Кадиров Мизом

Театр: Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар драма театри

Кадиров Мизом 1950 йил 10 октябрда Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳрида таваллуд топган. 1972 йилда Тошкент театр ва рассомчилик институтини тамомлаган ва шу йили Каттақўрғон шаҳар драма театрида актёр сифатида иш бошлаган. Мазкур вазифада 2015 йилда буён фаолият юритиб келмоқда. М.Кадиров шу кунга қадар ижодий фаолияти давомида 100 дан ортиқ ролларни ўзига хос маҳорат билан ижро этиб келмоқда. Актёр ижросидаги роллар ўзининг ҳаётийлиги ва бадиий такомиллиги билан томошабинлар ҳамда театр мутахассислари эътибори ва эътирофига сазовор бўлган. Актёр спектаклларда яратаётган турли характерли қаҳрамонлари кечинмаларини юракдан ҳис этиб, юксак профессионал маҳорат билан образни янада рангин бўёқларда ифодалайди. Шунинг учун ҳам у ижро этган роллар бир биридан тубдан фарқ қилади ва ижодкор уларнинг сифат даражаси юқори бўлишига интилади. Бундай образларни қатор саҳна асарларида кўриш мумкин. Жумладан, И.Махсумнинг “Навоий Астрободда” спектаклида Навоий, У.Шекспирнинг “Отелло” спектаклида Кассио, Брехтнинг “Она кураш” спектаклида Ўртанчи ўғил, М.Каримнинг “Ой тутилган тунда” спектаклида Дарвеш, У.Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” спектаклида Лаврентий, Ж.Пуарэнинг “Эх Париж, Париж” спектаклида Стефан, У.Азимнинг “Бир қадам йўл” спектаклида Ота, С.Ахмаднинг “Келинлар қўзғолони” спектаклида Боқи, М.Бобоевнинг “Қани менинг юлдузим” спектаклида Муаллиф, З.Фатхуллиннинг “Юрагида кетди армони” спектаклида Шербек, У.Умарбековнинг “Ўзинг учун ўл етим” спектаклида Профессор, Г.Муфтизоданинг “Унутилган бойлик” спектаклида Қодирали, Ч.Айтматовнинг “Эрта қайтган турналар” спектаклида Чекиш чол каби 100 га яқин образларини моҳирона ижро этганлигини таъкидлаш лозим. М.Кадиров ижодий фаолияти давомида қўшни давлатлар Россиянинг Уфа шаҳрида, Туркманистоннинг Чоржу, Қозоғистоннинг Туркистон, Чимкент шаҳарлари, Қирғизистон Республикасининг Ўш, Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳарларида ҳам мухлислар олқишига сазовор бўлган. Меҳнатсеварлиги, изланувчан ва интилувчанлиги, атрофдагиларга, айниқса, ёшларга бўлган алоҳида эътибори билан театр жамоасининг ҳурмат эътиборини қозонган.