Ўразбаева Манзура Шамуротовна

Театр: Хоразм вилояти мусиқали драма театри

Ўразбаева Манзура Шамуротовна ушбу театрда 2007 йилдан буён ишлаб келмоқда. Ўразбаева Манзура бугунги кунда устоз санъаткорлардан спектакллардаги мусиқий композицияларда ашулалар ижросининг спектаклдаги ҳаракатлар билан уйғунлигини сақлаш каби актёрлик маҳорати сирларини сидқидилдан пухта ўрганишга ҳаракат қилиб келмоқда. Театрда саҳналаштирилган “Дилда борим” мусиқали драмасида Тўтихон, “Ойдин” да Хуршида, “Тилла тарвуз”да Бой хотин, “Бола кўтарган аёл”да Кўча аёли, “Антигона”да Малика Исмеена, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”да Дуржон она, “Танхо юлдуз”да Манзура, “Султон Жалолиддин” да Она, “Афандининг беш хотини”да Фотима, “Боғбон”да Хаётхон ролларини ўйнади. М.Ўразбаева туғма истеъдодли, ширали овоз соҳиби бўлган хонанда. У нафақат спектаклларнинг мусиқий композициялардаги ашулаларни балки, фольклор ва замонавий эстрада йуналишларида ҳам алоҳида концерт дастурларини тайёрлаб, Республикамизнинг Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида, шунингдек, вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида концерт -гастролларини уюштириб томошабинлар олқишига сазовор бўлиб келмокда. Унинг айниқса, “Унутолмайсиз”, “Лазги”, “Ватан юрагимда тинмаган нолам”, “Ойдинлар”, “Нолиш” каби бир нечта ашулалари томошабинлар меҳрини қозонди. 2009 йилда Хоразм вилоятининг “Ягонасан муқаддас Ватан” кўрик-танловининг мутлақ ғолиби “Фаҳрий ёрлиғи” билан тақдирланди. Хоразм вилояти Ёшлар маркази” томонидан “Эъзоз-2018” танловининг “Йилнинг энг яхши овоз соҳибаси” номинация тақдим этилди.