Отажонов Санъат Саъдуллаевич

Театр: Хоразм вилояти мусиқали драма театри

Отажонов Санъат Саъдуллаевич 1988 йил Хоразм вилоятининг Боғот туманида туғилган. 2009 йил Урганч санъат коллежини “Драматик театр ва кино актёри, болалар студияси раҳбари” мутахассислиги бўйича муваффақиятли тугаллаган. Санъат Отажонов 2009 йилдан Хоразм вилоят мусиқали драма театри жамоасида дастлаб солист-вокалист вазифасида , 2013 йилдан эса у 2-тоифали драма артисти вазифасида ўз ижодий фаолиятини юритиб келмоқда. Санъат Отажонов шу қисқа давр ичида театримиз саҳнасида кўпгина спектаклларда ўзига хос роллар ижро қилди. Жумладан; Оразқилич Тоғоновнинг “Доно бобом Қорбобом” Янги йил томошасида Жавлон, М.Бехбудийнинг “Падаркуш ёҳуд ўқимаган боланинг холи” трагик комедиясида Домулла, Нор, Шароф Бошбековнинг “Тикансиз типратиканлар” спектаклида Соли, Маъмур Умаров инсинировкаси “Заҳарли томчилар” спектаклида Салим, Усмон Азимнинг “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали драмасида Соқчи, Охунжон Хакимнинг “Хайдар хўроз” комедиясида ИИБ ходими, Е.Шварцнинг “Золушка ёҳуд Янги йил карнавали” томошасида Жек Варобий, Соқчилар бошлиғи, Жўрабек Рўзметовнинг “Хайр эртак” спектаклида Олифта, Эркин Самандарнинг “Дилда борим” мусиқали комедиясида милиционер, Қурбон Муҳаммадризонинг “Махтумқули” музикали драмасида Соқчи, Эркин Усмоновнинг “Орзуимдаги келин” комедиясида Ашур, Комил Авазнинг “Паймона” драмасида Сарвар, Р.Мухаммаджоновнинг “Ойдин” спектаклида камерачи, И.Ниёзметов, О.Абдуллаевнинг “Ялмоғизбика” Янги йил томошасида Тўра каби ролларни ижро этди ва унинг яратган образлари томошабинлар томонидан яхши кутиб олинди. 2014 йилнинг декабрь ойида у Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Дебют-2014” Республика кўрик-танловида театримиз жамоаси томонидан ҳавола этилган Г.Курбанованинг “Палахмон тоши” спектаклида куёв образини муваффақиятли яратди.