Давлетова Санобар Кушназаровна

Театр: Хоразм вилояти мусиқали драма театри

Давлетова Санобар Кушназаровна Ушбу театрда 2006 йилдан буён балет артисти вазифасида ишлаб келмоқда. Давлетова Санобар ўзи танлаган касбининг рақс маҳорати сирларини, ижро маданиятини пухта эгаллаган раққоса. У театр саҳнасида томошабинларга намойиш қилинаётган барча мусиқали композицияларидаги балет артистлари қатнашадиган саҳна кўринишларининг муваффақиятли чиқишида жонбозлик кўрсатади. Театрда саҳналаштирилган “Тоҳир ва Зуҳра”, “Бола кўтарган аёл”, “Қор маликаси”, “Золушка”, “Ялмоғизбика”, “Ёлқов шаҳзода”, “Султон Жалолиддин”, “Боғбон” каби спектакллардаги оммавий рақсларда иштирок этди. Шунингдек, театрнинг балет қизлари ижросидаги саҳналаштирилган “Рақс гулдастаси” дастурига кирган миллий ва турли миллат рақсларида иштирок қилиб томошабинлар олқишига сазовор бўлди. С.Давлетова кўпгина спектаклларда актёрлик маҳоратини ҳам намоён этди. Жумладан, “Тўрт эгизак”да Бянка, “Келин ўғирлаш”да Роза, “Қор маликаси” да қароқчи қиз, “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали драмасида Минггўзал, “Палахмон тоши”да Ойсултон, “Махтумқули” Ўба қизи, “Орзуимдаги келин” мусиқий комедиясида Рухсора, “Султон Жалолиддин” тарихий драмасида Асира аёл, “Қилич Нур” (эртак) болалар спектаклида малика Гўзал ролларида ўйнади. Шунингдек, у 2011 йил “Кўҳна Замин оҳанглари”, 2014 йил ва 2018 йилларда “Дебют”, 2019 йилда “Сени куйлаймиз-замондош!” Республика театрлари фестивали иштирокчиси ҳамдир. 2009 йилда театр раҳбарияти томонидан Халқаро Театр куни муносабати билан ўтказилган тадбирда Санобар Давлетова Хоразм театр санъатини ривожлантиришдаги фидоий меҳнатлари ва Наврўз умумхалқ байрамидаги фаол иштироки учун Фахрий ёрлиқ билан тақдирланган. 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Шимолий-Ғарбий ҳарбий округи томонидан ҳарбий қисмдаги маданий тадбирларда мунтазам иштироки учун Ёрлиқ билан тақдирланди. Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Хоразм вилояти кенгаши, Хоразм вилояти мусиқали драма театри ҳамда Республика Ёшлар маркази Хоразм вилояти бўлинмаси томонидан ўтказилган “Эъзоз-2018” кўрик танловида С.Давлетова Энг яхши раққоса номинацияси ғолибаси бўлди. С.Давлетова театр ижодий гуруҳи билан кўплаб гастрол сафарларида бўлади. Хусусан, 2018 йил Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрига, Сурхондарё вилоятига, 2019 йилнинг май ойида Фарғона вилоятига уюштирилган гастрол сафарларида “Орзуимдаги келин” спектаклидаги Рухсора роли билан томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Бу спектаклдаги роли уни актрисалик маҳоратини янада шакллантириб, уни кўп қиррали санъаткор сифатида танилишида замин яратди.