Каримова Зебинисо Бурибаевна

Театр: Сурхондарё вилояти қўғирчоқ театри

Каримова Зебинисо Бурибаевна Сурхондарё вилоят қўғирчоқ театрида 2003 йилдан буён ишламоқда. Каримова Зебинисо ўзига хос ижро услубигаэга ижодкор. У касб маҳоратини ошириш борасида ўқув машғулотларнинг фаол иштирокчиси. Каримова Зебинисо театр саҳнасида қўғирчоқлар воситасида яратган “Маъруф ва Малика”да Бека, “Ўткир шохли Буқача”да Тулки, “Хаёлпарастлар”да Ўзга сайёралик, “Меҳр гули”да Тулки, “Зумрад ва Қиммат” да Она каби ёрқин образлари ёш томошабинлар меҳрини қозонган. Каримова Зебинисо болалар учун тайёрланган “Ойдан тушган меҳмон”, “Болаликнинг бахтли онлари”, “Ғаройиб концерт” шоу дастурларида “Ўзга сайёралик”, да Момо, “Орзунинг ушалиши” да кенжа Дев, “Қиш эртаги”да Қородам, “Гулсевар” да Чирмовиқ, “Қодирий кулдирганда” да Калвак махзум, “Қалдирғоч ва Майна” да Майналар сардори образларини жонли ижрода талқин этиб, тадбирларни юксак даражада ўтишида ўз ҳиссасини қўшган. Унинг ижросидаги Нозима образи “Огоҳ бўлинг бахт сизники” маданий-маърифий тадбирлари намойишида томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Каримова Зебинисо театрда моҳир қўғирчоқ устаси сифатида ҳам ижодий фаолиятини давом эттириб, 2008 йилда “Келажак авлоди” Республика кўрик-танловида “Тасвирий ва амалий санъат йўналиши” бўйича иштирокчиси, 2009 йил Андижонда бўлиб ўтган республика VIII - анъанавий қўғирчоқ театрлар фестивалида “Йилнинг энг яхши қўғирчоқ устаси” номинацияси билан тақдирланган. Каримова Зебинисо вилоят бўйлаб ўтказиладиган гастрол сафарлари давомида спектакллардан сўнг болажонлар билан қўғирчоқ тайёрлаш борасида маҳорат дарсларини мунтазам ташкил этиб келади.