Ортиқова Маърифат Улуғбековна

Театр: Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри

Ортиқова Маърифат Улуғбековна 1983 йил 4 июльда Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида таваллуд топган. 2005 йили Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъат институтини мусиқали драма ва комедия факультетини битирган. 2003 йилдан ушбу театрда ишлайди. Ортиқова Маърифат театрдаги фаолияти давомида репертуардан жой олган қатор спектаклларда хилма хил образлар яратиб, томошабинлар эътиборига тушган ижодкорлардан бири. У “Жайдари келин”да Меҳри, “Суперқайнона”да Муяссар, “Аршин мол олан”да Осиё, “Осмондаги Ҳулкарим”да Ҳулкар, “Хонума”да Сона, “Меҳр нури”да Сора, “Гаровдаги муҳаббат”да Она, “Парпи қишлоқ афсонаси”, “Тўда”, “Бахтли бўл дугонажоним”, Сойибхўжа оператцияси”, “На малакман на фариштаман”, “Айрим нусхалар”, “Хонума”, “Отабек ва Кумушбиби”, “Қайчи қудалар”, “Сарвқомат дилбарим”, “Қобил ила Хобил”, “Олифта”, “Асл хазина”, “Биз соғинган қўшиқлар” спектаклларида етакчи ролларни ижро этиб келмоқда. Айниқса, унинг “Осмондаги Ҳулкарим” спектаклидаги Ҳулкар образи ўзининг ички кечинмаларга бойлиги, ўзбек аёли тимсолида кўпчиликка маъқул бўлди. Шу билан бир қаторда дубляж, клиплар, новеллаларда, “Зурриёт” сериалида ва “Инсон қадри”, “Оқибат – 2”, “Бевалар”, “Ҳиёнат”, “Иқтидор”, “Бурч”, “Комила” каби фильмларда турли хил характерли образларни яратди. Шунингдек, бу изланувчан актриса “Маданият ва маърифат” телеканалида “Ўзингни номоён қил”, “Тошкент” телеканалида “Тошкент вақти” кўрсатувлари бошловчисидир.