Мамедова Гулбаҳор Мусаевна

Театр: Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар драма театри

Мамедова Гулбаҳор Мусаевна Мазкур вазифада 2016 йилдан фаолият юритиб келмоқда. Г.Мамедованинг мамлакатимиздаги отахон театрлардан бирининг қобилиятли актёри, режиссёри, миллий театр санъати фидойиларидан ҳисобланади. 2016 йилда ушбу театрнинг 95 йиллиги кенг миқёсда нишонланди. Бугунги кунга қадар ушбу театрда 5 та халқ артистлари, 30 дан ортиқ Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар етишиб чиққан. Гулбахор Мамедова айни пайтда театрнинг етакчи, устоз санъаткорларидан бири саналади. У ўз ижодий фаолияти давомида 200 дан ортиқ турли йўналишдаги ролларни моҳирона ижро этди. У саҳнада давр талаби, томошабин дидига мос, ранг-баранг образлар кашф этиб, мухлисларнинг ихлос, эътибор олқишларига сазавор бўлмоқда. Г.Мамедованинг спектаклларда яратган образлари театршунос мутахассислар томонидан атрофлича таҳлил этилиб, унинг ижро маҳорати юқори баҳоланди. Г.Мамедованинг ижро маҳорати Республикамиздан ташқари Татаристон, Бошқирдистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларида Каттақўрғон шаҳар ўзбек давлат драма театрининг ижодий гастрол сафарлари давомида ҳам эътирофларга сазовор бўлган. Г.Мамедова юксак бетакрор истеъдод соҳибаси, яратган образлари табиий ва ҳаётийдир. Жумладан, “Макр ва Муҳаббат” (Ф.Шиллер) Леди Мельфорд, “Медея” (Эврипид)да Медея, “Ёрқиной” (Чўлпон)да Ёрқиной, “Нурхон” (К.Яшин)да Нурхон, “Зебунисо” (Уйғун)да Зебунисо, “Рустам” (У Исмоилов)да Қиммат, “Момоқалдироқ” (А.Островсқий)да Катерина, “Қонли тўй” (Г.Лорка)да Келин, “Келинлар қўзғолони” (Саид Аҳмад)да Меҳри, “Ҳамма билан ошкора” (А.Гельман)да Наташа, “Қора вабо” (Х.Расул)да Касофат, “Қаллиғ ўйин” (Э.Хушвақтов)да Холбека, (А.Караев) нинг “Шок”, Сахна юлдузи, (Ш.Ризаев) нинг “Она”, В.Шекспир “Ромео ва Жулетта” да Копулетти хоним, Т.Юнус “Нисо холанинг ҳисоби”да Нисо хола каби турфа роллари унинг сер-қирра ижодкор эканлигини далилдир. Г.Мамедова Каттақўрғон шаҳар театри саҳнасида узоқ йиллардан бери намойиш этиб келинаётган Ў.Ҳошимовнинг “Сендан угина...”, Шуҳратнинг “Дўстимнинг ўғли”, Ф.Мусажоновнинг “Ўғлимни қайтариб беринг”, А.Караевнинг “Шок” спектаклларини саҳналаштиришда мустақил ижод қилиб, ўзининг режиссёрлик қобилятини ҳам намоён этди. Шунингдек, ўзбек кинофильмларида ҳам роллар ижро этди. Жумладан, режиссёр Б.Ахмедовнинг “Жумбоқ” фильмида Она ролини, режиссёр Л.Саъдуллаевнинг “Меҳрибонгинам” фильмида Ўгай она, режиссёр З.Бегимкулованинг “Опа-сингиллар” телесериалида Фароғат образларини яратди. 2013-2015 йилларда унинг ижодий фаолияти ижро маҳорати, жамоат ишларидаги фаоллиги ҳақида Республика, вилоят газета ва журналларида, жумладан, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Каттақўрғон ҳақиқати”, “Театр”, “Саодат” журналлари, “Қишлоқ ҳақиқати”, “Бекажон”, “Зарафшон”, “Самаркандский вестник”, “Даракчи”, “Каттақўрғон тонги” газеталарида қатор мақола ва лавҳалар эълон қилинган. Ижодий фаолияти Республика, вилоят телевиденияси ва радиоси орқали тарғиб этилган. Г.Мамедова меҳнатсеварлиги, изланувчан ва интилувчанлиги, атрофдагиларга, айниқса, ёшларга бўлган алоҳида эътибори билан театр жамоасининг ҳурмат-эътиборини қозонган. Г.Мамедова 2013-2015 йилларда республика миқёсидаги бир қатор нуфузли театр фестиваллари ва кўрик танловлар қатнашчиси хисобланади. Жумладан 2013 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган “Theatre.UZ/2013” халқаро театр санъати фестивалида қатнашиб, А.Караевнинг “Шок” асарида хам постановка режиссёри, ҳам актриса роли ижроси учун махсус диплом билан тақдирланди. 2014 йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган “Дебют” фестивалида Шухрат Ризаевнинг “Она” асаридаги бош қахрамон “Она” ролини ижро этди. Г.Мамедованинг 20 дан ортиқ издош шогирдлари санъат соҳасида фаолият кўрсатиб келмоқда.