Айтмуратов Полатбай Жаримбетович

Театр: Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри

Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби

1994 йил Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар мукофоти совриндори, 2000 йилда маданият соҳасига қўшган кўп йиллик меҳнатлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг “Фахрий ёрлиғи” ва 2003 йилда Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби давлат мукофотлари билан тақдирланган. 2003-2017 йиллар оралиғида Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри директори, 2017-2018 йиллар оралиғида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири лавозимида ишлаган. Ушбу лавозимда 2018 йил 8 августдан ишлаб келмоқда. У 35 йилдан буён халқимиз маданияти ва санъатини ривожлантиришга, айниқса, қорақалпоқ театр санъати ривожига ўз куч ва ғайратини аямасдан муносиб ҳисса қўшиб келаётган таниқли драматург ва сценарий автори. Унинг ҳар бир асарида мустақиллик ғоялари, миллийлик, ватанпарварлик, дўстлик, меҳнатсеварлик, миллий қадриятларимиз ва рухий баркамоллик туйғулари мужассам. У ўзбек ва қорақалпоқ халқининг ўзига хос миллий санъатини сингдириш ва ушбу халқларнинг ўзаро боғлиқлигини театр саҳналарида ёритишда чин дилдан меҳнат қилиб келаётган ижодкор. Драматургия соҳасида ижодий изланишлар давомида 1989 йилда ёзган “Суйинши” спектакли С.Хўжаниёзов номидаги Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида саҳналастирилиб, Тошкент шаҳрида ўтказилган ёш томошабинлар театрлари фестивали ва Хоразм вилоятида Қорақалпоғистон адабиёти ва санъати, маданият кунларида иштирок этиб, катта ютуқларга эришган. “Ўйноқлаган ўт босар” (1995), “Илк муҳаббат” (2003) пьесалари ва ёш томошабинлар театрида “Отам айтган афсона” пьесаси Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театрида (2003), “Шайтоннинг ноласи” пьесаси Аброр Ҳидоятов номидаги Ўзбекистон давлат драма театрида (2005) сахналастирилиб 2005 йилда Бухоро шҳрида ўтказилган Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг дастурий VII-фестивалида “Энг яхши драматургия учун” номинацияси ғолиби бўлди. У Республикада ўтказилиб келинаётган умумхалқ “Наврўз” ва “Мустақиллик” байрам томошаларига “Кел Наврўзим – баҳор байрамим”, “Қорақалпоқ фарзандиман”, “Элларим бор”, “Ўзбекистон – Ватаним маним”, “Мустақил эл – Ўзбекистон” номли сценарийларни ёзиб, улар Нукус ва Тошкент шаҳарларида ўтказилган театрлаштирилган байрам томошаларида аҳолига ёритиб берилди ва томошабинлар олқишига миясар бўлди. Шунингдек, у шонли саналарга бағишланган концерт дастурларининг, республикамизга таниқли марҳум санъат усталарини хотирлаш кечаларининг, уларнинг ҳурматига бағишланиб ўтказилган танловлар сценарийларининг автори. П.Айтмуратов Нукус шаҳрида ўтказилиб келинаётган “Наврўз” ва “Мустақиллик” байрамлари сценарийларининг доимий автори. Унинг “Сочбоғли олти қиз”, “Элларим бор”, “Айдар тўй”, “Қорақалпоқ фарзандиман”, “Хўш келдинг Наврўз”, “Мустақиллик иқболим - бахтим” номли мусиқали-хореографик композициялари бўйича “Айқулаш юлдузлари” ансамбли томонидан саҳналастирилган рақслари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Наврўз” ва “Мустақиллик” байрамларида катта ютуқларга эришиб келмоқда. 2005 йилда Ўзбекистон Республикаси миқёсида Болалар қўғирчоқ театрлар орасида ўтказилган ва 2007 йилда халқ театрлари ўртасида “Энг яхши драматургия” номинациялари ғолиби. 2006 йилда ОИТС ва Гиёҳвандликка қарши “Умр ташвишлари” номли ёшларга бағишланган пьесаси Қорақалпоқ давлат университетида саҳналастирилиб Тошкент шаҳрида олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган фестивальда II-ўринни эгаллади. 2008 йил май ойида Нукус шаҳрида бўлиб ўтган “Баркамол авлод-2008” спорт мусобақалари иштирокчиларига бағишлаб ўтказилган маданий тадбирларнинг очилиш ва якуний концерт дастурларида юқори даражада ўтказишда ўз сценарийлари билан ёрдам кўрсатган. 2011 йилда “Сени куйлаймиз замондош” республика миқёсида ўтказилган танловда “Талабкорга нур ёғар” спектакли Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали драма театрида сахналаштирилиб, III-ўринни эгаллаган.