Ризаева Гулнора Шоназаровна

Театр: Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар драма театри

Ризаева Гулнора Шоназаровна Мазкур вазифада 1983 йилдан буён ишлаб келмоқда. Г.Ризаева шу кунга қадар ижодий фаолияти давомида 100 дан ортиқ ролларни ўзига хос маҳорат билан ижро этди. Актёрнинг ижросидаги роллар ўзининг турли характерлиги, ёрқин ва бадиий такомиллиги билан томошабинлар ҳамда театр мутахассислари эътибори ва ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда. Актёр спектаклларда яратаётган турли характерли қаҳрамонлари кечинмаларини юракдан ҳис этиб, юксак профессионал маҳорат билан образни янада рангин бўёқларда ифодалайди. Шунинг учун ҳам у ижро этган роллар бир биридан тубдан фарқ қилади ва ижодкор уларнинг сифат даражаси юқори бўлишига интилади. Жумладан: “Келинлар қўзғолони” спектаклида Нигора, Уйғуннинг “Зебунисо” спектаклида Наргиз, Шиллернинг “Макр ва муҳаббат” спектаклида Луиза, М.Каримнинг “Ой тутилган тунда” спектаклида Зубаржат, А.Қаххорнинг “Тобутдан товуш” спектаклида Хожар, С.Жўранинг “Қасоскор она” спектаклида Малика, Ж.Руарэнинг “О, Париж, париж” спектаклида Жюли, А.Чеховнинг “Айиқ” спектаклида Попова, А.Бобохоновнинг “Еттинчи жин” спектаклида Феруза, С.Сирожиддиновнинг “Давр ўғлони” спектаклида Бўстон, Р.Орифжоновнинг “Уйқусиз тунлар” спектаклида Гули, А.Жамолнинг “Меҳрибонлар” спектаклида Анжелика, Э.Хушвақтнинг “Чимилдиқ” спектаклида Келин, Э.Хушвақтнинг “Қаллиқ ўйини” спектаклида Қўшни, Х.Расулнинг “Қора вабо” спектаклида Келин, Г.Муфтизоданинг “Унутилган бойлик” спектаклида Зебохон, А.Караевнинг “Шок” спектаклида Котиба, Ш.Ризаевнинг “Она” спектаклида Телба аёл, Н.Қобилнинг “Тўда” спектаклида Зулхумор, М.Уйғурнинг “Туркистон табиби” спектаклида Жувон, Т.Юнуснинг “Нисо холанинг ҳисоби” спектаклида Захро, У.Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” спектаклида Энага ва шу каби 100 га яқин образларни маромига етказиб ижро этганлигини таъкидлаш лозим. Г.Ризаева Республика миқёсидаги бир қатор нуфузли театр фестиваллари ва кўрик танловлар қатнашчиси хисобланади. Жумладан 2013 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган “Theatre.UZ/2013” халқаро театр санъати фестивалида қатнашиб, А.Караевнинг “Шок” асарида котиба роли ижроси учун махсус диплом билан тақдирланди. 2014 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган “Дебют” фестивалида Шухрат Ризаевнинг “Она” спектаклида Телба аёл ролини ижро этди. Г.Ризаева ўзи истиқомат қилаётган шаҳардаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида фидоий жамоатчи, маҳалла хотин-қизлар кенгашининг ташкилотчи аъзоси, бундан ташқари маҳаллада ўтказиладиган турли маросимларни ибратли, камчиқим ўтказиш бўйича маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги комиссия аъзоси сифатида ҳам маҳалла аҳли орасида ҳурмат эҳтиром қозонган. Унинг ижодий фаолияти ижро маҳорати, жамоат ишларидаги фаоллиги ҳақида Республика, вилоят газета ва журналларида, жумладан, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Каттақўрғон ҳақиқати”, “Театр”, “Саодат” журналлари, “Бекажон”, “Зарафшон”, “Самаркандский вестник”, “Каттақўрғон тонги” газеталарида қатор мақола ва лавҳалар эълон қилинган. Ижодий фаолияти Республика, вилоят телевиденияси ва радиоси орқали тарғиб этилган. Г.Ризаева театрда ва вилоятларда ўтказиладиган турли маънавий-марифий тадбирларда, учрашув ва суҳбатларда ёш авлод тарбияси ҳамда маънавиятини юксалтиришга оид қимматли фикр мулоҳазалари билан мунтазам қатнашиб келмоқда. Маҳоратли актёрнинг театр ривожи ва ёш авлоднинг тарбияси борасидаги ишлари маҳаллий ҳокимият органлари томонидан муносиб баҳоланиб, кўплаб фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. Г.Ризаева сермаҳсул ижодий фаолияти билан биргаликда жамоат ишларида ҳам жуда фаол. У турли ҳайрия тадбирлари, ободонлаштириш ишлари етакчиси ва фаол иштирокчисидир. Меҳнатсеварлиги, изланувчан ва интилувчанлиги, атрофдагиларга, айниқса, ёшларга бўлган алоҳида эътибори билан театр жамоасининг ҳурмат-эътиборини қозонган. Г.Ризаеванинг 20 дан ортиқ издош шогирдлари санъат соҳасида фаолият кўрсатиб келмоқда.