«Фауст», Ш.Гуно

«Фауст», Ш.Гуно

Тўрт пардали (саккиз кўринишли), прологли опера.

Бастакор Ш. Гуно.

И.В. Гётенинг шу номли трагедияси биринчи қисми сюжетига Ж. Барбье ва М. Каре либреттоси

Илк намойиш 1859 йил 19 мартда Парижда бўлиб ўтган.

Воқеа ўрта асрларда Германияда бўлиб ўтади.

Доктор Фауст бутун умр дунёнинг яралиши сирларини ўрганишга астойдил ҳаракат қилди, бироқ инсон тафаккури, илм-фаннинг беҳудалик эканлигини англагач, ҳаёт билан видолашишга қарор берди. Заҳар солинган қадаҳ унинг қўлида қалтирайди. У ер, орзу-умидлар ва билимга чанқоқликка лаънатлар ўқиб, ёвуз руҳга мурожаат қилади, Яратгандан ҳам норози у... Қариянинг қаршисида Иблис пайдо бўлади. Шайтони Лаъин қарияга бойлик, шон-шуҳрат, ҳокимият таклиф қилади. Фаустни фақат бир нарса – ёшлик қизиқтиради. Маргаританинг ажойиб тимсолига кўнгли суст кетган қария Иблис билан битим тузади ва ёшлигини қайтариш эвазига унга ўзининг қалбини сотади.

Мўъжазгина немис шаҳарчаси майдони. Маргаританинг акаси Валентин урушга кетади, севимли синглиси эса ёлғиз қолади. Иблис пайдо бўлади, ёвузлик ва заҳарханда билан “бутун инсоният”ни ғам-ғусса ва қон тўкишга дучор қилувчи қудратли олтиннинг устидан кулади. Бора-бора ҳамма тушунади – уларнинг рўпарасида турган – Иблиснинг ўзи. Қиличларининг хочсимон тутқичларини юқори кўтарганча улар Иблисни қувиб соладилар.

Фауст Маргарита билан учрашувни бетоқатлик билан кутади. У мафтун бўлган ва айни пайтда ғамгин: соҳибжамол уни рад этди. Иблис Фаустга қизнинг кўнглини забт этишда ёрдам беришни ваъда қилади.

Фауст ва Иблис боғдалар. Улар Зибелнинг дил розини эшитиб ва Маргаритага аталган гулдастани кўриб турибдилар. Фаустнинг юрагини рашк ўти эгаллайди. Бироқ Иблис ҳамроҳига муваффақият қозонишини ваъда қилади. У аниқ ишонади: Фаустнинг ажойиб совғалари ёш ва гўзал қизни ром этиши аниқ.

Маргарита нотаниш йигит билан бўлажак учрашувдан ҳаяжонда. Уйи олдида у Зибелнинг гулдастасига кўзи тушади, ёнида эса Иблиснинг сирли қутичаси турарди. Нафс олдида дош беролмаган қиз зеб-зийнатларни тақиб кўради. Маргаританинг боғига унинг қўшниси Марта кириб келади. Иблис Мартага ёмон хабар келтирди: унинг эри вафот этди. Енгилтак аёл унга жуфт бўлишга тайёр эканлигига шаъма қилади. Ёлғиз қолган Фауст ва Маргарита сеҳр кучи остида ожиз қоладилар.

Ибодатхонада Маргарита тоат-ибодат билан ўз айбларини енгиллаштиришга ҳаракат қилади. Бироқ бунга жавобан Иблиснинг қўрқинчли жавобини эшитади: «Осмондан тушдинг ва дўзахга қувиласан!», буни эшитган қиз ҳушсиз йиқилади.

Валентин урушдан қайтади. У севимли синглиси ҳузурига ошиқади ва Фауст уларнинг уйига уят ва шармандалик олиб келганидан хабар топади. Валентин ва Фауст яккама-якка олишувга киришадилар. Иблиснинг муҳофазасидаги Фауст Валентинга шпага билан ҳалокатли зарба беради. Валентин Маргаритани дуоибад қилади ва унга шармандали ўлимни башорат этади.

Маргарита ақлдан озди: тушкунлик соатларида у янги туғилган чақалоғини нобуд қилди. Жинни жиноятчи деб топилди ва қамоққа солинди. Уни қатл кутмоқда. Фауст билан қочишдан бўйин товлаган Маргарита вафот этади. Бироқ унинг ўлими билан Фаустнинг ёшлиги ҳам якунланади. Шартномага биноан аввалги доктор Фауст Иблис ортидан эргашади.

Тоғдаги кишибилмас жой. Вальпургий тунида, яъни 30 апрелдан 1 майга ўтар кечаси Иблис Фаустни бу ерга келтиради. Уни гўзал жодугарлар, вакхан аёллар, сатирлар, нимфалар ўраб олишади. Иблисона жинлар базми бошланиб кетади.