Холмўминов Бозорбек Абдурайимович

Театр: Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри

Холмўминов Бозорбек Абдурайимович 1981 йил 21 сентябрда Сурхандарё вилояти Бойсун туманида таваллуд топган. 2008 йили Ўзбекистон давлат консерваториясини битирган. 2006 йилдан ушбу театрда ишлайди. Холмўминов Бозорбек театрдаги фаолияти давомида репертуардан жой олган қатор спектаклларда хилма хил образлар яратиб, томошабинлар эътиборига тушган ижодкорлардан бири. Бозорбек Холмўминов “Ўлдинг, азиз бўлдинг”да раис, “Топталган туйғу”да Эдик, “Тузоқ”да Анвар, “Жайдари келин”да Авазбек, “Бу чоллар, ёмон чоллар”да Зоир, “Хонума”да Князь, “Антиқа совчилар”да Эркин сингари етакчи ролларни ижро этган. Айниқса, унинг “Тузоқ” спектаклидаги Анвар образи ўзининг ички кечинмаларга бойлиги, унинг мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтганлигини ишончли гавдалантирганлиги кўпчиликка маъқул бўлди. Актёр шунингдек, “Оталар сўзи- аклнинг кўзи”, “Зиё” студияси, “Спорт хандалари” телетуркумларида ва “Ширин найранг”, “Олтин даврим”, “Ғурур” телесериалларида бир қатор характерли роллар ижро этган.