Нурметов Рустам Раджабович

Театр: Хоразм вилояти мусиқали драма театри

Нурметов Рустам Раджабович ушбу театрда 1994 йилдан буён ишлаб келмоқда. Рустам Нурметов театр саҳнасида яратилаётган спектаклларда дастлаб эпизодик ролларда, йиллар ўтиб эса бир-бирига ўхшамайдиган каттаю-кичик ролларни муваффақиятли ижро қилиб томошабинлар назарига туша бошлади. Жумладан, “Соқили Наво”драмасида шоир Баёний, “Авесто меҳр фарзанди”да Шишта, “Тўмарис”да Матра, “Иккинчи тумор”да Аравакаш, “Уч дангаса”да Семиз, “Доно бобом Қорбобом” эртак томошасида Айиқ, “Осмондан тушган бахт”да Акмал, “Падаркуш ёҳуд ўқимаган боланинг холи” трагик комедиясида Хайрулло, Тангрикул, “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали драмасида Қодир бахши, “Золушка” янги йил спектаклида Қирол, “Қор маликаси”да Маслаҳатчи, “Хайр эртак”да маҳалла инспектори, ”Махтумқули”да Қорақалпоқ бахшиси Ўринбой, “Дилда борим”да Озодий, “Паймона”да Мавлон, “Палахмон тоши”да Шокир ака, “Бола кўтарган аёл”да Почча, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” музикали драмасида Бахши бошловчи, “Гумроҳ”да Рустам ака каби ролларни маҳорат билан ўйнади. Унинг яратган образлари бир-бирини такрорламаган ҳолда томошабин диққатига сазовор бўлди ва етук санъаткор даражасида элга танитди. Рустам Нурметов 1995 йилда Вилоят ёш ижодкорлар кўрик танлови лауреати ва 1998 йилда эса Камолот Республика ёшлар ташкилотининг “Фахрий Ёрлиғи”га сазовор бўлган истеъдодли ёш санъаткордир. У 2000 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбек миллий қўшиқчилик санъати юлдузи Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов номидаги II-Республика хонандалар кўрик-танловининг дипломи билан тақдирланди. Ўзбекистон Республикасининг 12 йиллиги муносабати билан 2003 йил 14-16 августда ўтказилган атоқли санъаткор, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон, Татаристон халқ артисти, давлат мукофоти совриндори Отажон Худойшукуровнинг хотирасига бағишланган “Нафосат-бўстоним маним” ёш хонандаларнинг III-Республика кўрик-танловининг совриндори бўлиб, I-дражали диплом билан тақдирланди. Хоразм вилоят хокимлиги томонидан театр санъатидаги фидойи хизматлари, маданият ва санъатни ривожлантиришга қўшаётган самарали ижодий фаолиятинини эътиборга олиб бир неча бор “Фаҳрий ёрлиқ”лар билан тақдирланди. Рустам Нурметов 1997 йилда Хиванинг 2500 йиллик юбилей тадбирларида ҳам фаол қатнашди. Шунингдек, вилоятимизда ҳар йили ўтказилиб келинаётган “Президент Арчаси”, Наврўз”, “Мустақиллик” умумхалқ байрами тадбирларида қатнашиб хофизлик ҳамда актёрлик истеъдодини намоён қилиб келаётган умидли ёш санъаткор. Рустам Нурметов ўта интизомли, масъулиятли ижодкор бўлиши билан бирга ширали ва жарангдор овоз соҳиби ҳамдир. Унинг Огаҳий, Навоий, Фузулий, Махтумқули каби буюк мутафаккир шоирларнинг ғазаллари асосида ижро қилган катта ашулалари билан мухлислар олқишига сазовор бўлиб келмоқда.