Ашурова Зухра Джураевна

Театр: Ўзбек Миллий академик драма театри

Ўзбекистон халқ артисти

Ашурова Зухра Джураевна 1961 йилда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида туғилган. Миллий театрда 1983 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. 2000 йили "Ўзбекистонда Республикасидахизмат кўрсатган артист”унвони билан тақдирланган. З.Ашурова театрда саҳналаштирилган 100 га яқин асарларда турли хил характердаги мураккаб ролларни ижро этди. У театр саҳнасида намойиш этилган жаҳон ва ўзбек классикаси ҳамда замонавий асарларда бир қатор образлар галереясини яратиб, бугунги кунда театрнинг етакчи актёрларидан бирига айланди. З.Ашурова томонидан ижро этилган "Армон” спектаклидаги Лаура, "Апельсин ишқи”даги Никетта, "Ҳаётдан тўйган тун”даги Баян, "Тун албатта ўтади”даги Амалия, "Соҳибқирон”даги Бибихоним, "Увайсий”даги Нодирабегим, "Ёрқиной”даги Ёрқиной, "Муҳаббат султони”даги Лайли, "Меҳробдан чаён”даги Раъно, "Ўткан кунлар”даги Офтобойим, "Яраланган оққуш ноласи”даги Зебо, "Йиғлама қиз”даги Қумри, "Кундузсиз кечалар”даги Солиха, "Энг сулувли келинчак”даги Гулбарчин, "Андишалик келичка”даги Муниса, "Нексия”даги Нилуфар, "Уйқусиз кечалар”даги Моҳира, "Тортадурман жабримни”даги Фароғат каби бош роллари ўзининг психологик теранлиги ва мазмунан чуқурлиги билан эътиборга лойиқ. У яратган образлар очиқ эҳтироси, мантиқий чуқур таҳлилий талқини билан спектаклнинг умумий режиссёрлик ечимининг аниқ кўринишида муҳим рол ўйнайди. Актирса истеъдоди юракка ва руҳга етадиган бир тарздаким, бу ҳол санъатимиз учун жуда қадрлидир. З.Ашурова кинофильмларда, телевидение ва радиода яратган 30 дан зиёд образлари билан эл орасида истеъдодли санъаткор сифатида танилди. Телевидение хазинасида сақланаётган "Бобур” видеофильмида Хонзодабегим, "Лайли ва Мажнун”да Лайли, "Шаҳзода ва канизак”да Гулжаҳон, "Иймон”да Озода, "Балои нафс”да Назокат, "Қирқ тоғаранинг – қирқ ноғораси”да Латофат образлари санъат ихлосмандлари қалбидан мустаҳкам ўрин олган. Актириса, шунингдек, "Турмуш чорраҳалари”, Одамлар орасида” туркумидаги видеофильмларда, "Осмондаги болалар”, "Муҳаббат синовлари”, "Нотаниш”, "Жодугар”, "Ҳижрон”, "Кореялик келин”, "Виждон” фильмларида мунис аёлларимиз сиймосини кўрсатди. Ўзбекистон радиосидаги "Ўткан кунлар” радиоспектаклида Кумушбиби ва бошқа радиопостановкаларда бир қатор ёрқин образлар яратиб, томошабинлар ва радиотингловчилар меҳрини қозониб келмоқда. Мамлактимиз миқиёсида кенг нишонланиб келинаётган Мустақиллик ва Наврўз умумхалқ байрамлари ва кўплаб маданий тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. У ўзининг самимийлиги, меҳнатсеварлиги ва тиришқоқлиги билан театр жамоаси ҳамда томошабинларнинг ҳурмат эътиборини қозонган серқирра ижодкорлардан.