Эгамова Дилором Юсуповна

Театр: Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар драма театри

Эгамова Дилором Юсуповна 1959 йил 13 февралда Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманида таваллуд топган. 1982 йилда Тошкент давлат маданият институтини тамомлаган ва шу йили Каттақўрғон шаҳар драма театрига актёр лавозимига ишга қабул қилинган. Д.Эгамова шу кунга қадар ижодий фаолияти давомида 100 дан ортиқ ролларни ўзига хос маҳорат билан ижро этиб келмоқда. Актёр ижросидаги роллар ўзининг ҳаётийлиги ва бадиий такомиллиги билан томошабинлар ҳамда театр мутахассислари эътибори ва эътирофига сазовор бўлган. Актёр спектаклларда яратаётган турли характерли қаҳрамонлари кечинмаларини юракдан ҳис этиб, юксак профессионал маҳорат билан образни янада рангин бўёқларда ифодалайди. Шунинг учун ҳам у ижро этган роллар бир биридан тубдан фарқ қилади ва ижодкор уларнинг сифат даражаси юқори бўлишига интилади. Бундай образларни қатор саҳна асарларида кўриш мумкин. Жумладан, Я.Стельмахнинг “Майсалардан сўранг” спектаклида К.Ковалёва, Х.Расулнинг “Онаси ўпмаган қиз” спектаклида Лайло-Саодат, Р.Орифжоновнинг “Уйқусиз тунлар” спектаклида Гули, У.Исмоиловнинг “Рустам” спектаклида Қиммат, С.Ахмаднинг “Келинлар қўзғолони” спектаклида Мухайё, Я.Худайқуловнинг “Суд” спектаклида Лобар, М.Бобоевнинг “Қани менинг юлдузим” спектаклида Санам, З.Фатхуллиннинг “Юрагида кетди армони” спектаклида Малика, А.Жамолнинг “Меҳрибонлар” спектаклида Рохила, С.Жўранинг “Қасоскор она” спектаклида Малика, У.Умарбековнинг “Ўзинг учун ўл етим” спектаклида Она ва Маҳфуза, К.Авазнинг “Диёнат” спектаклида Чинора, Э.Хушвақтнинг “Қирмизи олма” спектаклида Момо, Х.Расулнинг “Қора вабо” спектаклида Она, Ж.Пуарэнинг “Эх Париж, Париж” спектаклида Софи, Г.Муфтизоданинг “Унутилган бойлик” спектаклида Садоқат, Х.Расулнинг “Сени соғиндим” спектаклида Мастура, Н.Қобилнинг “Тўда” спектаклида Она, Т.Юнуснинг “Нисо холанинг хисоби” спектаклида Замира, У.Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” спектаклида Дорифуруш, У.Азимнинг “Бир қадам йўл” спектаклида Беғам, Э.Шукурованинг “Соҳиба” спектаклида Зумрад, О.Рўзибоевнинг “Меросхўр” спектаклида Розия амма, Ч.Айтматовнинг “Эрта қайтган турналар” спектаклида Инкамол опа, А.Қодирийнинг “Диёри бакр” асари асосида М.Мухаммадаминова инценировкаси “Тошпўлат тажанг нима дейди” спектаклида Янга ва шу каби 100 га яқин образларини, шунингдек режиссёр О.Ишмуродовнинг “Ҳаёт чорраҳаларида” видеофилъмида Келин ролини моҳирона ижро этганлигини таъкидлаш лозим. 2017 йилда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланган. 2019 йил Самарқанд шаҳрида жойлашган “Боғишамол гарден” боғида бўлиб ўтган “Ўзбекистон буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳасида: империялар, динлар, маданиятлар” номли маданий мерос ҳафталиги якуний анжуманида Дилором Эгамова миллий саҳна кўринишлари билан иштирок этди.