Сатторов Санжар Жабборович

Театр: Ўзбекистон давлат сатира театри

Сатторов Санжар Жабборович 2005 йил Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг “Театр санъати” факультети “Драматик театр ва кино актёрлиги санъати” бўлимини тугатган. 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини “Бошқарув маҳорати” курсини тамомлаган. Мазкур театрда иш фаолиятини 2005 йилда актёрлик лавозимидан бошлаган бўлиб, 2015 йилдан буён директор лавозимида фаолият юритмоқда. Иш фаолиятининг илк кунлариданоқ, театр репертуаридаги кўпгина спектаклларда характерли ролларни ижро этиб, ўз маҳоратини намоён эта олган. Унинг ижросидаги “Насриддиннинг ёшлиги” спектаклида Шоҳ, “Бугуннинг шум боласи”да Бекназар, “Садоқат”да Қосим шоир, “Чиғириқ” спектаклида Механик каби салмоқли роллари томошабинлар эътиборига сазовор бўлган. С.Сатторов театрда актёрлик лавозимида ишлаб юрган кезларида гастрол сафарларда, ижодий учрашувлар ва республикамизда ўтказилган тадбирларда ҳам фаол қатнашиб келган Ўз ижодий фаолиятида С.Сатторов режиссёрлик соҳасида ҳам ўзини синаб кўриб, Э.Усмоновнинг “Бахт калити” асарини саҳналаштирди ва мутахассислар эътиборига сазовор бўлди. С.Сатторов яхши маҳоратли актёр бўлиш билан бирга тажрибали бошловчи ҳамдир. У ЎзМТРКнинг “Маданият ва маърифат” телеканалида 1-тоифали муҳаррир вазифасида ишлаб, “Ўзингни намоён қил”, “Бугун” информацион теледастурига бошловчилик қилган. Кўрсатувлар учун мавзуга оид анонсларни ўз вақтида, сифатли ва қизиқарли қилиб тайёрлаш, энг сара кўрсатувларнинг кадр орти лавҳалари жонли чиқишида жарангдор овози билан телетомошабинлар диққати ва эътиборини қозонган. Унинг овози бир неча йиллардан буён “Маданият ва маърифат” телеканалида янграб, миллионлаб томошабинлар шуурида “Телеканал овози” эътирофига сазовор бўлган. С.Сатторов ўзининг талабчанлиги, интилувчанлиги, интеллектуал салоҳияти, маҳоратини ошириш устида қилинган тинимсиз меҳнатлари натижасида юқори муваффақиятларга эришиб келмоқда. 2015 йил сентябрь ойидан Ўзбекистон давлат сатира театрига раҳбарлик лавозимига тайинланиши, машаққатли ва фахрли ишда ўзининг қобилиятини янада очиқроқ намойиш этишига имкон беради. У театр раҳбарлиги фаолиятининг илк кунлариданоқ Бадиий кенгаш раиси сифатида ҳам фаолият юритмоқда. Унинг саъйи-ҳаракатлари билан театр репертуари янги спектакллар билан бойитилди. Жумладан, 2015 йилда репертуардан тушиб қолган “Орзумдаги маҳбубам”, “Садоқат”, “Чиғириқ”, “Соқов хотин” спектакллари қайта тикланди ва янги “Зумраша” спектакли сахналаштирилди. Шу билан бирга, марҳум устоз санъаткор Эргаш Каримовнинг “Хотира кечаси” тадбирини ташкил этиб, юқори савияда ўтказишда жонбозлик кўрсатган. 2016 йилда ҳам Бадиий кенгашда тасдиқланган “Қўш арава юки” сатирик комедия, “Икки бойга бир малай”, “Ўқимаган боланинг холи, ёҳуд ПАДАРКУШ”, 2017 йилда режиссёр Ж.Рузметовтомонидан “Қалбим соҳили” каби янги спектакллар сахналаштирилди ва гастроль сафарларида томошабин эътиборига ҳавола этилди. Шунингдек, 2015-2016 йиллар давомида театрнинг ижодий ходимлари С.Сатторов раҳбарлигида республикамизнинг турли вилоят, шаҳар ва энг чекка туманларида гастроль сафарларида бўлиб, аҳоли эътиборига репертуардаги янги спектакллар ҳавола этилди. С.Сатторов ўз ишини яхши биладиган, доимо янги тадбирлар, янги ташаббуслар билан театр равнақига катта ҳисса қўшишига ишонамиз. 2018 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист В.Умаров режиссёрлигида “Севганингдан айрилма” ҳамда Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Б.Йўлдошев режиссёрлигида “Аршин мол олан” спектакллари саҳналаштирилди.