Хакимов Хуршид Исматиллаевич

Театр: Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театри

Хакимов Хуршид Исматиллаевич ушбу театрда 2008 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Х.Хакимов – ўз касби сирларини чуқур ўзлаштирган, дунёқараши кенг, болалар руҳиятини чуқур англаган, иқтидорли актёр. У ўзининг беназир маҳорати билан қўғирчоқ театри ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театрида саҳналаштирилган бир қанча спектаклларда ранг-баранг ролларни ижро этди. Бу роллари орқали мазкур театрнинг ёш томошабинлари онгу шуурига яхшилик, ватанпарварлик, юртга садоқат, ҳалоллик, дўстлик, тўғрилик, ростгўйлик, меҳнатсеварлик, фидойилик, жасорат, саховатпешалик, меҳрибонлик, табиатга ва мутолаага муҳаббат сингари эзгу фазилатларни таъсирчан тарзда сингдиришга муваффақ бўлди. Ижодкорлик фаолияти давомида режиссёр билан ҳамкорликда сценарий асосида спектаклнинг бадиий ечимини топиш, қўғирчоқлар образини яратиш, декорацияларнинг ранг-баранглиги устида ишлаб, эртак-томошаларнинг қизиқарли чиқишида жонбозлик кўрсатмоқда. Х.Хакимов театрдаги ижодий фаолияти давомида йигирмага яқин спектаклларда бетакрор образлар яратиб келмоқда: “Меҳр ила сеҳрланган жой” спектаклида Хиромбек, “Ғаройиб меҳр”да Бўри, “Ўлмасин жайрон”да Бола жайрон, “Улоқчанинг китоби”да Улоқча, “Меҳр жилоси”да Куя, “Шайтонга йўлиққан бола”да Нафсбой, “Дангасанинг ҳоли вой”да Чол, “Тўрт эгизак”да Эгизаклар, “Тандир она саховати”да Чигиртка “Тафаккур соҳиби-Заҳириддин Муҳаммад Бобур”спектаклида Чупон, “Қўш тили” спектаклида бургут каби бетакрор маҳорат билан ижро этилган роллари билан ёш томошабинлар эътиборини қозонди. Х.Хакимов 2013 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг IX Республика кўрик-фестивалида, “Тандир она саҳовати” спектаклида Чигиртка ролида иштирок этган. 2013 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг IX Республика кўрик-фестивалида, “Муқбил ва Мудбир” спектаклида Олтинчи ровий ролида қатнашган 2016 йилда Андижон шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг XI Республика кўрик-фестивали”да фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлган.