Маматов Мирзоҳид Маҳмудович

Театр: Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театри

Маматов Мирзоҳид Маҳмудович меҳнат фаолияти давомида шаҳар, вилоят ва республика миқёсида бўлиб ўтадиган кўрик-танловлар, фестивалларда фаол иштирок этиб келмоқда. У ўз касби сирларини чуқур ўзлаштириб олган, кенг дунёқарашга эга тажрибали ижодкор рассомдир. У ўзининг маҳорати, билими билан ўзбек театр санъати ва тасвирий санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Театрда бош рассом сифатида режиссёр билан ҳамкорликда саҳна асари мазмунидан келиб чиққан ҳолда спектаклнинг бадиий ечимини топиш ва қўғирчоқлар характерига мос образлар топиш устида ишлаб, эртак-томошаларнинг қизиқарли чиқишида бор истеъдодини ишга солиб, тинимсиз меҳнат қилиб келмоқда. М.Маматов театрдаги фаолияти давомида 30 га яқин спектаклларни саҳналаштириш жараёнида иштирок этди. Жумладан, “Ғаройиб меҳр”, “Қитир-қитир ким бўлди”, “Созандалар”, “Тўрт эгизак”, “Қадим Насафда тўй”, “Қуёш бобо”, “Андижон осмонига ой чиққанда”, “Шўх шайтончалар”, “Мешполвон”, “Улоқчанинг китоби”, “Тулпорнинг жасорати”, “Янги йилнинг янгроқ куйлари”, “Меҳр ила сеҳрланган жой”, “Сўнмас оташ”, “Ўлмасин жайрон”, “Абдулла қувноқ ҳангомалари”, “Ҳаёт сабоқлари”, “Тандир она саҳовати”, “Дангасанинг ҳоли вой”, “Қувноқ қизалоқ”, шунингдек, охирги уч йил давомида, яъни 2014 йилда “Меҳр жилоси”, “Ватан ичра саёҳат – саодатдир ёки янги йил саргузаштлари”, 2015 йилда “Қуёш саҳовати”, “Миу номли мушукча” 2016 йилда “Муқбил ва мудбир”, “Мақтанчоқ қуён”, “Дустлик уйи” каби фалсафий мушоҳадага ундовчи, болаларни ватанга муҳаббат, ота-она ва катталарга ҳурмат, яхшилик ва эзгулик туйғуларини шакллантиришга қаратилган кўплаб саҳна асарлар яратилишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. М.Маматов 1997 йил Қашқадарё вилоятида ўтказилган ёш ижодкор рассомлар кўргазмасида “Ҳаёт” ва “Дарвеш” асарлари билан, 2001 йили ўтказилган ёш ижодкор рассомлар вилоят кўрик-танловида “Меҳр ила сеҳрланган жой” ва “Мешполвон” спектакллари билан қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллади. У яратган ҳар бир асар ўзининг ғоявий-бадиий ечими билан ажралиб туради. 2001 йилдан буён вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган кўргазмаларда ўз асарлари билан иштирок этиб келмоқда. Шаҳрисабз кўргазма зали очилишида “Ой тўлганда”, “Зиддият”, “Саргардонлик” асарлари билан, 2009 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган “Юртимиз жавоҳирлари” кўргазмасида “Мироқи сув омбори”, “Дала-ҳовли”, “Мироқида куз” каби ўнлаб асарлари билан, Тошкент шаҳрида ўтказилган “Табиат инъомлари” кўргазмасида “Куз”, “Сўқмоқ”, “Сув омбори”, “Мироқи қишлоғи” асарлари билан иштирок этиб, бир гуруҳ тажрибали мусаввирлар эътиборига тушди ва мутахассислар томонидан муносиб баҳоланди. 2008-2014 йилларда Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театри ижодий жамоаси томонидан Халил Муҳсиннинг “Уч опа-сингил” асари, Ҳайитмат Расулнинг “Ўлмасин жайрон” асари, Неъмат Рўзимухаммедовнинг “Она меҳри” асари, М.Очиловнинг “Ҳаёт сабоқлари” асари, Т.Қобилнинг “Абдулланинг қувноқ ҳангомалари” асари, К.Дилмоновнинг “Косибчининг бахти”, “Тулпорнинг жасорати” , “Зумрашанинг саргузашти” асарлари, Б.Махмудовнинг “Тандир она саҳовати” асари, Э.Хушвақтовнинг “Меҳр жилоси” асари, П.Панчиевнинг “Тўрт эгизак” асари, Р.Фарходийнинг “Ўткир шохли буқача” асари, Л.Махмудовнинг “Дангасанинг ҳоли вой” асари ҳамда “Орзулар қўнғироғи”, “Антиқа совға”, “Музлар садоси” каби халқ эртаклари асосида эртак спектакллари саҳналаштирилиб, намойиш қилиб келинмоқда. 2013 йил Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг IХ республика кўрик-фестивали”да Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театрининг “Тандир она саҳовати” спектаклининг фаҳрли 2-ўрин соҳиби бўлишида М.Маматовнинг ҳиссаси катта бўлди. Қашқадарё вилояти маданият бошқармаси томонидан 2013 йил якунларига бағишлаб ўтказилган “Эътибор-2013” кўрик-танловида “Йилнинг энг яхши рассоми” номинациясига сазовор бўлди. М.Маматов 2013 йил театр репертуар режасига асосан Л.Маҳмудов асари асосида саҳналаштирилган “Дангасанинг ҳоли вой” эртак спектакли ва халқ эртаклари асосида саҳналаштирилган “Қувноқ қизалоқ”, “Янги йил совғаси” каби эртак спектаклларининг, 2014 йил театр репертуар режасига асосан Э.Хушвақтов асари асосида саҳналаштирилган “Меҳр жилоси” эртак спектакли ва М.Очил асари асосида саҳналаштирилган “Ватан ичра саёҳат саодатдир ёки янги йил саргузаштлари” янги йил томошасининг, 2015 йил театр репертуар режасига асосан М.Ашурованинг асари асосида саҳналаштирилган “Қуёш саҳовати” ва Нгуен Динь Тхининг “Миу номли мушукча”, “Орзулар қўнғироғи” эртак спектаклларининг саҳна ва декорацияларининг қизиқарли чиқишида бош рассом сифатида ўз маҳоратини намойиш этиб келмоқда. 2016 йил Андижон шаҳрида ўтказилган халқаро фестивалда Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театрининг “Муқбил ва мудбир” спектакли фахрли 2-ўрин соҳиби бўлди.