Соловей Зинаида Ивановна

Театр: Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театри

Ўзбекистон ҳалқ артисти

Етакчи саҳна устаси Соловей Зинаида Ивановна Юксак профессионаллик, бетакрор актёрлик маҳорати, ижрочи сифатида беназир истеъдоди, баланд ва чиройли овози (лирик сопрано) туфайли З.Соловей қарийб, қирқ икки йил давомида Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театрида ишлаб томошабинлар қалбидан чуқур жой олиб, уларга чексиз қувонч ва шодлик улашиб келмоқда. Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театридаги фаолияти давомида актриса қатор классик ва замонавий асарларда етмишдан ортиқ ролларни ижро этди. 1986 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист”, 2006 йили “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фаҳрий унвонлари билан мукофотланган. Зинаида Соловей театр репертуаридан жой олган қатор классик спектаклларда, “Король вальса”да Эдит Флавон, “Летучая мышь”да Розалинда, “Цыганский барон”да Саффи, шунингдек, “Сильва”, “Марица”, “Княжна Божена”, “Баядера”, “Принцесса цирка”, “Граф Люксембурга” ва бошқа оперетталарда партиялар ва асосий ролларни ижро этган. Тажрибали актриса Зинаида Соловей айни пайтда ҳам театр репертуаридаги қатор асарларда етакчи ролларни ижро этиб келмоқда. Жумладан, томошабинлар қалбидан ўрин олган “Азизам, Памелла”да Памелла, “Любовный вертеж”да Секлета Лимариха, “Марица”да Княжна Божена, “Аршин мол-олан”да Жаҳон, “Цилиндр”да Беттина, “Свадьба Кречинского”да А.А.Атуева, “Сильва”да Княгиня Юлиана, “12 стульев”да Боур, “Ребёнок напрокат”да Полина, “Невеста Хлестакова”да Фёкла Ивановна сингари ролларини мисол қилиш мумкин. Ўзбек драматурглари асарларидаги турли характерли образлар Зинаида Соловей репертуарида алоҳида ўрин тутади. “Ходжа Насреддин” (“Влюблённый странник”) асаридаги Отин-биби каби роллари томошабинлар олқишига сазовор бўлиб келмоқда. 2008-2010 йилларда саҳналаштирилган “Дорогая Памела”, Эдуардо де Филиппонинг “Цилиндр” мусиқий асарларида Зинаида Соловей асосий қаҳрамонлар Памелла ва Беттина образларини моҳирона ижро этиб, театр ихлосмандлари, томошабинлар ва театршунослар эътиборини қозонди. Театрдаги фаолияти давомида З.Соловей театр труппаси билан бирга Республика бўйлаб ташкил этилган гастроль сафарларда ўзининг алоҳида дастури билан фаол иштирок этган. З.Соловей “Украина-Ўзбекистон” Дўстлик Жамияти Бошқарувининг аъзоси. 2003 йилда З.Соловей “Украинада хизмат кўрсатган артист” фаҳрий унвони билан мукофотланган.