Ахмедов Ёқуб

Театр: Ўзбек Миллий академик драма театри

Ўзбекистон халқ артисти

1968 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 1975 йили “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонлари, 1977 йили Давлат мукофоти, 1997 йили “Дўстлик” ордени, 2005 йили “Меҳнат шухрати” ордени, 2017 йили “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони, 2018 йил “Фидокорона хизматлари учун” ордени, 2018 й. “Қирғизистон Республикаси санъат академик” фахрий унвони, 2019 йил “Меҳнат фаҳрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. 1958-1993 йилларда Ўзбек давлат академик драма театри актёри. 1993-2013 йилларда Ўзбек Миллий академик драма театри директори лавозимида фаолият олиб борди. 2013 йилдан театрда актёр сифатида ижод қиляпти. 2015 йил Ўзбек Миллий академик драма театри қошида “Ёқуб Маҳорати” театр студияси очилди. Студияга бадий рахбар этиб Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Ахмедов тайинланди. У 1993-2013 йилларда театр директори сифатида фаолият кўрсатиб, ташаббускорлиги, меҳнатсеварлиги, юксак салоҳиятли рахбарлиги билан соғлом ижодий мухитни ушлаб турган ва кўплаб ижобий ютуқларни қўлга киритган. Ё.Аҳмедов раҳбарлигида миллий театр санъатимиз кўплаб ижодий ютуқларни қўлга киритган. Унинг ташаббуси билан “Пири коинот” (ал-Фарғоний), “Соҳибқирон”, “Алишер Навоий” (қайта тикланган), “Увайсий”, “Нодирабегим”, “Машраб”, “Адибнинг умри” (Ойбек), “Кундузсиз кечалар” (Чўлпон), “Юлдузли тунлар” (Бобур) синггари миллий фахримиз бўлган улуғ сиймоларга бағишланган тарихий спектакллар саҳналаштирилган. Шу билан бир қаторда “Қирол Лир”, “Макр ва муҳаббат”, “Гамлет”, “Дарахтлар тик туриб жон беради”, “Муҳаббат султони” (Лайли ва Мажнун), “Аёлғу” (ўзбек халқ фалклорлари) синггари жаҳон ва миллий классик асарлари саҳналаштирилган. Замонамиз қаҳрамонлари тимсолини яратишга қаратилган “Қуёшни сен уйғотасан”, “Ойдин”, “Танҳо юлдузим”, “Тақдир синовлари”, “Огоҳ бўлинг одамлар”, “ спектакллари муваффоқиятли саҳналаштирилиб, ўзбек театр санъати ютуқлари қаторида алоҳида эътироф этиб келинмоқда. Ё.Аҳмедов узоқ йиллар шу ижодий жамоада ишлаш жараёнида элликдан ортиқ спектаклларда асосий ролларни ўйнаб, эл назарига тушган юксак актёрлик истеъдодига эга санъаткордир. У дастлаб “Парвона” спектаклида Муроджон образини ижро этиб, ўзининг чексиз иқтидор соҳиби эканини намоён этган. У яратган “Алишер Навоий” да Алишер, “Ўткан кунлар” да Юсуфбек Ҳожи, “Зебунносо”да Шоҳжаҳон, В.Шекспирнинг “Отелло”да Отелло, “Юлдузли тунлар”да Бобур, “Абу Райхон Беруний”да Беруний, “Омон бўилгин, азизим”да ота, “Мирзо Улуғбек”да Амир Темурнинг арвохи ва бошқа жуда катта ва ранг-баранг ролларни юқори савияда ижро этиб, халқимизнинг суюкли фарзандларидан бирига айланган. Ё.Аҳмедов ўзи яратган образларнинг ички дунёсини, ўзига хос хусусиятларини кўз қарашлар, имо-ишораларда, юриш-туриш орқали ёрқин, аниқ очишга моҳир актёрлардандир. Унинг фақатгина ўзигагина хос овози, сўзлаш санъати бор. Абу Райхон Беруний, Алишер Навоий, Бобур, Фурқат, Али Қушчи, Абай каби ўтмишда ўтган буюк зотлар, олиму-фозил кишилар, шоири замонлар образларини яратиш Ёқуб Аҳмедовга насиб этган. У ана шу масъулиятни юракдан ҳис этган ҳолда бу образларни қиёмига етказиб ижро этди. Ёқуб Аҳмедовни кенг санъат мухлисларига илк бор танитган образи “Фурқат” бадиий фильмидаги Фурқат образи бўлди. Шундан кейин у “Ганг дарёсининг қизи” да Окхай, “Севги фожеаси” да Умар, “Улуғбек хазинаси” да Али Қушчи, “Севги садоқати” да Элёр, “Ичкуёв” да раис, “Зулматдан қоч” да Султонали, “Узоқ – яқин йиллар” да Ибрагимов, “Шум бола” да Султонали, “Хонадон эгаси” да ота, “Кўргим келади” да профессор, “Сабр” да Юлдашев, “Сардор” да генерал синггари видеофильм ва киноларда 50 га яқин образлар яратди. Актёр Ўзбекистон радиосида тайёрланган ўнлаб радиоспектаклларда фаол қатнашди. Айниқса, унинг “Ғазалхонлик” эшиттиришидаги чиқишлари, ўзбек адабиёти намояндаларининг ўлмас ғазалларини ажойиб овози билан ёқимли тарзда ўқиши, Юнесконинг Буюк ипак йўли асосида яратилган “Ҳар дарднинг давоси бор” радиопостановкаси тингловчиларини мафтун этиб келмоқда. Ёқуб Аҳмедов дубляж соҳасида ҳам 500 дан ортиқ фильмга ҳамда бир нечта телесериалларга овоз берган. Ёқуб Аҳмедов Миллий театрнинг буюк актёри, ижодий ва ташкилий ишларнинг илҳомчиси. Театрда фаолият юритиб келаётган ҳар бир ижодий ходимнинг айниқса, ёшларнинг маслаҳатчиси, меҳрибон устозидир. Унинг шогирдлари қаторида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Фатхулла Масудов, Ботир Мухаммаджонов, Мехриддин Рахматов, Набиев Асадилло, артистлар Рихсилла Абдуллаев, Толиб Мўминовлар ва кўплаб театрнинг ёш иқтидодли актёрларига ҳам улкан актёрлик истъедоди билан ажиб бир тарзда омухта бўлганлигини таъкидлаш жоиздир . У давлат ва жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этиб, ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Мустақиллик ва Наврўз умумхалқ байрамлари ҳамда турли саналарга бағишлаб ўтказиладиган кўплаб маънавий-маърифий учрашувлардаги ишторики таъбир жоиз бўлса, унинг ватанпарвар, эл-юрт корига ярайдиган фидойи ижодкор эканлигидан далолат беради.