Кадырова Зебинисо Игамназаровна

Театр: Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри

Кадырова Зебинисо Игамназаровна 1976-йили зиёлилар оиласида таваллуд топиб, ўрта мактабни битиргандан сўнг, 1997- йили А.Қодирий номидаги Тошкент Давлат Маданият институти «Халқ бадиий ижодиёти» факультетининг «Оммавий байрамлар режиссёрлиги» бўлимига ўқишга кириб, уни 2001-йили муваффақият билан тугатди ва бакалавр дипломига эга бўлди. З.Қодирова 2003 йилдан бошлаб иккинчи тоифали артист сифатида ушбу театрга ишга қабул қилинди. 2006 йилнинг сентябр ойида З.Қодирова меҳнати самаралари натижасида биринчи тоифали актриса даражасига кўтарилди. Театрда фаолият юритган даври ичида у ўзини ўткир қиррали актриса сифатида намоён этди. Айниқса, оҳирги йилларда у ижро этган венгр адиби Д.Урбаннинг «Жони-дилим пишлоқ» асари асосида саҳналаштирилган мюзиклдаги она сичқон Лиди, инглиз адиби Ж.Толкиеннинг «Борса-келмас...» спектаклидаги қувноқ гном Торин, Э.Хушвақтов асари асосида саҳналаштирилган «Чўп қўғирчоқ» спектаклида Чўп қўғирчоқ каби роллари ёш томошабинлар томонидан қизғин кутиб олинган. Ўтган мавсум натижалари бўйича З.Қодирова театрнинг энг яхши иккинчи план актрисаси номинацияси бўйича «Олтин Шум бола» совринига Ш.Ризаевнинг «Дискотека» спектаклидаги Малоҳат ролини муваффақият билан ижро этганлиги учун эга бўлди. Шунингдек, театримиз репертуарида намойиш қилинган “Оловиддининг сеҳрли чироғи”да Сотувчи аёл, “Ҳалфана”да аёл ва масхарабоз, “Али хўжа-Хўжа али”да Масқарабоз, “Тўрт эгизак”да Бенка, “Гап йўқ қўзичоқ”да Қўзичоқ, “Виждон қўшиғи”да Улоқча, “Сеҳрли дур”да Олов, “Ҳалоллик тилаб келдим” Она, “Менинг ўрдакчам”да Мушук, “Қор маликаси”да Қароқчи, Трол, “Ойпошша”да(русчада) Блоха, “Борса келмас”да Курта, “Аламазон ва унинг пиёдалари”да Жирканч, “Залолат” Феруза каби ролларда ва бир қатор спектаклларнинг оммавий саҳналарида турли роллар ижро қилиб келмоқда. Бундан ташқари серқирра актриса Қодирова З. 2013 йилдан эътиборан Ўзбтелерадиокомпаниясининг “Болажон” телеканалида бир нечта кўрсатувлар суҳандони ҳамда “Мунис она” видеофилмида, “Опа сингиллар” телесериалида роллар ижро этиб келмоқда.