Мирзаев Акмал Бурхонович

Театр: Фарғона вилояти мусиқали драма театри

Мирзаев Акмал Бурхонович 1972- йил 7- февралда Фарғона тумани Дамкўл қишлоғида туғилган. 1995-йил Ю.Шакаржонов номли ўзбек мусиқали драма ва комедия театри студиясига кирди. 1996-йил Фарғона давлат санъат билим юртининг театр санъати бўлимига ўқишга қабул қилинди. 2000-йил ушбу ўқув юртини имтиёзли диплом билан тамомлади. 1995-йилдан бери ушбу театрда ишлаб келмоқда. А.Мирзаев ижодий фаолияти давомида: Т.Мирзонинг “Амир Темур ва Тўхтамишхон”да Амир Темур руҳи, Н.Ҳошимов, “Чорраҳадаги ҳангома”да Каримжон,Шоди, Ш.Бошбеков, “Тиконсиз типратиканлар”да Ўткир, Х.Тўхтабоев, “Мунгли кўзлар”да Акбар, Анвар Обиджон, “Осмондан тушган одам”да Давлатжон, У.Азим, “Бахт қуши”да Қодир, Э.Лабиш, “Мизантроп ёхуд Одамови”да Машавуан, Э.Хушвақтов, “Чимилдиқ”да Ука, Х.Хурсандов, “Кампир топайми дадажон”да Собир, Саломбой, И.Турсунова, “Заҳарли томчи”да Аброр, С.Одилов, “Юракдаги Фарёд” ва “Тубсиз чоҳ”да Асрор, Акмал, И.Турсунов, “Бир никоҳ фожеаси”да Шоди, О.Ҳакимов, “Кўнглимнинг малҳами”да Ҳалимқирон, С.Одилов,О.Ҳакимов, “Бошқача одамлар”да Ҳасан Рўзиев, Ҳ.Расул, “Қўйинг менга ўз юрагимни”да Ғайрат Ботиров, Р.Муҳаммаджонов, “Ойдин”да Самандар, З.Солиева, “Маккора”да Шуҳрат Суюнов, Ҳ.Ҳ.Ниёзий, “Майсаранинг иши”да Ҳидоят, Н.Қобул, “Девонаи Машраб”да Машраб, М.Комилжонов, А.Абдуғофуров, “Сени соғиндим”да Мадиёр, А.Амирли, “Бой хотин”да Адвокат, Қ.Норқобил, “Танти қишлоқ ҳангомалари”да Эшдавлат, Ш.Ризаев, “Дискотека”да Шуҳрат, Т.Юнус, “Қор одам”да Шукур, Н.Аббосхон, “Ўзбекча рақс”да Турсунбой, И.Турсунов, “Марғилон йўллари”да Юсуф қизиқ, М.Йўлдошева, “Гап йўқ қўзичоқ”да Тулки, Гулчеҳрабону, “Бўлинганни бўри ер”да Қўчқор, Алишер Навоий, “Лисон-ут тайр” достони асосида “Етти водий”да Ҳудҳуд, С.Одиловнинг “Ахмад Фарғоний” спектаклида Ахмад Фарғоний, Мухаммад Алининг “Навоий ва Бойқаро” спектаклида Қозикалон каби ролларни маромига етказиб ижро этган. А.Мирзаев нафақат театрда балки кино ва телевиденияда ҳам ўз ижодини давом эттирмоқда. Марғилон ва Фарғона телеканалларида “Хатларда ҳаёт акси”, “Умр манзалари”, “Тақдир синовлари” теленовелларида суратга тушган. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси суратга олган “Яна ўша Насриддин” филмида Ўғри, “Фидоийлар” сериалида Бемор ролларини ижро этган. А.Мирзаевнинг театрда охирги ижро этган роли таҳсинга лойиқ. Улуғ бобоколонимиз Алишер Навоийнинг “Лисон-ут тайр” достони асосида тайёрланган “Етти водий” спектаклида Ҳудҳуд ролини ижро этиб, етакчи актёр эканини яна бир бор исботлади. Спектакль бошидан охиригача Ҳудҳуднинг ҳикоясига қурилган. А.Мирзаев роли орқали Алишер Навоий ижодини, унинг инсониятга, маънавий дунёсини бойитишини исботлаб берди. Ўз ортидан ёш актёрларни эшгаштириб, уларни Алишер Навоий ижоди билан таништириб, спектакль муваффақияни таъминлади. А.Мирзаев вилоятда ўтказиладиган Наврўз, Мустақиллик байрамлари ва Президент арчасининг доимий иштирокчиси. А.Мирзаев қатор йиллар давомида ижодий фаолияти ва вилоятнинг маданий-маърифий ҳаётини ўстиришдаги муносиб меҳнатлари учун вилоят ҳокимлиги томонидан Фахрий ёрлиқ билан тақдирланган. 2015-йил Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбектеатр” ИИЧБ ва Швейцария элчихонаси Ҳамколик Бюроси томонидан Бухоро шаҳрида ташкил этилган “Устоз ва шогирд” лойиҳасини А.Мирзаев муваффақиятли тамомлаб, театр обрўсини яна бир бор оширди. А.Мирзаев Республика миқёсида ўтказиладиган “Сени куйлаймиз замондош” ва “Дебют” театрлар фестивалида ўзининг ижро этган роллари орқали мухлис ва мутахассислар эътиборини қозонган.