Нажидова Гулрух Мухаметжановна

Театр: Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театри

2019 йил 01 апрелидан: Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театри бош режиссёри Нажидова Гулрух ўзининг ижодий фаолиятини Ёш томошабинлар театрида саҳналаштирувчи-режиссёр вазифасида бошлаб, “Наврўз ва бойчечак” (А.Обиджон), “Оловуддиннинг сеҳрли чироғи” (Араб халқ эртаги), “Сеҳрланган шаҳзода” (Г.Гоффман) каби спектаклларни саҳналаштирган ва соҳа мутахассислари эътиборига тушган. 2003 йилдан Сирдарё вилоят мусиқали театрига бош режиссёр этиб тайинланиб, шу йиллари “Шум бола” (Ғ.Ғулом), “Оловуддиннинг сеҳрли чироғи” (Араб халқ эртаги), “Аёллар машмашаси” (К.Гольдони) спектакллари билан томошабинлар эътиборини қозонди. 2005 йилда саҳналаштирган “Ибтидо” асари (М.Худойқулов) билан “Дебют-2006” Республика кўрик-танлови иштирокчиси бўлиб мутахассислар томонидан биринчи ўринга лойиқ кўрилган. Г.Нажидованинг Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқий театрида саҳналаштирган “Тузоқ” (И.Турсунов), “Бу чоллар, ёмон чоллар” (О.Ҳакимов), “Қизи борнинг, нози бор” (Ҳ.Расул) каби асарлари ҳам томошабинлар ва мутахассислар эътиборига сазовор бўлди. 2010 йилдан 2012 йилга қадар Г.Нажидова Тошкент эстрада ва цирк колледжида талабаларга саҳна актёрлиги фанидан сабоқ берди. 2014 йилда Г.Нажидова Маданият вазирлиги буюртмаси асосида Ўзбек Миллий Академик драма театрида А.Иброҳимовнинг “Сенга бир гап айтаман...” спектаклини саҳналаштирди. 2012 йил Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театрига постановкачи режиссёр вазифасига ишга қабул қилинди. Ушбу театрдаги ижодий фаолияти давомида “Слуга двух господ” (В.Сапаров, К.Гольдони), “Ловушка” (Р.Тома), “Это было в махалле”, “Очарован тобой” (Г.Нажидова), “Ханума” (Г.Канчели), “Здравствуйте, я ваша тётя” (Б.Томас), “Простите дорогой” (Д.Закирова, А.Рахматов), “Дружба спасёт мир” (Э.Ўринов), “Марица” (И.Кальман) каби мусиқий спектаклларни саҳналаштирган.