Ишонқулов Шуҳрат Хайдарович

Театр: Жиззах вилояти қўғирчоқ театри

Ишонқулов Шуҳрат Хайдарович 2006 йил Жиззах Давлат Санъат коллежининг драматик театр ва кино актёрлиги бўлимини тамомлаган. Мутахассислиги драма ва кино актёри. Ишанкулов Шухрат ўз ижодий фаолиятини Р.Алиев асари “Ўтлоқдаги ҳангома” спектаклида Бойўғли образи билан бошлаган ва бу образ орқали ёш томошабинлар орасидан ўзининг мухлисларига эга бўлди. У ўзининг самарали изланишлари туфайли яна бир қанча спектаклларда катта-кичик образларни яратди. Жумладан: 2002 йил Н.Пармонова асари “Келинг дўст бўлайлик”да Айиқ, 2004 йил Орлов асари “Олтин жўжа”да Бўри, 2004 йил Х.Расул асари “Сайра булбулим” Яшин, 2004 йил Х.Расул асари “Қўшиқчи қиз ва қўзичоқ”да - Ота, 2005 йил Х.Убайдулло асари “Ботир бола”да - Ботир бола, 2007 йил Р.Қаюм асари “Яшна бўстоним, яшна”да - Қарға, 2009 йил ўзбек халқ эртаклари асосидаги “Ур тўқмоқ”да - чол, хон, 2011 йил М.Ашурова асари “Ўз уйингни ўзинг асра”да – Шумтака, 2014 йилда “Қўғирчоқлар концерти” мусиқали қўғирчоқли дастурида Насриддин афанди, М.Ашурованинг “Яхши фазилатинг зебу зийнатинг” спектаклида – Жасур образини ижро этган бўлса, 2015 йилда Ж.Маҳмуд асари “Ўжар хўтикча”спектаклида “Бобо” 2016 йилда А.Қурбонов асари “Бахт фариштаси”да Бошловчи, 2017 йилда Ш.Рашидов асари “Кашмир қўшиғи” да Бўрон, 2018 йил саҳналаштирилган Учқун Ўсаровнинг “Виртуал дунё” спектаклида Антивирус, Акмал Тўраевнинг “Барака бобонинг янги йил саргузаштлари” спектаклида Эртакчи” каби образларда ўзининг актёрлик маҳоратини кўрсатди. У ижро этган ижобий ва салбий роллар ёш томошабинлар онгига кириб бориб, спектакл давомида қўллаб-қувватлаш ва ҳайқириқлар билан қарши олинади. Ишанкулов Шухрат республика қўғирчоқ театрларининг анъанавий кўрик-фестивалларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. 2016 йил 1-4 июл кунлари қўғирчоқ театри жамоаси Азизбек Қурбоновнинг “Бахт фариштаси” спектакли билан Республикамизнинг Андижон вилоятида бўлиб ўтган Республика Қўғирчоқ театрларининг анъанавий Х-кўрик-фестивалида иштирок этиб, “Аҳлоқий қадриятларни ифодалагани учун” дипломи билан, ҳамда “Юртимиз келажаги бўлган ёш авлоднинг маънан етук инсонлар бўлиб етишишлари ҳамда улар ўртасида қўғирчоқ театри санъатини кенг тарғиб қилиш борасидаги самарали фаолияти ва Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг X-анъанавий кўрик-фестивали доирасида вилоят аҳолиси, айниқса ёшлар билан ўтказилган маданий тадбирлардаги фаол иштироки учун” Андижон вилояти ҳокимлигининг ташаккурномаси билан тақдирланди. 2018 йил 9-13 июл кунлари Тошкент шаҳрида Республика қўғирчоқ театрларининг XI-анъанавий кўрик-фестивали бўлиб ўтди. Фестивалда қўғирчоқ театри Учқун Ўсаровнинг “Виртуал дунё” спектаклини намойиш этди. Спектаклда Ишонқулов Шухрат-Антивирус ролини ижро этиб, томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди. Қўғирчоқ театри жамоаси шу фестивалда “Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг XI- анъанавий кўрик-фестивалидаги фаол иштироки учун фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Ушбу спектаклда Ишанкулов Шухрат “Бошловчи” ролини ижро этиб, ўзининг иқтидор эгаси эканлигини яна бир бора кўрсатди. Ўзининг меҳнатсеварлиги самараси ўлароқ, 2009- 2010- 2012- 2014 йилларда Жиззах вилоят Маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳамда театр раҳбарияти томонидан “Фахрий ёрлиқлар” билан тақдирланди.