Расулова Гулчеҳра Элмуродовна

Театр: Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театри

Расулова Гулчеҳра Элмуродовна ушбу театрда 2007 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Г.Расулова – ўз касби сирларини чуқур ўзлаштирган, дунёқараши кенг, болалар руҳиятини чуқур англаган, иқтидорли актриса. У ўзининг беназир маҳорати билан қўғирчоқ театри ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театрида саҳналаштирилган бир қанча спектаклларда ранг-баранг ролларни ижро этди. Бу роллари орқали мазкур театрнинг ёш томошабинлари онгу шуурига яхшилик, ватанпарварлик, юртга садоқат, дўстлик, ҳалоллик, тўғрилик, ростгўйлик, меҳнатсеварлик, фидойилик, жасорат, саховатпешалик, меҳрибонлик, табиатга ва мутолаага муҳаббат сингари эзгу фазилатларни таъсирчан тарзда сингдиришга муваффақ бўлди. Г.Расулова ҳозирги кунда театрда 1-тоифали драма артисти сифатида фаолият олиб бормоқда. Ўз фаолияти давомида бир қанча спектаклларда турли-туман ролларни ўйнади. Жумладан, “Улоқчанинг китоби” спектаклида Тулки, “Хиёнаткор Мастон ёхуд ҳийлагар бола” спектаклида Мастон кампир, “Тулпорнинг жасорати” спектаклида Улоқча ва Хўрозча, “Уч опа сингил”да Биринчи қиз, “Ўлмасин жайрон” спектаклида Касал она, “Она меҳри” спектаклида Она қуён, “Миу номли мушукча” спектаклида Момо, “Муқбил ва Мудбир” спектаклида Иккинчи ровий, “Мақтанчоқ қуён” спектаклида Олмахон, “Дўстлик уйи” спектаклида Сичқонча, “Тандир она саховати” спектаклида Буғдойча, “Янги китоб” спектаклида Рўдапо ролларини маҳорат билан ижро этди. Г.Расулова 2013 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг IX Республика кўрик-фестивалида, “Тандир она саҳовати” спектаклида Буғдойча ролида иштирок этган. 2016 йилда Андижон шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг XI Республика кўрик-фестивали”да “Муқбил ва Мудбир” спектакли Иккинчи ровий ролида қатнашган фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлган. У вилоят миқёсида ҳар йили ўтказиладиган Наврўз, Мустақиллик, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни байрамлари тантаналари ва кўплаб оммавий байрам тадбирларида фаол иштирок этади. Вилоятимизнинг турли ҳудудларидаги мактабгача тарбия муассасаларида, мактабларда ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирларда энг аввало юртимизда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати, мустақиллик йилларида эришилган ютуқларнинг мазмун-моҳиятини таъсирчан тарзда тарғиб этиб келмоқда. Мамлакатимизда барқарор бўлган тинч-тотувлик ва жипсликни таъминлашда, омма онгига миллий ғояни сингдириш, ёш авлодни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни “оммавий маданият” хуружидан асраш, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халқимизга етказиш ва уни жамиятни янгилашга сафарбар этиш, янги ютуқларга илҳомлантириш, тажриба ва ютуқларни ёйишда фаоллик, ташаббускорлик кўрсатмоқда.