Дилмонов Карамат Умрзоқович

Театр: Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театри

Дилмонов Карамат Умрзоқович ушбу театрда 1996 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. К.Дилмонов ўз касбини чуқур ўзлаштириб олган, у чин маънодаги туғма истеъдод эгаси, дунёқараши кенг, ижодкор актёр ва драматург. У ўзининг маҳорати билан Ўзбекистон театр санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. К.Дилмонов ўзининг иш фаолияти давомида меҳнатсеварлиги, ишбилармонлиги ва ташаббускорлиги билан бошқалардан ажралиб туради ҳамда театр санъатини ривожлантириш йўлида изланишлар олиб боради. Ўқийди, ўрганади, янгиликларга интилади ва ҳар қандай топшириқни бекаму-кўст бажара оладиган уддабурон драма артисти ҳамда драматург. У сўнгги йилларда жуда самарали ижод қилди. Жумладан, 2014 йилда “Қувноқ қизалоқ” асарини ёзди ва ўзи режиссёр сифатида саҳналаштирди. Шу билан биргаликда ўша спектаклда бўри ролини ижро этди. Мазкур йилда Э.Хушвақтовнинг “Олабўжи” номли асарини қўғирчоқ театри саҳнасига мослаб қайта ишлади ва уни ўз талқинида “Меҳр жилоси” деб номлади. 2015 йил Въетнам ёзувчиси Нгуен ДиньТхи асари асосида, режиссёр Ш. Юсупов томонидан саҳналаштирилган “Миу номли мушукча” спектаклида Кекса сичқон ролини ўйнади ва қўшиқ матнларини ёзди. 2016 йилда режиссёр Ғ.Ҳамраев саҳналаштирган А.Навоийнинг “ Сабъаи сайёр” достонидан етти афсонанинг бири, “Муқбил ва Мудбир” афсонасини инсценировка қилди ва ўша спектаклда Ровийлардан бирининг ролини ижро этди. Ушбу спектакл қўғирчоқ театрларининг Х анъанавий кўрик-фестивалида фахрли 2-ўринни эгаллади. Мазкур йилда Қ.Рустамовнинг “Арғувон” асарини қўғирчоқ театри саҳнасига мослаб қайта ишлади ҳамда қўшиқлари учун матнлар ёзди. 2017 йили режиссёр Т.Худойбердиев томонидан унинг “Дўстлик уйи” номли асари саҳналаштирилди. К.Дилмонов бундан ташқари, 2016-2017 йилларда Қашқадарё вилоятида ўтказилган мустақиллик байрамларида болалар блоки сценарийларини ёзди ва режиссёрлик қилди. Ўша йилларда ўтказилган “Президент арчаси” болалар учун байрам томошаси сценарийларини ёзди ва ёрдамчи режиссёр сифатида иштирок этди.