Болтаев Баҳром Бахтиёрович

Театр: Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри

Болтаев Баҳром Бахтиёрович 1982 йил 16 ноябрда Жиззах вилояти Зомин туманида таваллуд топган. 2007 йили Тошкент давлат санъат институтининг мусиқали драма факультетини битирган. Мазкур театрда 2007 йилдан иш бошлаган. Болтаев Баҳром театрдаги фаолияти давомида репертуардан жой олган қатор спектаклларда хилма хил образлар яратиб, томошабинлар эътиборига тушган ижодкорлардан бири. У “Бу телба хонадон”да Халил, “Қизи борнинг-нози бор”да Сарвар, “Туяқуш-бояқиш”да Туяқуш, “Гаровдаги муҳаббат”да Элмурод, “Суперқайнона”да Мардон, “Паривашга парвонаман”да ҳофиз, “Фаришталик аёл”да куёв, “Хонума”да Кенто, “Аршин мол олан”да Сулаймон, “Антиқа совчилар”да Бахтиёр, бошқа спектаклларда етакчи ролларни ижро этиб келмоқда. Айниқса, унинг “Антиқа совчилар” спектаклидаги Бахтиёр образи ўзининг ички кечинмаларга бойлиги билан кўпчиликка маъқул бўлди. Актёр шунингдек, “Умр манзаралари”, “Турмуш чорраҳаларида”, “Бир қадам” телетуркумларида, “Тазарру”, “Дилбар” телесериалларида бир қатор характерли роллар яратиш билан бирга, “Маданият ва Маърифат” телеканалининг “Сен истеъдодлисан” теле шоусида бошловчилик ҳам қилиб келган. Болтаев Баҳром республика миқёсида ўтказиладиган умумхалқ байрамлари ва турли оммавий-маданий тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. Жамоат ишларида фаол қатнашиб, жамоа орасида ўзининг ижобий фазилатлари билан хурмат қозонган.