Рахимова Гулоро

Театр: Хоразм вилояти мусиқали драма театри

Ўзбекистон халқ артисти

Рахимова Гулоро 1948 йил Хоразм вилоятининг Хозарасп туманида туғилган. 1965 – 1970 йилларда Урганч шаҳридаги Педагогика институтида таҳсил олди. 1970 йилда М. Харратов номли мусиқа билим юртида рус тили ва адабиёти фанидан ўқитувчи бўлиб ўзининг иш фаолиятини бошлади. Унинг санъатга бўлган қизиқиши ва таланти шу билим юртига вокал бўлимига ўқишга киришга етаклади. Санъатга бўлган қизиқиши туфайли 1971 йили Хоразм вилояти мусикали драма театри номидаги мусиқа ва драма театрида вокал артисти вазифасида ижодий фаолиятини бошлади. 2007 йилдан буён эса драма артисти вазифасида ишлаб келмоқда. Гулора Раҳимова бетакрор, беқиёс ўзига хос жарангдор овози билан аввал яккахон хонанда, кейинчалик спектаклларда бир қанча бош ролларни ижро этиб таниқли санъаткор сифатида элга танилди. У кўп йиллик ижодий фаолияти давомида театрда 180 га яқин ролларни маромига етказиб маҳорат билан ижро этган. Жумладан, Уйғуннинг “Беруний” асарида Гулсанам, Комил Яшиннинг “Нурхон” асарида Нурхон, Шаламаевнинг “Ибн Сино” спектаклида Саидабегим, Айёмий асари “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” да Шоҳсанам, Навоий асари Хушнуд инсценировкаси “Лайли ва Мажнун”да Лайли, Ҳ.Ҳ. Ниёзийнинг “Майсаранинг иши” мусиқали комедиясида Майсара, К.Матризаевнинг “Мунозара давом этади” драмасида Гулсум, О.Абдуллиннинг “Ўн учинчи раис” драмасида Қадрия, Х.Муҳаммад, М.Левиевнинг “Тошкентнинг нозанин маликаси”да Мунаввар, П.Телегеновнинг “Оналар” асарида Келин, “Тошлар тилга кирганда” асарида Гуласал, Н. Думбадзенинг “Қуёшни кўраяпман” асарида Кетавани, Марцинкявичюснинг “Мингдаугас” асарида Марта, Э.Самандаровнинг “Жалолиддин Мангуберди” асарида Она, К.Авазнинг “Марварид таққан аёл” асарида Ўғилой, Ў.Хошимовнинг “Бировнинг ташвиши” драмасида Она, С.Раҳмон, Э.Собитнинг “Хижрон” мусиқали комедиясида Қизбожи, А.Дударовнинг “Остона” драмасида Катя, Э.Самандаровнинг “Аждодлар қиличи” асарида Она, “Олма пишганда галинг” мусиқали драмасида Зуҳра, К.Авазнинг “Жаҳаннам” драмасида Раъно, П.Телегенов, П.Глегеннинг (Х.Расул таржимаси) “Муҳаббат қўшиғи” мусиқали драмасида Боғдагул, Роблеснинг “Ўлимдан кучли” драмасида Она, К.Авазнинг “Феруз” драмасида Ферузнинг онаси, Н.Салаевнинг “Юракдаги жароҳат” асарида Жумагул, К.Авазнинг “Ташкилдаги хангома” драмасида Сабохон, “Дилбанди Хива” драмасида Она, “Авесто” драмасида Дурдава, Н.Салаевнинг “Тўмарис” драмасида Тўмарис, К.Авазнинг “Жавлон Журра” комедияси Зиёда, С.Сирожиддиновнинг “Осмондан тушган бахт” мусиқали қомедиясида Салтанат, Б.Аппаевнинг “Келин ўғирлаш” комедиясида Макка, Х.Бобомуродованинг “Бола кўтарган аёл” мусиқали драмасида Она, Қўчқор Норқобилнинг “Олисдаги одамлар” драмасида Гулсум момо, Рустам Алиевнинг “Куёв бобо” комедиясида Мусаллам, О.Абдуллаевнинг “Ялмоғизбика Янги йил томошасида Ялмоғизбика ролларини маромига етказиб ижро этди ва унинг яратган образлари томошабинлар томонидан яхши кутиб олинди. Г.Раҳимова кино санъатида ҳам ўз иқтидорини намоён этган таниқли санъаткордир. Унинг Комил Аваз сценарийси асосида яратилган “Феруз” видеофильмидаги Она, “Сўнган умидлар” асари асосида яратилган “Хазон” бадиий фильмида ўйнаган Она образлари ҳам моҳирона ижро этилган. Гулора Раҳимова вилоятимизда ҳар йили ўтказилиб келинаётган «Наврўз» умумхалқ байрами, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги байрам тантаналарида, кўплаган вилоят, шаҳар тадбирларидаги концертларда ҳам ўзининг севимли қўшиқлари билан иштирок этиб, жарангдор овози ва ўткир иқтидор соҳибаси эканлигини намоён этиб келмоқда. Байрам томошаларининг театр кўринишларида “Тўмарис”, “Жалолиддин Мангубердининг онаси” каби бадиий кўринишларда чиқишлари, шунингдек, байрамларда ижро этган “Салламно”, “Эй ёр хуш келибсиз”, “Ўзбекистоним”, “Оламда гуллар яшар”, “Сен баҳорни соғинмадингму”, “Дугоналар” каби қатор қўшиқлари томошабинлар томонидан олқишлар билан кутиб олинади. Ҳозирги кунда Гулора Раҳимова ўз касб сирларини театрнинг умидли ёш ижодкорларига сидқидилдан ўргатиб, устозлик қилиб келмоқда.