Ҳусенова Гулнора Бадаловна

Театр: Бухоро вилояти мусиқали драма театри

Ҳусенова Гулнора Бадаловна халқимиз миллий маънавияти, маданияти ва санъатини ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб, ёшларга актёрлик сирларини ўргатиб келмоқда. Истеъдодли серқирра актриса ҳамда раҳбар сифатида самарали ижод қилиб келмоқда. Бухоро вилояти мусиқали драма театри 1930 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 125 нафар ижодий ҳамда ишчи ходимлар фаолият олиб бормоқда. 2010 йилда Мустақиллик байрами арафасида Боқий Бухоро боғида қурилган 664 томошабинга мўлжалланган драма театрининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Ҳусенова Гулнора Бадаловна бугунги кунда ўзининг серғайрат меҳнати билан мазкур театрга раҳбарлик қилиб келмоқда Унинг раҳбарлик фаолияти давомида қисқа муддат ичида Бухоро вилоят мусиқали драма театрида жами 12 та йирик спектакллар намойиш этилди. 2019 йил театрнинг бир гуруҳ ижодкорлари Россиянинг Ризан вилоятида бўлиб ўтган Қадимий шаҳарлар II Халқаро форумда Зулхумор Солиеванинг “ Хорижлик келин худ Бухороча тўй қиламан “ ( Свадьба по - Бухарски) спектакли билан иштирок этди. Ҳусенова Гулнора Бадаловна Бухоро вилоят мусиқали драма театридаги раҳбарлик фаолиятини бошлашдан олдин ҳам халқимизга ўзининг роллари билан танилишга улгурди. Истиқлол йиллари театр асарлари ҳамда видефилмларида меҳрибон она, раҳмдил, олийжаноб, кўнгилчан, камтарин, халқимиз, айниқса ёшлар руҳиятида инсонийлик туйғуларини қарор топтирувчи, катталарни эса диёнатга, оилапарварликка, ватанпарварликка ундовчи ибратли роллари билан бутун кино ва театр ихлосмандлари кўз ўнгида ижобий қаҳрамон сифатида намоён бўлди. Саҳналаштирилган асарларида мустақиллик ғоялари, миллийлик, ватанпарварлик, дўстлик, меҳнатсеварлик ва маънавий баркамоллик туйғулари ёрқин ифода топган. Рахбарлик қилиш давомида театрнинг моддий техника базасини яхшилаш билан бирга янги кутубхона ва театр музейини ташкил қилиш йўлга қўйилди. Ҳусенова Гулнора Бадаловна ўз мутахасислигини чуқур ўзлаштириб олган, билимли, изланувчан, дунёқараши кенг, ижодкор ва барча жамоа қалбига йўл топа оладиган раҳбар ҳамдир. Фаолияти давомида кўплаб шогирдларни тарбиялаган устоз. Ҳусенова Гулнора Бадаловна бугунги кунга қадар “Темир хотин” (Ш.Бошбеков “Темир хотин”), “Бибихоним” (А.Орипов “Сохибқирон”), “Амал” (Сохибжамол “Гули сиёҳ”) каби 18 дан ортиқ бош ролларни ижро этган. У фаолияти давомида спектакллардан ташқари “Соялар ўйини”, “Кўнгил риштаси”, “Тарих ҳикматлари” ҳамда “Иллат илдизлари” каби видеофилмларда кўплаб образлар яратди. У Бухоро Маданият коллежида директор лавозимида ишлаган даврида актёрлик мактабини чуқурроқ эгаллаш мақсадида ўқувчилар талаби асосида коллежда “Истеъдод” ёш актёрлар тўгараги ташкил этиб, тўгарак раҳбари сифатида иш олиб борди. Ижод давомида сохага оид кўплаб илмий мақолалари матбуотда эьлон қилиниб борди.