Сафаров Сардор Аллаёрович

Театр: Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театри

Қашқадарё вилояти Қўғирчоқ театрида 2019 йилдан буён ишламоқда. Сафаров Сардор 2007-2011 йилларда Ўзбекистон Давлат Санъат институтининг Телевидение ва радио режиссёрлиги факультетининг “режиссёрлик” бўлимини тамомлаган. У талабалик давридаёқ ўзининг намунали хулқи ва аъло баҳоларда ўқиши билан тенгдошларига намуна бўлган. У диплом иши “Эмикдошлар” номли қисқа метражли бадиий фильмини яратган ва унда меҳр оқибат ҳақида фалсафий фикр юритиб бу мавзуни ижодий акс эттира олган. Сафаров Сардор 2011 йилда М.Тошмухаммедов номидаги вилоят мусиқали драма театрида драма артисти лавозимида иш фаолиятини бошлади. У шу кунга қадар театрда бир-биридан ранг-баранг ва бетакрор образлар яратиб томошабинлар қалбидан чуқур ўрин эгаллаб келмоқда. Унинг театр саҳнасида яратган “Нажот дарвозаси”да Пионер, “Имкон”да Мебель сотувчи, “Янги йил саргузашти”да Оловхўжа, “Миттивойлар”да Гаргамель, “Тушимми ё ўнгимми”да Хўроз, “Мадагаскар” эртак томошасида Айиқ, “Чангак”да Фозил, “Қирол Лир”да Корнуэль, “Орол бобо”да Тиловберган, “Жамилада” Карим, “Жаннатга йўл” Ўспирин каби ролларни ижро этган. Бундан ташқари бир қатор спектаклларда саҳналаштирувчи ва ёрдамчи режиссёр бўлиб фаолият юритиб келмоқда. Жумладан, “Этик кийган мушук” эртак томошасини саҳналаштирган ва “Қирол Лир”, “Аяжонларим” спектаклларида ёрдамчи режиссёр вазифасини бажарган. “Аршин мол олан” спектаклида режиссёр ёрдамчиси, “Хуш вакт” спектаклида режиссёр ёрдамчи бўлиб ишлаган. 2015 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Сени куйлаймиз замондош!” республика театрларининг 3 кўрик фестивалида “Орол бобо”спектаклида ижро этган Тиловберган роли учун “Энг яхши эпизодик эркак роли ижроси учун” номинацияси билан тақдирланган. Бундан ташқари Насаф телевидениясида “Томдан тараша” ҳажвий кўрсатувининг муаллифи ва режиссёри вазифасида фаолият кўрсатиб театрда ўтказиладиган барча спектаклларда ва маданий тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. У республика ва вилоят миқёсида ўтказиладиган “Мустақиллик”, “Наврўз” умумхалқ байрамлари ва бошқа оммавий-маданий тадбирлардаги “Театр”, “Мусиқий фон”, “Фольклор” блокларида режиссёр ва ёрдамчи режиссёр сифатида фаол иштирок этиб келмоқда. С. Сафаров фидоий ва малакали режиссёр ҳамда актёр сифатида кўп йиллардан бери театр соҳасида самарали меҳнат қилиб, театр жамоатчилиги орасида ўз ҳиссасини қўшиш билан бир қаторда маданиятимизнинг муҳим тармоғи ҳисобланган ўзбек миллий театр санъатини ривожланишига ўзининг янгидан-янги роллари ва инсон қадрини юксакларга кўтаргувчи асарларни бунёд бўлишида, мустақил мамлакатимизнинг маданий салоҳиятини юксалтиришга ўзининг муносиб ҳиссани қўшиб келмоқда.