Очилов Уткиржон Умарқулович

Театр: Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар драма театри

Очилов Уткиржон Умарқулович 1973 йил 29 майда Самарқанд вилоятида таваллуд топган. 1996 йилда Тошкент давлат маданият институтини тамомлаган. 2007 йилда Каттақўрғон шаҳар драма театрига актёр лавозимига ишга қабул қилинган. У.Очилов шу кунга қадар ижодий фаолияти давомида 100 дан ортиқ ролларни ўзига хос ва такрорланмас маҳорат билан ижро этган. Актёрнинг ижросидаги роллар ўзининг турли характерга эга эканлиги, ёрқин ва бадиий такомиллиги билан томошабинлар ҳамда театр мутахассислари эътибори ва ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда. Актёр спектаклларда яратаётган турли характерли қаҳрамонлари ички кечинмаларини юракдан ҳис этиб, ўзининг юксак профессионал маҳорати билан образни янада ўзига хос тимсолда ифодалайди. Шунинг учун ҳам у ижро этган роллар бир биридан тубдан фарқ қилади ва ижодкор уларнинг сифат даражаси юқори бўлишига интилади. Жумладан: Э.Хушвақтнинг “Андишали келинчак” спектаклида Арслонбек, Ж.Пуаренинг “Ёлғоннинг умри” спектаклида Антуан, Т.Маликнинг “Заҳарли томчилар” спектаклида Қамар, Ҳ.Олимжоннинг “Семурғ” спектаклида Шаҳзода, Г.Муфтизоданинг “Унутилган бойлик” спектаклида Зокирхон, Ёрқиннинг “Қора шохнинг шохи синди” спектаклида Қора шох, Э.Усмоновнинг “Васваса” спектаклида Бегимқул, Ҳ.Расулнинг “Сизни соғиндим” спектаклида Солибой, Э.Шукурованинг “Сохиба” спектаклида Ёқуб, Ш.Ризаевнинг “Она” спектаклида Ровий ва Шох, А.Караевнинг “Шок” спектаклида Найнов Граф, Н.Қобулнинг “Тўда” спектаклида Ота, М.Зошенконинг “Қилмиш-қидирмиш” спектаклида Олди Сотдиев, М.Уйғурнинг “Туркистон табиби” спектаклида Ҳамдамбой, У.Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” спектаклида Ҳоким, У.Азимнинг “Бир қадам йўл” спектаклида Шокир, О.Рўзибоевнинг “Меросхўр” спектаклида Рустам, Т.Юнуснинг “Нисо холанинг ҳисоби” спектаклида Қўшни, А.Қодирийнинг “Тошпўлат тажанг нима дейди” спектаклида Тошпўлат тажанг, Ч.Айтматовнинг “Эрта қайтган турналар” спектаклида Раис Тиналиев, М.Эргашевнинг “Имом Ал-Бухорий” спектаклида Басра ҳокими ва шу каби 100 дан зиёд образларни маромига етказиб ижро этганлигини таъкидлаш лозим. У.Очилов республика миқёсидаги бир қатор нуфузли театр фестиваллари ва кўрик танловлар қатнашчиси хисобланади. Жумладан, 2014 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган “Дебют” фестивалида Шухрат Ризаевнинг “Она” спектаклида Ровий-шох , 2017 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон театрларининг IV-Республика “Сени куйлаймиз замондош” кўрик-фестивалида Ж.Ҳамроевнинг “Жасорат йўли” спектаклида МХХ бўлими бошлиғи роллари билан фаол иштирок этди. 2019 йил Самарқанд шаҳрида жойлашган “Боғишамол гарден” боғида бўлиб ўтган “Ўзбекистон буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳасида: империялар, динлар, маданиятлар” номли маданий мерос ҳафталиги якуний анжуманида ва шу йили Самарқанд шаҳрида ўтказилган “SILK ROAD BAZAAR-2019” фестивалида М.Эргашевнинг “Имом Ал-Бухорий” спектаклида Басра ҳокими ролини маҳорат билан ижро этиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди.