулов таниқли ўзбек бастакори Э.Салихов ва режиссёр В.Васильев ҳамкорлигида саҳналаштирилган “Хўжа Насриддин” биринчи ўзбек опереттасида илк бор дирижёр сифатида иштирок этди. Шубҳасиз, мазкур асар ижодкор фаолиятида асосий аҳамиятга эга. Театрнинг мусиқий раҳбари сифатида Б.Расулов ўзбек бастакорларининг асарларини саҳналаштиришга алоҳида эътибор беради. Э.Салиховнинг “Тентакча”, “Ойгул парининг совғалари”, “Холажон, уйланаман” (А. Икрамов), “Миттича” (А.Эргашев) шулар жумласидан. Б.Расулов оперетта театри классик репертуарининг асосий дирижёри ҳисобланади. “Веселая вдова”, “Фраскита”, “Граф Люксембург”(Ф.Легар), “Летучая мышь”, “Король вальса”, “Циганский барон”(И.Штраус), “Принцесса Цирка”, “Баядера”, “Марица”, “Сильва” (И.Кальман), ”Ханума” (Г.Канчели), “Невеста Хлестакова” (А.Эргашев, С.Каприелов), “Очарован тобой” (Г.Нажидова), “Свадебное платье для Роз-Мари” (Г.Стотгарт, Р.Фримль) асарларини мисол қилиш мумкин. Режиссёр сифатида “Баядера”, спектаклини саҳналаштирган. Б.Расулов фаолиятида МДҲ давлатлари бастакорларининг спектакллари ҳам алоҳида ўрин тутади. Таниқли Озарбайжон бастакори ва ижрочиси Пўлат Булбул ўғлининг “Қўшиғимга ишон” ва Россияда хизмат кўрсатган санъат арбоби К.Васильев билан ҳамкорликдаги “Аёллар машмашаси” ва “Ширин мева” асарларини кўпчилик ҳали-ҳануз яхши эслайди. Симфоник оркестр дирижёри сифатида профессионал фаолиятини Б.Расулов 1979 йили айнан ушбу театрда бошлаган, 1980 йили эса театр бош дирижёрлигига тасдиқланди. Бугунга қадар Б.Расулов 50 дан ортиқ асарларни саҳналаштирди. Шунинг баробарида, у Ўзбекистон Давлат консерваторияси доценти, Успенский номидаги республика махсус мусиқа академик лицейи ўсмирлар симфоник оркестри бош дирижёри вазифаларини адо этиб келмоқда. Спектаклларни саҳналаштириш жараёнида Б.Расулов артистлар ва вокалчилар билан енгил ишлай олади, улар билан ижодий ҳамкорликда фаолиятни йўлга қўйишни яхши ўзлаштирган. Театр ёшлари, артист ва вокалчилар билим ва малакасини оширишида муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.