Шайманова Гулида Насрулло қизи

Театр: Самарқанд вилояти қўғирчоқ театри

Ёш иқтидорли актриса Шайманова Гулида Насрулло қизи ушбу театрда 2015 йилдан бошлаб фаолият юритиб келмоқда. Тиришқоқ, изланувчан, ширин сўз, ўз соҳасини севувчи ёш ҳодим театр жамоаси орасида ўзгача меҳр қозониб ижод қила бошлади. Самарқанд санъат коллежининг “Эстрада актёрлиги, бадиий сўз устаси” бўлимини 2016 йил аъло баҳоларга тамомлади. Г.Шайманова ўзининг меҳнатсеварлиги, фидойилиги, янгиликка интилувчанлиги, ташаббускорлиги, талабчанлиги, ижодкорлиги, ташкилотчилиги билан кенг жамоатчилик ўртасида катта обрў-эътибор қозонган ёш актрисадир. Бугунги кунга қадар 20 дан ортиқ турли характердаги ролларни ижро этди. Жумладан: Маскур “Қорбобонинг совғаси” (Эчки), “Сеҳрли бойчечак” (Баҳорой), “Бойчечак сайлига мархабо” (Бойчечак), “Аср вабоси” (Жоззи қиз), “Зумраша” (қўёнча), “Илм ақл чироғи” (Тулки), “Учта қувноқ чўчқатой” (Ниф-неф), “Сеҳрли тош” (Латта), “Чодир жамол” (Қиз), “Тўтиқушча Пай” (Тўтиқуш), “Қувноқ томоша” (Қуён), “Тутқун” (Қиз), “Улуғбек юлдузи” (Кўзтумор), “Одам савдоси” (Гули), “Эртакдаги дарс” (Ўқувчи), “Яхши ва ёмон” (Яхшивой), “Ҳожи там-там ҳангомаси” (Кампир), “Сотка” (Кампир), “Кўрсат юзингни” (Қиз), “Тўполончи қорболалар” (Масхарабоз қиз) каби кўплаб эртак спектаклларда бир-бирига ўхшамас ролларини маҳорат билан ижро этди. Шунингдек у “Мустақиллик”, «Наврўз» ва бошка вилоят ва шаҳарнинг катта тадбирларида ўз чиқишлари билан қатнашиб келади. Ўз соҳасини ҳаётига айлантира олган ёш актриса мунтазам ўз устида ишлайди. “Янги авлод”, “Келажак авози”, “Ёш сухандонлар”, “Актёрлик маҳорати ” каби кўплаб танловларда фаол иштирок этиб фахрли ўринларни эгаллаган. Республика қўғирчоқ театрларининг Х кўрик-фестивалида 2016 йил Андижон шаҳрида “Улуғбек юлдузи” эртак спектаклида “Кўзтумор” ролини ижро қилиб театр жамоаси билан III - ўринни эгаллади. Тиришқоқ актриса қизиқчилик борасида ҳам ижод қилиб келади. 2016 йил “Хуш кайфият” республика фестивалида “Қизиқчилик” юналишида фахри 1 ўринни эгаллаган. Мактаб пайтларидан бугунги кунга қадар газета журналларда ўзининг мақолалари ва шерлари билан чиқишлар қилиб туради.