Артиков Хажихан Артикович

Театр: Хоразм вилояти мусиқали драма театри

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист

Артиков Хажихан Артикович 1950 йилда Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида туғилган. У 1972 йилдан Хоразм вилояти мусиқали драма театрида драма актёри вазифасида ўз ижодий фаолиятини бошлаб, театр саҳнасида ижод қилиш билан бирга, шу йили А.Н .Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтига сиртдан ўқишга кириб “актёр” мутахассислиги бўйича муваффақиятли тугаллади. Х.Ортиқов иш жараёнида касб маҳоратини ошира бориб, жами 30 дан зиёд эсда қоларли ролларни ижро қилди. Жумладан, Юмонгуловнинг «Қасос»ида Азнай, Ж.Жабборовинг «Ўжарлар» асарида Фахриддин, А.Н.Островский қаламига мансуб «Кечиккан севги» асарида Николай Шаблов, Уйғуннинг «Беруний» асарида Сухайили, Й.Йордановнинг «Сирли мухаббат»ида Атанас, Э.Роблеснинг «Ўлимдан кучли» асарида Монсерро, Қўчқор Норқобилнинг “Олисдаги одамлар” драмасида Жайрон бобо каби ранг–баранг образларни яратиб, муваффақиятли ижро этди. Хукуматимиз томонидан Х.Артиковнинг қилган ижодий меҳнатларини юксак баҳолаб 1988 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвони билан тақдирланди. Артиков Хажихан 1990 йилдан - 1993 йилларгача Хоразм вилояти телевидения ва радиокомитетида режиссёр ва муҳаррир, 1997 йилдан эса Хоразм вилоят хокимияти маданият ишлари бошқармасида маданият ишлари бўйича мутахассис ва 1998 йилдан 2004 йилгача Хоразм вилоят Огаҳий номли мусиқали драма ва комедия театрида бош режиссёр, саҳналаштирувчи режиссёр вазифаларида ишлади. Хажихон Ортиқов режиссёрлик фаолияти давомида Ш.Бошбековнинг «Темир хотин», Ш.Алиевнинг «Афанди ва Азроил» ,«Ёрим кетаман дейди», Гоголнинг «Ревизор», П.Панчевнинг «Тўрт эгизак», Т.Исломовнинг «Ландовур бўри», Гулчеҳрабонунинг “Қайнона кўрмаган келин” Б.Аппаевнинг “Келин ўғирлаш”, К.Авазнинг “Паймона” каби спектаклларини саҳналаштирди. Шунингдек, «Наврўз» ва “Мустақиллик” байрамларида саҳналаштирувчи режиссёр сифатида ҳам фаолият кўрсатди. Артиков Хажихан 2010-2011 йилда драма артисти, 2011 йилдан буён эса солист вокалист вазифаларида фаолият юритиб келмоқда. Шу билан биргаликда ўзининг театр сахнасидаги кўп йиллик тажрибасига суяниб, ижодкор ёшларга спектаклларни саҳналаштиришда, ролларни маромига етказиб ижро килишда устозлик қилиб келмоқда.