Сўфиев Шукуржон Рустамович

Театр: Ўзбекистон давлат драма театри

Ш.Сўфиев талабалик давриданоқ институт саҳнасида ўзбек ва жаҳон драматургиясининг етук асарларида бош ва иккинчи даражали образларни маҳорат билан ижро этиши орқали мутахассислар эътирофига сазовор бўлган. У дастлаб ижодий фаолиятини Ўзбек Миллий академик драма театрида якка тартибда чақирилувчи актёр сифатида бошлаган ҳамда театр репертуаридан ўрин эгаллаган бир нечта спектаклларда етакчи образларни ижро этган. У ўзига хос истеъдодга эга, юксак ижодий салоҳиятли актёрдир. Унинг Ўзбекистон давлат драма театрида актёр сифатида фаолият бошлаганига кўп вақт бўлмаса-да, театрнинг саҳналаштирувчи режиссёрлари назарига тушишга улгурди. Қисқа вақт ичида театр саҳнасида бир нечта қаҳрамонлар образларини яратишга улгурди. Театр саҳнасида яратган образлари талайгина. Жумладан: “Минг бир кеча”да Найнов, “Аяжонларим”да Ашуралиев, “ Минг йиллик ҳангома”да Тўлаган, “Эй, биз бормиз!..”да назоратчи каби образларни маромига етказиб ижро этиш орқали тажриба орттириб, режиссёрлар белгилаб берган вазифаларга амал қилган холда юксак маҳоратли театр актёри даражасига эришишга ҳаракат қилмоқда. У театр саҳнасидаги ижодий изланишлари билан бир қаторда телевидения соҳасида ҳам ранг-баранг ролларни маҳорат билан ижро этиб келаётгани таҳсинга лойиқ. Шулардан: “Қалдирғочлар яна қайтади”да Аброр, “Балойи нафс”да куёв, “Бедор туйғулар”да Бобур, “Антиқа куёв”да куёв телесериаллари ҳамда “Денгиздан томчи”, “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” туркум кўрсатувларида турли хил характерга эга образлар ижро этиб келмоқда. У ўзининг тўғрисўзлиги, меҳнатсеварлиги, изланувчанлиги билан жамоа ва кенг жамоатчилик орасида ўзига хос ҳурмат ва эътибор қозониб келмоқда.