Ваҳобов Хайрулла Сайдуллаевич

Театр: Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри

Ваҳобов Хайрулла Сайдуллаевич 25 июль 1985 йилда Тошкент вилояти Бука туманида таваллуд топган. 2006 йилда А. Қодирий номидаги Тошкент давлат Маданият институтининг Оммавий байрам-тадбирлар режиссёрлиги бўлимини тугатган. 2006-2009 йиллар давомида Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 2-мутахассислик бўйича таҳсил олган. Директор ўринбосари лавозимида 2016 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Хайрулла Ваҳобов 2006 йилдан Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрига хор артисти вазифасига ишга қабул қилинган. Ҳ.Ваҳобов спектакларда ижро этиладиган хорда фаол иштирок этиш билан биргаликда бир қанча спектаклларда роллар ҳам ўйнаган. Шулардан “Бу телба хонадон”да Гувоҳ, “Гаровдаги мухаббат”да Йигит, “Қизи борнинг нози бор”да Анвар, “Хонума”да Кенто, “Тоҳир ва Зуҳра”да Саройбон, “Лайли ва Мажнун”да эшик оғаси ролларини ижро этиш билан биргаликда режиссёр ассисенти вазифасини ҳам маъсулият билан бажариб саҳналаштирувчи режиссёр ва спектакл қатнашчиларининг меҳрини қозонган. Шунингдек, болалар учун саҳналаштирилган спектакллардан “Аловуддининг сеҳрли чироғи”да Қўриқчи, “Туяқуш-бояқуш”да Жўжа хўроз, “Тилла тухум”да Шерхон, “Мистер чўчқанинг саргузашлари”да Шрек, “Ялмоғизнинг набираси”да Аждаҳо каби ролларни маҳорат билан ижро этган. Бундан ташқари, Ҳ.Ваҳобов Қорақолпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларнинг энг чекка худудларида ўтказилган маънавият тарғибот тадбирларида фаол қатнашиб келмоқда. Республика Маънавият Тарғибот маркази томонидан 2015 йил Маънавият тарғиботчиси сертификати ҳамда бир нечта ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.