Искандарова Малика Саидахмедовна

Театр: Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри

Малика Саидаҳмедовна Искандарова 1973 йил 16 октябрда таваллуд топган. 1989-1991 йилларда “Эстрада ва цирк” студияси(ҳозирги Эстрада ва цирк коллежи)нинг “Эстрада рақсининг балет артисти” йўналишини, 1991-1996 йилларда М.Уйғур номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтининг “Драма ва кино актёрлиги” бўлимини тамомлайди. 1993 йилдан эътиборан Наби Абдурахмонов бошчилигидаги Ўзбекистон Ёшлари театрида саҳна устаси ва балетмейстер сифатида, институтни тамомлаб театр актрисаси сифатида ҳам фаолият юрита бошлади. У актриса сифатида 40 дан ортиқ роллар ижро этади ва булар орасида, “Принцесса Турандот”да – Адельма, “Эквус”да – Дора Стренг, “Скрипач на крыше”да – сваха Ента, “Созвездие Омара Хайяма”да – Фаррах, “Первая любов Ходжа Насриддина”да – она, “Восемь лбящих женщин”да – Пьеретта, “Снежная королева”да – Королева каби яратган образлари актриса ижодида алоҳида ўринга эга. Узоқ йиллар давомида ушбу Ўзбекистон Ёшлари театрида ўз ижодий ишларини намойиш қилиб келган М.Искандарова бу вақт давомида қатор халқаро театр фестивалларида ҳам қатнашиб келади, улар – “Золотая репка” Самара, “Минифест” Ростов-на Дону, “А.П.Чехов номидаги халқаро театр фестивали” Москва, “Бумборамбил” Кузнецк. Шунингдек, М.Искандарова театр қошидаги студия ўқувчиларига актёрлик маҳорати ва хореографиядан педагоглик ҳам қилади. 2006 йили ўзининг ўзбек саҳна санъатини тараннум этиш борасидаги кўрсатган хизматлари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига мушарраф бўлди. Ўзбекистон ёшлар театрида ўтказилган кўплаб тадбирлар, «Шарқ тароналари» фестиваллари ва «Наврўз» байрамлари, Амир Темур таваллудига бағишланган тантаналарнинг рақсларни саҳналаштирувчи балетмейстери, шунингдек актриса сифатида ҳам қатор олқишларга сазовор бўлган ижодкор. Республика ёш томошабинлар театри ижодкор М.Искандарованинг режиссёрлик фаолияти илк бор бизнинг саҳнамиздан бошланганидан жуда хурсанддир. Илк бор М.Ю.Лермонтовнинг “Иблис”(“Демон”) достони ва бошқа шеърий асарлари асосида “Иқрор”(“Исповедь”) спектаклини саҳналаштирди ва 2007 – йилнинг 31 май куни бўлиб ўтган унинг премьераси томошабинлар томонидан қизғин кутиб олинди. Дарҳақиқат “Иқрор”(“Исповедь”) спектакли режиссурага илк қадам босган М.Искандарованинг тандемидаги ажойиб намунага айланди. Чунки бу спектакл замонавий театр талабларига мутаносиб бўлиб, замонавий саҳна тили ва саҳна воситалари билан ифода этилади, шунинг учун ҳам томоша мумтоз асарларга нисбатан ёшларнинг қизиқишини уйғотиб, уларнинг қалбларини юксалтиради. Шунингдек, Республика Ёш томошабинлар театрида “Ғаройиб воқеа” (рус ва ўзбек тилида), “Пашша-ойпошша”, “Менинг ўрдакча”, “Ақл ва нафс”, “Уч эгизаклар”, “Тук-Тук”, “Она мехри”, “Ғаройиб воқия”, “Золушка” каби ажойиб мусиқий спектаклларни саҳналаштирди ва бу спектакллар муваффақиятли намойиш қилинмоқда. Репертуарда мавжуд бўлган “Зумрад ва Қиммат”, “Сеҳрли дур”, “Қор маликаси”, “Кутилмаган меҳмон”, “Маликани ким қутқаради”, “Оппоғой”, каби спектаклларнинг ва театрда ўтказилаётган қатор тадбирларнинг хореографи ҳамдир. 2013 йили М.Искандарованинг номзоди “Эътироф” Республика танловига “Йилнинг энг яхши режиссёри” га тақдим этилганди. М.Искандарованинг ижодий имкониятлари ва маҳорати Республика Ёш томоабинлар театри жамоаси томонидан холис баҳоланиб 2014 йилда вақтинчалик бош режиссёр вазифасини бажариш учун таклиф қилинди ва 2015 йилдан театр бош режиссёри ҳамда бадиий раҳбари сифатида фаолиятини бошлади. Шунингдек М.Искандарова Республика театрлари ва санъат олийгоҳлари аро илк бор 2015 йилда ўтказилган “Актёр ижодида рақс маҳорати” кўрик фестивалининг ташаббускори ва ташкилотчиларидан ҳамдир.