Мардонов Отабек Давронович

Театр: Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар драма театри

Мардонов Отабек Давронович 1975 йил 12 майда Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманида таваллуд топган. 1997 йилда Тошкент давлат маданият институтини тамомлаган. 1999 йилда Каттақўрғон шаҳар драма театрига актёр лавозимига ишга қабул қилинган. О.Мардонов ўтган давр мобайнида мазкур театрда турли лавозимларда фаолият юритди. Мазкур вазифада 2019 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. О.Мардонов мамлакатимиздаги нуфузли, отахон театрлардан бирининг қобилиятли актёри. Отабек Мардоновнинг серқирра қобилияти билан яратилган роллар ўзининг турли характерлиги, ёрқин ва бадиий такомиллиги билан томошабинлар ҳамда театр мухлисларининг юксак эътирофига сазовор бўлган. Меҳнат фаолияти давомида О.Мардонов 50 дан ортиқ ролларни ўзига хос маҳорат билан ижро этиб келмоқда. Актёр ҳар бир спектаклда яратаётган турли характердаги қахрамонлари кечинмаларини юракдан ҳис қилади. Шу боисдан ҳам у ўзига бириктирилган ролни юксак профессионал маҳорат билан янада ёрқин ифодалайди. Ва шу рол орқали асар қахрамонининг тўлиқ образини чиқариб бера олади. Отабек Мардоновнинг ҳар бир ижро этган роли бир-биридан тубдан фарқ қилади ва ижодкор уларнинг сифат даражасини юқори бўлишига интилади. Жумладан, Э.Хушвақт асари асосида яратилган “Қирмизи олма” спектаклида Аббос, Х.Расул асари асосида яратилган “Қора вабо” спектаклидаги Гиёҳванд йигит, Ёрқин асари асосида яратилган “Сеҳрланган тандир” спектаклида Ботир, У.Умарбеков асари асосида яратилган “Ўзинг учун ўл етим” спектаклида Тоҳир, Х.Хурсандов асари асосида яратилган “Кампир топайми дадажон” спектаклида Собир, Х.Низомиддинов асари асосидаги “Зумраша” спектаклда Зумраша, А.Жумаев асари асосида яратилган “Уч кунлик дунё” спектаклда Чучук, М.Беҳбудий асари асосида яратилган “Падаркуш” спектаклида Тошмурод бойвачча, Т.Малик асари асосида яратилган “Заҳарли томчилар” спектаклида Қамар каби образларни маромига етказиб ижро этганлигини таъкидлаш ўринли.