Яраланган оққуш ноласи

Мазкур асарда фарзандлари учун яшаган, ижодкор Холмуродовнинг аянчли куйга тушиб қолишлари маҳорат билан тасвирланган. Рассом умр бўйи инсонларга маънавий озуқа беришга уринади. Фарзандларини ҳаётда қийналмасликлари учун ўқитади, илмли қилади. Охир оқибатда эса ўша фарзандларининг исканжасида қолиб кетади. "Мен фарзандларимни ҳаётда қийналишмасин, деб илмли қилибману, бир кун келиб уларнинг тузогида ўлжа бўлиб қолишимни ўйламаган эканман", деб афсус чекади. Холмуродов ўзининг энг бёбаҳо асари бўлмиш "Яраланган оққуш ноласи" асарини қолдириб кетиш учун муносиб меросхўр тополмайди. Каттагина бойлик ҳисобланган бу асар уйнинг тўрида турсада, фарзандлари ҳазина ахтаришади. Аслида ҳақиқий ҳазина мана шу асар эканлигини кўришолмайди. Уларнинг кўзлари кўр, сўқир бўлиб қолганлиги мана шу саҳналарда намоён бўлади. "Яраланган оққуш ноласи" асарини Холмуродов шогирдига, оғир дамда елкадош бўлган инсонга беради. Фарзандлари эса уни арзимаган нарса ҳисоблаб, ҳақиқий ҳазинани ахтариш билан овора бўлишади. Драма сўнггида, Холмуродов оламдан ўтиб кетгандан кейин эса "Яраланган оққуш ноласи" асари жуда катта пулга баҳоланиши бутун оилани лол қолдиради. Фарзандлар ҳазинага эга бўлиш учун хатто Холмуродовни руҳий ҳасталиклар шифохонасига ҳам ётқизишади. Ҳаётининг сўнгги дамларида у фарандлари тимсолида ўзининг келажагини ярата олмаганлигини, аксинча, фарзандларини бойлик, мансаб учун ҳамма нарсага шай инсонлар қабилида тарбияланганлиги маълум бўлади. Хатто таъзия маросимидан ҳам ўзларига обрў орттириш мақсадида форйдаланишга уринадиган фарзандларни кўрганимизда уларга ачинамиз.