Абдуллаев Хабибулла Пардаевич

Театр: Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар драма театри

Х.Абдуллаев мамлакатимиздаги отахон театрлардан бирининг қобилиятли актёри, режиссёри, миллий театр санъати фидойиларидан ҳисобланади. Ҳ.Абдуллаев меҳнат фаолияти мобайнида 100 дан ортиқ ролларни ўзига хос маҳорат билан ижро этиб келмоқда. 2013-2015 йилларда театр жамоаси томонидан 11 та асар саҳаналаштирилган, уларга 30 мингдан зиёд томошабин ташриф буюрган. Х.Абдуллаев ижросидаги роллар ўзининг турли характерлиги, ёрқин ва бадиий такомиллиги билан томошабинлар ҳамда театр мутахассислари томонидан эътироф этилган. Ҳ.Абдуллаев спектаклларда яратаётган турли характерли қаҳрамонлари кечинмаларини юракдан ҳис этиб, юксак профессионал маҳорат билан ўзига бириктирилган ролни янада ёрқин ифодалайди. Шунинг учун ҳам у ижро этган роллари бир-биридан тубдан фарқ қилади ва ижодкор уларнинг сифат даражаси юқори бўлишига интилади. Жумладан: 2013-2015 йилларда М.Бехбудийнинг “Падаркуш” спектаклида Давлат, А.Жумаевнинг “Уч кунлик дунё” спектаклида Фаришта, “Меҳр ва қахр”да Содиқ, Ҳ.Олимжоннинг “Семруғ” спектаклида Бунёд, М.Комилжоновнинг “Нурли йўл” спектаклида Шеф, Т.Маликнинг “Заҳарли томчилар” спектаклида Салим, Г.Муфтизоданинг “Унутилган бойлик” спектаклида Рустам, А.Қораевнинг “Шок” спектаклида Граф, Э.Усмоновнинг “Васваса” спектаклида Ўроз, Н.Қобилнинг “Тўда” спектаклида Самандар каби ролларни маромига етказиб ижро этганлиги театр томошабинлари томонидан олқишларга сазовор бўлди. У ўзининг режиссура соҳасига қизиққанлиги сабабли Т.Маликнинг “Заҳарли томчилар”, “Янги йилим, бахтли йилим”, “Гап-гаштак”, Н.Қобилнинг “Тўда”, Т.Юнуснинг “Нисо холанинг ҳисоби”, У.Азимнинг “Бир қадам йўл”, С.Хамроевнинг “Жасорат йўли” каби спектаклларни саҳналаштирди. Х.Абдуллаев саҳналаштирган С.Хамроевнинг “Жасорат йўли” спектакли 2017 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган “Сени куйлаймиз, замондош!” IV-Республика театрларининг кўрик-фестивалида “Огоҳликка даъват этувчи спектакль” номинацияси бўйича диплом билан тақдирланди. Унинг режиссёрлигидаги Т.Маликнинг “Заҳарли томчилар”, Н.Қобилнинг “Тўда” ва С.Хамроевнинг “Оқпадар” спектакллари мухлислар меҳрини қозонди ва 100 дан ортиқ саҳна юзини кўрди.