Рахимов Бахтиёр Мелибаевич

Театр: Самарқанд вилояти мусиқали драма театри

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист

Рахимов Бахтиёр Мелибаевич 1979 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини драма ва кино актёрлиги мутахассислиги бўлимини тамомлаган ва шу йилдан эътиборан театрда фаолият юритиб келмоқда. Истеъдодли театр ва кино актёри. Ўзининг самарали меҳнат фаолияти давомида турли ролларни маҳорат билан ижро этиб келмоқда. У қатор саҳна асарларида Бош ролларни ижро этиб келмоқда: “Буюк Темур” спектаклида Султон Боязид, “Сиртмоқ” драмасида Полковник, “Оққуш” драмасида Олимжон Тўраев, “Бир ўлиб кўрайчи” спектаклида Султон Мавлонович, “Муқаддас аёл” драмасида Артур, “Огоҳ бўлинг, одамлар!” спектаклида Терговчи, “Садоқат” спектаклида Карим Носиров, “Нодирабегим” мусиқий драмасида Мадалихон, “Самарқанднома” спектаклида Амир Хусайн, “Бехбудий” драмасида Жадидлар йўлбошчиси ва “Имом Бухорий” драмасидаги Имом Бухорий роллари билан мухлислар эътиборини қозониб келган истеъдодли саҳна устаси. Б.Рахимов сўнгги йилларда театр ва кино санъатида баракали ижод қилиб келмоқда. “Ака-укалар” спекатаклида Ҳобил, “Разолат қурбонлари” спектаклида Салоҳиддин, “Мирзо Улуғбек” спетаклида Мирзо Улуғбек, “Эдип” спктаклида Креонт роллари ҳамда “Ўзтелефильм” ижодкорлари томонидан суратга олинган “Абу Мансур Мотурудий” филъмида Мотурудий, режиссёр Рустам Саъдиевнинг “Сотқин” бадиий фильмида Шаҳар прокурори, Зулфиқор Мусоқовнинг “Хазонрезги” фильмидаги бош рол Қурбон ролларини, давлат буюртмаси асосида саҳналаштирилган “Имон” спектаклида бош рол – Йўлдош Комилов, “Кўчки”спектаклида Ота, “Машраб” спектаклида Махмудхон, ижро этиб, томошабинлар эътиборини қозонди. У 2018 йил “Кўчки” спектаклдаги роли билан Туркия давлатининг Конья шаҳрида бўлиб ўтган “Минг нафас бир овоз” XI-Халқаро театрлар фестивалида ва Остона шаҳри бўлиб ўтган “Самғау” VI-Халқаро театрлар фестивалида иштирок этиб келди. Фестивал доирасида ташкил этилган мастер классларда фаол иштирок этиб сертификат ва фахрий ёрлиқларга эга бўлди. Бахтиёр Рахимов олий тоифали драма актёри сифатида ёш актёрларга санъат сирларини ўргатиб келмоқда.