Раҳимов Тоҳир

Театр: Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри

Раҳимов Тоҳир 13 январ 1952 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1975 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг мусиқали драма ва комедия факультетини битирган. Мазкур театрда 1973 йилдан буён ишлаб келмоқда. Раҳимов Тоҳир ижодий фаолияти давомида 50 дан ортиқ спектаклларда катта-кичик турли образлар яратган. Актёр яратган образлари ичида ёш йигитдан то қарияларнинг роллари мавжуд бўлиб, уларни ижро этганда томошабин завқланиб, мароқ билан олқишлайди. Жумладан, “Оддий мўъжиза” да ошиқ йигит, “Паранжи сирлари”да Рустам, “Нурхон”да Ҳайдар, “Олифта”да Қувонч, “Хонума”да Анзор, “Ҳижрон”да Урхон, “Гулбаҳор қани?”да Илҳом, “Тўйдан олдин томоша”да Илҳом ва Эргаш, “Бу телба хонадон”да Салоҳий, “Айрим нусхалар” да Сухсуров, “Ўлдинг, азиз бўлдинг”да Мавлон, “Жайдари келин” да ота, “Тоҳир ва Зуҳра”да Хоразмшоҳ, “Бобур соғинчи”да Вазир, “Қудуқ тубидаги фарёд”да Болта, “Осмондаги Ҳулкарим”да Маҳмуд, “Фотима ва Зуҳра”да Ота, “Алмандар уйланармиш”да ўғил, “Сохта малика”да девонбеги, “Туяқуш-бояқиш”да бобо сингари роллари театр жамоатчилигига маъқул бўлган. Актёр ўз ижодида ҳар гал янгидан янги саҳна воситаларни ўзи ўйнаган ролларида синашта этишга ҳаракат қилади. Театр билан бир қаторда, кино ва телерадиокомпанияда суратга олинган фильм ва сериалларда кўплаб ёдда қоларли образларни яратган. Жумладан, “Сарвиноз”, “Мен талабаман”, “Ёз ёмғири”, “Тош табиб” каби кинофильмларда ҳамда “Турмуш чорраҳалари”, “Оталар сўзи - ақлнинг кўзи”, “Бир қадам”, “Одамлар орасида”, “Кунларнинг бирида”, “Денгиздан томчи” телетуркумларида мунтазам ижод қилиб, эл назарига тушган. Раҳимов Тоҳир камтарин ва меҳрибон инсон сифатида жамоа орасида обрў-эътибор қозонган.